Бўкада терговга жалб этилган фуқаро касалхонада вафот этди
Жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган. Қатор раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Жорий йилнинг 4 июн куни Ички ишлар вазирлиги Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июн куни терговга жалб этилган Юқори Чирчиқ туманида яшаган, 1987 йилда туғилган фуқаро ҳимоячиси иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.
ИИВ хабарига кўра, гумонланувчи соат 19:00 да ЖПКнинг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган. Шу куни соат 23:30 да гумонланувчининг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирининг ўринбосари Я.Абдулҳақов, ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб вазият ўрганилди, воқеа жойи кўздан кечирилиб, ишга алоқадор ходимларнинг кўрсатмалари олинди, дейилади расмий маълумотда.
Аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22:00 да гумонланувчи Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган. Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра фуқаронинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган.
Холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бобохонов, унинг биринчи ўринбосари В.Худойқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Очилов, шунингдек, навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Бундан ташқари, мазкур салбий ҳолатга алоқадор бўлган тезкор ходимлар ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.
Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
“Қонунчиликка мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларининг қонунбузарлик хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш прокуратура органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олган ҳолда барча материаллар прокуратура органларига тўлиқ тақдим этилади ва ҳолатга холисона баҳо бериш мақсадида улар билан яқиндан ҳамкорлик қилинади.
Ҳозирда ишга алоқадор тезкор ходимлар ўз жиноий қилмишларини рад этаётган бўлсалар-да, марҳум танасида тан жароҳатлари борлигини ҳисобга олиб прокуратура томонидан қўшимча гистологик (ички органлар ва тўқималардаги жароҳат вақти ва даражасини аниқлаш бўйича) экспертизаси тайинланган. Мазкур экспертиза маълум муддат талаб қилади ва унинг хулосаси ва тўпланган далиллар бўйича ходимларнинг жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади”, дейилади ИИВ баёнотида.
Мавзуга оид
17:29 / 21.11.2024
Бўкада 20 ёшли ҳомиладор аёл операция вақтида вафот этди
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024