Ўзбекистон | 15:58 / 20.11.2025
11045
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Урбанизация қўмитаси тузилди. Унга Шерзод Қудбиев раҳбарлик қилади

Президент фармони билан, Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. Қўмитага шу вақтга қадар Солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Шерзод Давлатович Қудбиев раис этиб тайинланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Урбанизация қўмитаси тизимига ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. Бу ҳақда президент фармони эълон қилинди.

Урбанизация қўмитасига Шерзод Давлатович Қудбиев раис этиб тайинланди. У 2020 йил май ойидан 2022 йил охиригача Солиқ қўмитасини бошқарган, 2023 йилда саккиз ой иқтисодиёт ва молия вазири сифатида ишлаб, ўша йил августида Солиқ қўмитаси раиси лавозимига қайтарилган эди.

Урбанизация қўмитаси – урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Қўмита ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси билан узвий ҳамкорликда ташкил этади ва амалга оширади. Бунда Вазирлар Маҳкамаси урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека дастурларини ҳамда самарали давлат уй-жой сиёсатини амалга оширишда Урбанизация қўмитасига ҳар томонлама кўмаклашади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Урбанизация қўмитаси тизимига ўтказилди.

Қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Урбанизация қўмитаси билан мажбурий келишилиши шарт деб белгиланди:

  • уй-жойлар қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари;
  • Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар марказлари ва бошқа агломерацияларда уй-жой ҳамда нотурар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш;
  • “Янги Ўзбекистон” массивларида ва бошқа массивларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш;
  • комплекс қурилиш лойиҳалари амалга ошириладиган ва “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриладиган ҳудудларни белгилаш.

Қуйидагилар Урбанизация қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;
  • самарали ва барқарор уй-жой сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • реновация дастурларини самарали амалга оширишни таъминлаш;
  • “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ишларини мувофиқлаштириш, шу жумладан, ҳудудларни танлашда қонунчилик билан белгиланган мезонлар ва урбанизация тамойилларига риоя этилишини таъминлаш.

Урбанизация қўмитаси бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 50 та штат бирлигидан иборат бўлади.

Қўмита лойиҳавий бошқарув тамойили асосида ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий мутахассис ва экспертларни, шу жумладан, олимлар, илмий изланувчилар ва тадқиқотчиларни тўғридан тўғри шартномалар асосида жалб қилиши (ишга олиши) мумкин.

Қўмита Тошкент шаҳри, Зулфияхоним кўчаси, 1а-уйда жойлашган маъмурий бинога оператив бошқариш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид