Ўзбекистон | 10:16 / 09.10.2021
4017
3 дақиқада ўқилади

Давлат муассасасига бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсатувчи ва тартибга солувчи функцияларни бажариш тақиқлаб қўйилади

Президентнинг “Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат мулкининг зарур даражада ҳисобга олинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг тенг рақобат муҳитини яратиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган қуйидаги таклифлари маъқулланади:

давлат муассасасига бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсатувчи ва тартибга солувчи функцияларни бажаришни тақиқлаш;

бозор тамойиллари асосида фаолият кўрсатаётган давлат муассасаларининг фаолиятнинг лицензияланадиган тури билан тегишли лицензияни олмасдан шуғулланиш ҳуқуқини босқичма-босқич бекор қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат муассасалари бундан мустасно.

Адлия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар мазкур бандда белгиланган таклифларни амалга оширишни назарда тутувчи тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон бош вазири ҳар бир давлат муассасаларини хатловдан ўтказган ҳолда уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари қонунчилик ҳужжатларига мослигини ҳамда фаолиятини ўрганиб чиқиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралардан иборат ишчи гуруҳларни тузади.

Ишчи гуруҳлар 2022 йил 1 мартга қадар давлат муассасаларини босқичма-босқич тугатиш ёки хусусий секторга сотиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Бунда:

  • 2022 йил 1 февралдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ноширлик фаолияти бўйича хизматлар кўрсатувчи давлат муассасалари ва корхоналарининг функцияларини хусусий секторга ўтказиш;
  • давлат муассасаларнинг хизмат кўрсатувчи ва тартибга солувчи функцияларини ажратган ҳолда, фақат бошқарув, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки тижоратчиликдан иборат бўлмаган бошқа вазифаларни амалга оширадиган давлат муассасаларини сақлаб қолиш, хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат мавжуд соҳаларда фаолият юритаётган давлат муассасаларини ва уларга тегишли носоҳавий активларни хусусийлаштириш ёки тугатиш назарда тутилади.

Мавзуга оид