Ўзбекистон | 09:46 / 25.12.2020
5688
4 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти ҳудудларида «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ва «Туризм овули» ташкил этилади

Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2022 йилларда Бухоро вилоятида туризм соҳасини қўшимча комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Бухоро вилоятининг туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларида “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ва “Туризм овули” ташкил этилади.

Вилоятдаги бўш турган, таъмирталаб бўлган маданий мерос объектлари белгиланган тартибда туризм, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш мақсадида инвестиция киритиш шарти билан тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага берилади.

Бухоро вилоятининг туризм маршрутига кирган маданий мерос объектлари ва ёдгорликларига олиб борувчи йўлларга йўл кўрсаткичи белгилари ўрнатилади.

Бухоро – Навоий, Бухоро – Қашқадарё, Бухоро – Хоразм М–37 ва А–380 халқаро автомагистраль йўллари бўйида жойлашган бўш ер участкалари йўлбўйи туризм инфратузилмаси, хусусан кемпинг, мотел, хостел ҳамда ҳунармандлар марказлари, замонавий санитария-гигиена шохобчалари ташкил қилиш шарти билан “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукционга чиқарилади.

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар, шу жумладан буфер зоналардан ташқари, Бухоро шаҳрида меҳмонхоналар қуриш учун жисмоний ва юридик шахсларга “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этиладиган ер участкалари бўйича қуйидаги инвестиция мажбуриятлари юкланади:

  • майдони 0,06 гектардан 0,15 гектаргача бўлган ер участкасини ажратишда инвесторга 50та хонадан кам бўлмаган меҳмонхона;
  • майдони 0,15 гектардан 0,3 гектаргача бўлган ер участкасини ажратишда 100та хонадан кам бўлмаган меҳмонхона;
  • майдони 0,3 гектардан 0,5 гектаргача бўлган ер участкасини ажратишда 150та хонадан кам бўлмаган меҳмонхона;
  • майдони 0,5 гектардан ва ундан ортиқ майдонга эга ер участкасини ажратишда 200та хонадан кам бўлмаган, 3-5 юлдузли тоифадаги стандартларга мос келадиган меҳмонхона қуриш.

“Bukhara Brilliant Silk Cluster” МЧЖ негизида “Буюк ипак йўли туризми маркази” комплекси асосида пиллачиликнинг ривожланиши тарихи, ипак қуртини парвариш қилиш методикаси, тирик пилла етиштириш, ипак йигириш амалиёти ва пилла хомашёсини чуқур қайта ишлаш, ипакдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнлари бўйича маҳорат дарсларини кўрсатиб берувчи агросаноат ва MICE туризми комплекси лойиҳаларини қамраб олган ипакчилик туризм кластери ташкил этилади.

“Бухоро ихтисослаштирилган жайрон питомниги” 2021-2022 йиллар давомида замонавий туристик объектга айлантирилади. 2021 йилда лойиҳа асосида отда сайр қилиш хизматлари ташкил этилади, музей, конференциялар зали, ташриф буюрувчилар учун бошқа объектлар қурилади ва питомник сим тўсиқлари таъмирланади. 2022 йилда сайёҳлар учун кузатув минораси қурилади, замонавий туризм ахборот марказлари (visitor center) ва питомник бўйлаб саёҳат маршрути ташкил қилинади.

Жондор ихтисослашган ўрмон хўжалиги ҳудудига туташ жойда жойлашган “Варахшо” археологик қалъаси атрофидаги 50,0 гектар ер майдони археологик ёдгорлик ҳудуди ва унинг муҳофаза зонасида Маданий мерос департаменти ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашининг ижобий хулосаси олинмасдан қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бормаслик шарти билан Жондор ихтисослашган ўрмон хўжалиги тасарруфига ўтказилади.

Бухоро тиббиёт институти “Халқ табобати” факультети Пешку туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумига кўчирилади. Бухоро автобекатидан Пешку тумани Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумигача тизимли транспорт қатнови йўлга қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид