Жаҳон | 08:25
436
2 дақиқада ўқилади

Экспертлар: БМТ тинчликпарварлик тизими хавф остида

Стокҳольм халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш институти (SIPRI) маълумотига кўра, 2025 йил якунига келиб дунё бўйлаб фаолият юритаётган халқаро тинчликпарвар кучлар сони сўнгги 25 йилдаги энг паст кўрсаткични қайд этди.

Фото: REUTERS

Тадқиқотда айтилишича, бу ҳолат геосиёсий зиддиятлар, сиёсий босим ва молиялаштиришдаги инқироз билан боғлиқ. 2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, дунёдаги тинчликпарварлик операцияларида 78 633 нафар халқаро ходим иштирок этган. Бу 2016 йилга нисбатан 49 фоизга кам ва 2000 йилдан буён энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

SIPRI экспертларига кўра, тинчликпарвар кучлар сонининг қисқариши сўнгги ўн йил давомида кузатилмоқда. Айниқса, 2025 йилдаги йиллик қисқариш 17 фоизни ташкил этиб, энг катта пасайиш сифатида баҳоланган.

Институт мутахассислари БМТнинг можароларни халқаро даражада тартибга солишдаги аҳамияти сусайиб бораётганини таъкидламоқда. Уларга кўра, агар бу тенденция давом этса, дунёдаги можаролар сони ортиб, тинч аҳоли учун янада оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб 58 та халқаро тинчликпарварлик операцияси амалга оширилган. Уларнинг аксарияти Африка қитъасида жойлашган давлатларга тўғри келган.

SIPRI БМТ тинчликпарвар операциялари молиявий қийинчиликларга дуч келаётганини ҳам қайд этган. Айрим йирик донор давлатлар ўз бадалларини тўлиқ ёки ўз вақтида тўламагани сабабли, 2025 йил июль ойида БМТ тинчликпарвар миссиялари бюджети 2 млрд доллар камомад билан тўқнаш келган.

Шу билан бирга, БМТ Хавфсизлик кенгашидаги доимий аъзолар ўртасидаги сиёсий келишмовчиликлар ҳам тинчликпарвар миссиялар мандатини узайтириш жараёнини мураккаблаштирмоқда.

Экспертлар фикрича, ҳозирча БМТ тинчликпарвар операцияларига тўлиқ муқобил механизм мавжуд эмас ва халқаро ҳамжамият ушбу тизимни сақлаб қолиш учун барқарор молиялаштиришни таъминлаши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид