Ўзбекистон | 12:11 / 13.11.2023
44668
7 дақиқада ўқилади

“Сеҳргар” судя: Аҳмадбойдан мусодара қилинган мулк билан боғлиқ ишда судя замондан илгарилаб кетди

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судяси Икромжон Қурбанбаев 2023 йил 13 октябр куни бўлиб ўтган суд иши ажримини бир кун олдин, 12 октябр куни тайёрлаб, имзолаб қўйгани маълум бўлди. Судянинг ушбу ҳаракати юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши белгиланган.

Kun.uz олдинроқ Олий суд кассация инстанцияси Аҳмадбой номи билан машҳур фирибгарлик ишига оид ҳукмга қисман ўзгартириш киритгани, бу Аҳмадбойдан давлат эгалигига ўтказилиб, аукционда сотилган мулк билан боғлиқлиги ҳақида маълум қилганди.

Мақола чоп этилгандан сўнг Олий суд фуқаро Б.Қ.нинг мурожаати белгиланган тартибда ўрганилаётгани, ундаги важлар ва мақолада кўтарилган масалаларга ўрганиш якунига етгач, ҳуқуқий баҳо берилишини билдирганди.

Мазкур иш чигаллашишда давом этмоқда.

Низоли уй тарихи

2015 йилнинг август ойида фуқаро Н.Т. Олмазор тумани, Форобий кўчасидаги кўп қаватли уйда жойлашган квартирасини сотмоқчи бўлади. Таниши унга уйини сотиб олиш учун мижоз топиб беришини айтади. “Маклер” мазкур хонадонни 90 минг АҚШ доллари эвазига Аҳмадбойга сотади ва уй эгаси Н.Т. иштирокида нотариал тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади.

Аммо “маклер” Аҳмадбойдан маълум муддатга бўлиб-бўлиб олган 90 минг долларни уй эгасига бермасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Ушбу хонадон 2019 йилда суд ҳукми билан Аҳмадбойнинг бошқа мулклари қатори давлат эгалигига ўтказилган ҳамда аукцион савдоларига чиқарилган. Қарийб 2 йил давомида хонадон бир неча маротаба аукционга қўйилган, лекин сотилмаган.

Фуқаро Б.Қ. 2022 йил 27 апрел куни ўтган такрорий онлайн аукцион ғолиби бўлади ва уйнинг пулини тўлиқ тўлаб, мулкни ўз номига ҳужжатлаштириб олади. Бироқ мулк эгаси сифатида сотиб олган уйига бориб яшайолмайди. Сабаби, хонадонда уйни 2015 йилда Аҳмадбойга сотган Н.Т. истиқомат қилиб келмоқда. Янги эга хонадонни бўшатиб беришни сўрайди, аммо собиқ эга уйни ўз ихтиёри билан бўшатишдан бош тортади.

Копток қилиб тепилган” иш

Н.Т. уйдан чиқмагач, Б.Қ. аёлни мажбурий тартибда чиқариш учун судга мурожаат қилган. Ишни 2022 йилнинг 22 август куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди кўриб чиқади. Суд даъво аризани қаноатлантириб, Н.Т.ни Олмазор тумани, Форобий кўчаси 12-уй 5-хонадондан мажбурий тартибда кўчириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.

Кейинчалик апелляция ва кассация тартибида кўрилган судлар ҳам биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирган. Бу орада Н.Т. уйдан кўчиришни тўхтатишни сўраб судга қилган мурожаатлари рад қилинган.

Бироқ Олий суднинг 2022 йил 31 октябрдаги ажрими билан суд қарорларининг ижроси, яъни Н.Т.ни мажбурий тартибда уйдан чиқариб юбориш тўхтатилади. 2022 йил 29 декабрда суд қарорларининг ижросини тўхтатиш ҳақидаги кўрсатма бекор қилинади.

2023 йилнинг 12 январ куни Олий суд раиси ўринбосари Ҳ.Тўрахўжаевнинг кўрсатмаси билан Н.Т.ни уйдан мажбурий тартибда кўчириш иккинчи бор тўхтатилади. 25 февралда ижро ҳаракатларини давом эттиришга рухсат берилади.

Олий суд раиси ўринбосари 2023 йилнинг 3 март куни суд қарорлари ижросини тўхтатиш ҳақида яна кўрсатма беради. 13 апрелга келиб ижро ҳаракатлари қайта тикланади.

2023 йилнинг 20 апрел куни Н.Т.ни уйдан мажбурий тартибда кўчириш Олий суд раиси ўринбосарининг кўрсатмаси билан тўртинчи бор тўхтатилади. Орадан кўп ўтмай эса ижро ҳаракатлари қайта тикланади.

2023  йил 14 июл куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Н.Т.нинг суд қарори ижросини кечиктириш ҳақидаги аризасини кўриб чиқади. Суд ижро ҳаракатларини 2023 йил 14 август кунига қадар кечиктириш ҳақида ажрим чиқаради.

Эртани “кўра оладиган” судя

Н.Т.нинг уйдан мажбурий кўчирилиши 2023 йил 14 август кунига қадар кечиктирилганди. Айни шу куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди ажрим чиқариб, Н.Т.ни квартирадан мажбурий кўчириш ҳақидаги суд қарори ижросини тўхтатади. Бунга сабаб сифатида 2015 йилдаги олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ фуқаролик иши янги очилган ҳолатлар бўйича иш юритувига қайта тикланганлиги кўрсатилган.

2023 йил 22 сентябр куни Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни қайта кўриб чиқиб, Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2023 йил 14 августдаги ажримини бекор қилган.

Ажримда келтирилишича, олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси суд томонидан кўрилаётганлиги Н.Т.ни уйдан мажбурий кўчириш билан боғлиқ суд қарори ижросини тўхтатиб туришга асос бўлолмайди. Бу “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун талабларига зид.

2023 йил 13 октябр куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Н.Т.нинг аризаси асосида ишни яна кўради.

Мазкур суд 13 октябр кунига белгиланган эди. Даъвогарнинг судни бошқа кунга кўчириш ҳақидаги ёзма аризасига қарамасдан, суд 13 октябр куни Б.Қ.нинг иштирокисиз ўтказилган.

Судя Икромжон Қурбанбаев Н.Т.ни уйдан мажбурий кўчириш ҳақидаги суд қарори олди-сотди шартномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича кўрилаётган фуқаролик ишида қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилиши ҳақида ажрим чиқарган.

Аммо суд ажримидаги QR код сканер қилиб кўрилса, мазкур ҳужжат бир кун олдин, яъни 12 октябр куни имзоланганлиги маълум бўлади. Судя Икромжон Қурбанбаев негадир бироз “замондан илгарилаб кетиб”, ҳали бўлмаган суд иши учун бир кун олдин ажрим имзолаган.

Бундан ҳам қизиғи, мазкур суд иши фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди томонидан 13 октябр куни кўриб чиқилиши белгиланган фуқаролик ишлари рўйхатида йўқ.

Ҳозирда Судялар олий кенгашига судя Икромжон Қурбанбаевнинг мазкур ҳаракатидан норози бўлиб киритилган мурожаат хизмат текшируви ўтказилиши учун Тошкент шаҳар судлари судялари малака ҳайъатига юборилган.

Аҳмадбойнинг давлат эгалигига ўтказилиб, аукцион орқали сотилган мазкур мулкига доир юқоридаги иш тобора чигаллашиб, қизиқарли тус олмоқда. Kun.uz мавзуни кузатишда давом этади.

Руслан Сабуров,

Kun.uz

Мавзуга оид