Жамият | 15:07 / 26.06.2025
25968
2 дақиқада ўқилади

Косонда 2,5 ёшли бола хусусий боғчада вафот этди

Хусусий боғча раҳбари қизалоқнинг яқинларига у машинада димиқиб вафот этганини айтган. Ҳолатни прокуратура ўрганмоқда.

Фото: Kun.uz 

Қашқадарё вилояти Косон тумани Ушоқтепа маҳалласидаги хусусий боғчада 2,5 ёшли қизалоқ вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳодиса 2025 йил 20 июн куни Лола Ҳақназаровага тегишли хусусий боғчада содир бўлган. 2,5 ёшли Зарина Иззатиллаевани эрталаб Лола Ҳақназарова уйидан боғчага олиб кетган. Кўп ўтмай унинг яқинларига қизалоқнинг тоби бўлмай қолгани ҳақида хабар берилган.

Отаси Россияда эди. Онаси билан поликлиникага бордик. Шифокорлар болада ҳаёт нишони йўқ эди дейишди ва у экпертизага олиб кетилганини айтишди. Уйга бориб кутиб ўтирдик. Кейин хабар бўлгач экспертизадан мурдасини олиб келдик. Бизга бола машинада қолиб, димланиб ўлган дейишди. Бизни ҳозирча ҳеч ким ҳеч қаерга чақиргани йўқ”, дейди Kun.uz’га қизалоқнинг бувиси.

Бувининг қўшимча қилишича, болаларни боғча раҳбари Лола Ҳақназарованинг ўзи ҳар куни Spark машинасида уйдан боғчага, боғчадан уйга ташиган. Ўша куни ҳам Заринани боғчага у машинада олиб кетган. Қизнинг бувисига кўра, ўша пайтда машинада 7-8 нафар бола бўлган.

Боланинг айнан нимадан вафот этгани ҳозирча маълум эмас. Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган Ушоқтепа маҳалласи раиси ҳолатни тасдиқлаб, ҳозирда ишни прокуратура ўрганаётганини маълум қилди. Раиснинг айтишича, қизалоқнинг вафотидан сўнг хусусий боғча фаолияти тўхтатилган.

Олдинроқ Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги хусусий боғчада 2 ёшли қиз ариққа чўкиб ҳалок бўлганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид