Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Қачон ишлашни бошлайсизлар!». Малала Юсуфзой БМТ аъзоларига уларнинг ваъдалари ҳақида эслатди
Фото: Getty Images
«Мен бир нарсани билмоқчиман: қачон ишлашни бошлайсизлар?» - покистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Малала Юсуфзой жума куни Барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинганлигининг беш йиллигига бағишланган тадбирда БМТга аъзо давлатларга шундай савол билан мурожаат қилди. Фаолнинг таъкидлашича, университетни эндигина тугатди. У дунё давлатлари раҳбарларига беш йил олдин барчани таълим билан қамраб олиш ҳақидаги ваъдаларни эслатди, дея хабар беради БМТ Янгиликлар маркази.
«БМТга аъзо давлатлар Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилганидан бери беш йил ўтди. Ушбу мақсадлар миллионлаб одамларнинг, мактабга боришни истаган қизларнинг, тенгликни қўллаб-қувватлаётган аёлларнинг, тоза ҳаво ва хавфсиз сайёра учун курашаётган ёшларнинг келажагини белгилайди. Ҳозирча ваъдаларингизни бажармадингиз», - деди БМТнинг Тинчлик элчиси ва Нобел мукофоти совриндори Малала Юсуфзой.
Барқарор ривожланиш мақсадлари инсониятнинг 17та мақсади бўлиб, унга эришиш дунёни янада яхши ҳолатга келтиради. Улар орасида қашшоқлик ва очликни йўқотиш, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан умумий фойдаланиш имкониятини таъминлаш, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш ва гендер тенглигига эришиш бор.
2015 йилда БМТ Бош ассамблеясида мамлакатлар 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилди, яъни йўлнинг учдан бир қисми ортда қолди. 2020 йил, БМТда таъкидланганидек, халқаро ҳамжамият олдида турган вазифаларни бажариш учун ҳал қилувчи ҳаракатлар ўн йиллигига старт беради.
Малала Юсуфзойнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси кўплаб ривожланиш мақсадларига эришиш учун катта тўсиққа айланди.
«Агар биз фақат таълим соҳаси ҳақида гапирадиган бўлсак, бу инқироз тугагунига қадар 20 миллион қиз дарсларга қайтмаслиги мумкин. Глобал таълим учун ажратиладиган маблағ дефицити 200 миллиард долларни ташкил этяпти», - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Унинг сўзларига кўра, «вирус пайдо бўлишидан олдин ҳам тенгсизлик кучайиб борган».
«Пандемия - бу тўсиқ, лекин баҳона эмас», - дея маълум қилди Малала Юсуфзой. У дунё давлатлари раҳбарларини ваъдаларни бажаришга ва «янги давр» - адолат даврини бошлаб беришга чақирди.
Тадбирда сўзга чиққан БМТ бош котиби Антониу Гутерриш «миллионлаб муҳтожлар глобаллашув ва иқтисодий ўсишдан ҳеч қандай фойда кўрмагани»ни айтиб ўтди.
«Пандемия таназзулга олиб келди - сўнгги ўн йилликлардаги энг ёмонига. Аҳолининг энг заиф қатлами учун унинг оқибатлари жуда даҳшатли бўлди, - дея қўшимча қилди у. - Кейинги бир неча ой ва йил давомида қабул қилинадиган қарорлар бизнинг дунё 2030 йилда қандай бўлишига жуда катта таъсир кўрсатади».
Унинг таъкидлашича, Барқарор ривожланиш мақсадлари - пандемия ва унинг натижасида юзага келадиган ижтимоий-иқтисодий инқироздан қутулиш бўйича тайёр ҳаракатлар режаси. Шу билан бирга, у сиёсий ироданинг етишмаслиги ва шунинг учун дунё давлатлари раҳбарлари қатъий чоралар кўрмаётганини билдирди.
«Келинг, келгуси ўн йилликни ўн йиллик ҳаракатлар, ўн йиллик қатъият, ўн йиллик ўзгаришлар, умид ва тинчлик ўн йиллигига айлантирайлик», - дея хулоса қилди БМТ раҳбари.
Малала Юсуфзой 2014 йилда қизларнинг таълим ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун Нобел мукофотига сазовор бўлди.
Мавзуга оид
08:22 / 26.05.2026
БМТ статистикаси: қайси давлатларда ўлим даражаси юқори?
08:25 / 25.05.2026
Экспертлар: БМТ тинчликпарварлик тизими хавф остида
20:09 / 21.05.2026
БМТ Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон тайёрлаган резолюцияни қабул қилди
08:50 / 20.05.2026