Соғлом ҳаёт | 17:35 / 13.12.2025
15275
9 дақиқада ўқилади

Тошкентда рецептсиз дори сотиш тўхтади. Дорихоналарда вазият қандай?

10 декабрдан пойтахт ҳамда Ўзбекистоннинг яна 15 та туман ва шаҳарида дорилар электрон рецепт асосида берилиши йўлга қўйилди. Эндиликда юртдошларимиз маълум тоифадаги дориларни шифокор берадиган электрон имзо ёки QR-код туширилган рецептсиз ололмайди. Хўш, жорий янгиликни одамлар қандай қабул қилишяпти? Kun.uz дорихоначилар ва мижозлар фикрини ўрганишга уринди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори билан дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш паспортига ўзгартиш киритилди.

Унга кўра, 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳамда 15 та туман (шаҳар) ҳудудидаги дорихоналар “Электрон рецепт” модули орқали ишлаши шарт деб белгиланди.

Содда қилиб тушунтирилса, эндиликда айрим дорилар шифокорнинг электрон рецептисиз берилмайди. Бемор аввалига оилавий поликлиникада бириктирилган шифокорига мурожаат қилади. Шифокор унга дори ёзиб, рецептини ДМEД номли тиббий ахборот тизимига киритади.

Махсус рецептда электрон имзо ёки QR-код кўрсатилади. Дорихоначилар уни сканер қилиш орқали тизимдан маҳсулот номини кўриши, шу асосда мижозга сотиши мумкин.

“ДМEД олиб келинг десак, бақир-чақир қилиб кетяпти”

Kun.uz билан суҳбатда бўлган сотувчилардан бирининг билдиришича, мижозларнинг жуда камчилиги рецепт билан келишяпти, аксарияти янгиликдан бехабар. Аммо “аптека”чилар анча аввал огоҳлантирилгани, тизимга мослангани айтилмоқда. 

“ДМEД [тиббий ахборот тизими]ни ҳар биттамизга тушунтириб, компютердан кўрсатиб, ўргатиб кетишди. Асосан фақат ДМEД рецепт билан берилади деб айтишди. Чет элда шунақа-ку, ўша тизим бизга кириб келган. Бир томондан яхши, лекин оғир касаллар бўлса, бирданига ёш болалилар бор, “беринг тез”, деб айтяпти, лекин [рецепти] оддий қоғозда. Ўшанга ҳам беришимизга ҳаққимиз йўқ экан.

ДМEД олиб келинг десак, бақир-чақир қилиб кетяпти. “Болам иситмалаган, мен ҳозир яна поликлиникага бораманми? Боламнинг судороги тутиб қоладими?” деб бақириб кетишяпти. Бугуннинг ўзида нечта одамдан шу масалада гап эшитдик”, – дейди фармацевт.

Яна бир сотувчига кўра, ходимлар рецептсиз келганлар шифокорига етказиб, рецепт олиши учун оқ қоғозга “ДМEД чек билан берар экансиз” деб ёзиб юборишмоқда. Аммо мижозлар буни тушунишни истамаётгани таъкидланди.

“Нимага энди? Мен ҳар доим олиб юрганман? Майли, битта бериб юборавер”, деб оддий қарашяпти-да. Лекин бу ерда қонунбузарлик бўлиб қолади. Кетидан жарима солинадиган бўлса, мижозни ҳеч ким қидириб топмайди. У ерда менинг фамилиям турган бўлади. Бориб шифокорга ва менга шикоят келади деб тушунтиряпмиз.

Орада тушунгани бор, лекин тушунмагани жуда кўп. Бунинг [рецептнинг] яхши томонлари ҳам, ёмон томонлари ҳам бор. Қийинчилиги кўпроқ. Қилиш керак. Қанақаларига? Жуда қийин гормонал, антибиотик дориларга қилиш керак, тўғри. Лекин оддий аҳоли, ҳозир шамоллаш мавсумида, иккита келин келяпти, боласи касал, 4-5 ёш оралиғида. У ерда ёзиляпти Амоксиклав суспензияси, “упаковка”сида аллақачон “рецепт бўйича” деб ёзилган. Уларга ДМEД-чек берилмаган, рецепт берилмаган. Уларга оддий қоғозда ручкада ёзилган рецепт берилган. Одам оқимини мана, кўряпсиз-ку. Шунақа мижозлар ҳисобига атиги иккитагина ДМEД билан биз ўтирсак, унда биз дори сота олмасак, оёқ-қўлимиз боғланиб, [нима қиламиз?]” – деди у.

Қўшимча қилинишича, дорихоналар асосан БАД маҳсулотлари ҳамда ярим дори воситалари: болалар ёғи, совун кабиларни сота оляпти холос.

“Пенсионер бўлсам, шу дорини ҳам ололмаймизми энди?”

Мухбир билан гаплашган мижозлардан бирига кўра, айни янгилик оғир ва фавқулодда ёрдамга муҳтож беморлар, қолаверса, ёш бола ва қарияларга катта муаммо туғдиради. Шу сабаб ташаббус кўпчилик томонидан ёмон қабул қилинаётгани қайд этилди.

“Чунки ҳеч ким тайёр эмас. Масалан, мен ўзим, қўшним бор: ёшлари катта буви. Менга рецепт ёзиб берардилар, “мана шу, мана шу дорини олиб келиб бергин”, деб. Уйдан чиқа олмайдиган аҳволдаги одам. Мен олардим, аптекадан олиб, пулини айтиб, олиб борардим. Энди ҳозир улар қанақа кўчага чиқаман, деб хавотирда ўйлаб ўтирибди. Пенсияларини кутиб ўтиришарди. Ҳар пенсия тушганда дориларини олиб келиб берардим.

Унақа одамлар нима қилади? Майли, биз ёшмиз, мисол учун, поликлиникага бориб, яна навбатда ўтириб, битта дорини ёздиришимиз мумкин. Болангизнинг иссиғи чиқаётган бўлиши мумкин, тўғрими? Ёки кеча аптекада юрибмиз, битта бола бўғилиб қолган, астма, дексаметазон уриш керак. Чопиб она кирди, “тез дексаметазон беринг, болам бўғиляпти, лорингит”. Аптека рецепт сўраяпти. Биринчи ёрдамни қаердан кўрсатади, ярим соатда тез ёрдам келса?” – деди у.

“Мен ўзим кардиопрепаратни доимий ичишим керак. Бу дегани, мен битта дори учун ҳар ой шифокорга бораман, ҳар ой 30 кунлик рецепт олишим керак. Ахир кардиолог менга бир вақтлар бу дорини умр бўйи ичишим кераклигини айтган. Энди эса мен қон суюлтирувчи дорини ичмаяпман, лекин инфаркт ўтказганлар, инсулт ўтказганлар [электрон рецептни бориб] ололмайди. Масалан, менда бир қўшни бор, у ҳам доимий равишда қон суюлтирувчи дорини ичиши керак. Ололмайди. Ўзи зўрға юрибди. Қанақа қилиб у бориб рецепт олиб келади?

Ҳатто “физраствор”ни ҳам рўйхатларга киритишди. Бу абсурд-ку. “Физраствор” ҳар қандай вақтда керак бўлади. Ҳатто, бурунни чайиш учун ҳам, бутунлай соғлом одам ҳам у билан бурнини ювади”, – дейди яна бир интервю берганлардан бири.

Бошқа мижоз эса дорихонага кирган вақтида янгиликни билганини, поликлиникага борганда эса унга рецепт ёзиши мумкин бўлган шифокор топилмаганини айтди.

“Бу қанақа қилиқ энди, нима қилишимиз керак? Ман пенсионер бўлсам, 3 миллион сўм пенсия олсак, шу дорини ҳам ололмаймизми энди? Мана, ҳозир шифокорга, поликлиникага, аптекага келиб шуни эшитдим. “Йўқ, рецептсиз бермаймиз”, дейишди. Аскорбинка олмоқчи эдим, “рецептсиз бермаймиз”, дейишди. Кальций глюконат олмоқчи эдим, “рецептсиз бермаймиз”, дейишди. Аввал уни охиригача ишлаб чиқиш, ҳамма нарсани шифокорлар, одамлар, дастур билан бирга ўрганиб чиқиш керак, кейин уни жорий қилиш керак”, – дейди у.

“Тизимни жуда тўлиқ, мукаммал шакллантириб олиш керак эди”

Яна бир дорихонада ишловчига кўра, кун давомида у ишлаётган жойга 3 та электрон рецепт билан келишган.

“Уни ҳам ўша берилган махсус маркировкаси иккита дорига битта маркировка берилган. Жуда камчиликлар кўп. Бир кунда битта дорихонага 200 та одам кириб чиқадиган бўлса, ўшандан учтасига рецепт берилган, қолгани рецептсиз. Ёки эсидан чиқиб юрган дориларни олишга мажбур. Ҳозир дорихоначилар қанақа иш тутиши керак ёки беморлар қанақа иш тутиши керак?

Олдин тизимни жуда тўлиқ, мукаммал шакллантириб олиш керак эди. Дорихоналарда ҳам ДМEД система ҳали чала ишлаяпти. Ўргатиш ишлари жуда кам олиб борилган. Келган, ДМEД қўйган, кетган. Менимча, бу нарсага ҳали вақт керак эди. Ва булар дорихонага аллақачон жарима қўлламоқчи бўляпти, ҳали ривожланмаган системага. Ривожланмаган нарса учун ҳали жавобгарликка тортишга аллақачон тайёр турибди”, – дейди у.

Кўплаб респондентлар рецептсиз берилмайдиган дорилар рўйхати қайта кўриб чиқилишини сўрашмоқда. Уларнинг фикрича, антибиотик, гормонал, психотроп дори воситалари рецепт асосида берилгани тўғри, аммо кундалик ҳаётда ҳам доимий фойдаланиб келинаётганлари бўйича қайта ўйлаб кўрилиши керак.

Ҳукумат қарорига кўра, амалиёт 2026 йил охирига келиб барча тиббиёт муассасалари ва дорихоналарга татбиқ қилинади. Эслатиб ўтамиз, рецептсиз бериладиган ва берилмайдиган дорилар рўйхати эълон қилинган.

Мавзуга оид