Ўзбекистон | 15:42 / 23.12.2021
27085
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги уй-жой нархи энг қиммат шаҳарлар маълум қилинди

Шаҳарлар кесимида уй-жой нархларининг энг баланд қиймати Тошкент (1 кв метр учун 753 доллар), Самарқанд (553 доллар) ва Навоий (418 доллар) шаҳарларида қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистоннинг кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгаришлари таҳлил қилиб чиқилди.

2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 22,5 мингта шартнома тузилган, бу сентябрь ойига нисбатан 4 фоизга (21,6 минг) кўпдир. Мазкур кўрсаткич 2020 йил (14,4 фоиз) ва 2019 йил (40,6 фоиз) ноябрь ойларига нисбатан кескин ўсган.

Oктябрь-ноябрь ойларида талабнинг энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (22,9 фоиз), Наманган (17,3 фоиз), Хоразм (14,3 фоиз) вилоятларида кузатилган бўлса, Андижон (14,1 фоиз), Самарқанд (6,6 фоиз) ва Тошкент (3,7 фоиз) вилоятларида камайиш кузатилган.

Ноябрь ойида октябрь ойига нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,2 фоизга ўсган. Нархларда энг катта ўсиш Тошкент (3,2 фоиз), Самарқанд (3,1 фоиз) ва Хоразм (3,0 фоиз) вилоятларида кузатилган бўлса, Навоий (1,4 фоиз) вилоятида уй-жой нархлари пасайган.

Шаҳарлар кесимида уй-жой нархларининг энг баланд қиймати Тошкент (1 кв метр учун 753 доллар), Самарқанд (553 доллар) ва Навоий (418 доллар) шаҳарларида, нисбатан пастроқ нархлар эса Нукус (277 доллар), Қарши (289 доллар) ва Гулистон (289 доллар) шаҳарларида қайд этилган.

Тошкент шаҳрида ўтган ойга нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,3 фоизга ўсган. Энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (3,5 фоиз) ва Миробод (3,2 фоиз) туманларида кузатилган бўлса, нисбатан пастроқ ўсиш суръати Учтепа (0,1 фоиз), Бектемир (0,7 фоиз) ва Яшнобод (-0,6 фоиз) туманларида кайд этилган.

Мавзуга оид