Жамият | 07:43 / 04.12.2020
18059
8 дақиқада ўқилади

Қуёш ва ёмғир болалари: улар дунёни қандай кўришади?

Имконияти чекланган болаларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш кераклиги ҳақида кўп гапирилади. Аммо жамият улар билан мулоқотга қанчалик тайёр?

Фото: Thinkstock

Улар кўзингизга тик боқишмайди, камдан кам кулишади. Атрофга бефарқдек, лекин уларда катта истеъдодлар яширин. Улар – ёмғир болалари.

Улар жуда меҳрибон, сабрли ва оқкўнгил. Ҳеч қачон ёлғон гапиришмайди, ҳаммани бирдек яхши кўришади. Ўз оламларида яшашади. Улар – қуёш болалари.

Аутизм ва Даун синдроми – руҳий имконияти чекланганликнинг энг кўп учрайдиган шаклларидан бири.

Бундай ташхис қўйилганлар кўпинча ўз оламида яшайди, ўзига хослиги боис жамиятдан узилиб қолади. Аммо яккаланиб қолиш ёки фақатгина ўзига ўхшаганларнинг қуршовида қолиш Даун синдроми ва аутизмнинг янада оғирлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис имконияти чекланганларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ҳақида кўп гапирилади. Лекин жамият уларнинг ҳуқуқлари ва ҳиссиётларига дахл қилмаган ҳолда мулоқотга киришишга тайёрми?

Руҳий имконияти чекланган инсонлар билан мулоқотда унинг нималарни ҳис қилиши, сизни, дунёни қандай кўришини билиш муҳим. Улардаги ғайриодатий ҳаракатларга нима сабаб бўлишини билиш уни тушуниш ва ғамхўрлик қилишда биринчи қадам бўлади.

Ёмғир болалари

Аутистик спектрдаги бузилишлар билан кечувчи синдром – аутизм боланинг ижтимоий ҳаётга мослаша олмаслиги билан кечади. Бу касаллик эмас, уларнинг энг асосий ўзига хослиги шундаки, реалликни бошқача кўради, эшитади, сезади.

Улар одатда иқтидорли, ижодкор бўлишади. Шу боис ҳам ёмғир болалари деб ном берилган.

Ёмғир болалари билан мулоқотда қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш муҳим:

Инсон овозини бошқа товушлардан ажрата олишмайди. Генетик бузилишлар боис уларнинг мияси ўта фаол даражада бўлади, шу боис ташқи дунёдан қабул қилинаётган маълумотларни бир-бирига улашга ва яхлит манзара ҳосил қилишга улгурмайди. Дунёни бўлакларга бўлинган ҳолда ва қоришиқ қабул қилишади.

Дейлик, бола қалам ва юқорига кўтарилган бармоқни чалкаштириб юбориши мумкин. Унинг учун инсон овози бошқа товушлардан фарқланмайди, шу боис чақирганда ҳам ўз исмига реакция билдирмаслиги, аммо кўчадаги машина товушига сесканиб кетиши мумкин.

Сезгилар ўзаро боғланмаган. Соғлом инсонда турли сезги органлари ташқаридан қабул қилган ахборотларни асаб тизими ягона манзарага бирлаштиради. Аммо ёмғир болаларида ундай эмас. Ҳид билиш, таъм, кўриш, эшитиш ва тактил сезги орқали қабул қилинадиган ахборот уларда занжир каби бир-бирига боғлиқ эмас, балки бир-бирига цемент билан мустаҳкамланмай, устма-уст терилган ғиштларга ўхшайди. Қўққисдан жисмоний ҳолат ўзгарса, боланинг ҳожатга чиққиси келиб қолса, баланд товуш янграса, бу ғиштлар тўрт томонга сочилиб кетади ва мавҳумлик пайдо бўлади, натижада бола ваҳимага тушади.

Ёмғир болаларига ташқи дунёга бефарқлик, ўзи билан ўзи гаплашиш хос.

Сезгиларнинг ўта таъсирчанлиги ва ўз навбатида бир-бирини тўлдирмаслиги болада ташқи дунёга нисбатан ҳуркиш, ваҳима ҳиссини уйғотади. Мана шу ваҳимани босиш учун бола ўзини чалғитувчи одат топади: бир жойда тинимсиз айланиши, ўзини тишлаши, қўлларини тез-тез ҳаракатга келтириши мумкин.

Бу – боланинг яна стабил ҳолатга қайтиши, ўз қобиғига кириб олиши учун ўзига хос ҳимоя воситаси саналади.

Улар ўзгаларнинг ҳисларини тушунишмайди. Улар бошқаларнинг жаҳл, қайғу, хурсандчилик, йиғи каби ҳиссиётларини тўғри баҳолаш учун етарли даражадаги маълумотни қабул қила олмайди, шунинг учун мос реакция қайтармайди. Сиз жаҳл қилганингизда у кулиши мумкин.

Улар фақат аниқликни қабул қилади. Ўзаро суҳбатда одамлар метафора, киноя ёки ҳазил ифодасини берувчи оҳанг кабилардан фойдаланиши мумкин. Аммо юқорида айтилганидек, аутист гапни ҳиссиётлардан холи ҳолда, аниқ қабул қилади. Унга ҳазил оҳангида айтилган гапнинг ҳазил эканини фарқлай олмайди, тўғридан тўғри қабул қилади.

Муомала меъёрларига мослашиш қийин кечади. Аутистлар учун бошқа одамлар орасида бўлиш – чангалзор ўрмонда ҳеч қандай харитасиз, компассиз юришдек гап. У йўналишни аниқ белгилай олмайди, шу боис ҳаракатлари саросимали ва ноодатий чиқади.

Дейлик, унга ширинлик тутқазсангиз, миннатдорчилик учун «раҳмат»ни қўпол оҳангда айтиши мумкин. Лекин буни унинг ўзи фарқламайди. Кайфияти, руҳий ҳолатини кўрсатиш учун овоз оҳангини ўзгартира олмайди, ҳиссиётлари оҳанг ва юз ифодасида аксланмайди, монотон гапиради.

Улар бошқалар орасида яшаш учун жуда кўп куч сарфлашади. Шундайлардан бири: «Одамлар орасида яшашга мослашган бўлсам ҳам, ўзимни доим ишончсиз ҳис қиламан. Одамларнинг кўзига қарай олмайман. Узоқ уринишлардан кейингина мулоқот чоғида суҳбатдошимнинг икки қоши ўртасига қараб туришни ўргандим», дейди.

Ёмғир болалари бошқаларга нисбатан эмпатия кўрсата олмаслиги уларда ҳеч қандай ҳиссиёт йўқ дегани эмас. Улар ҳам хурсанд бўлишади, қайғуга ботишади. Фақат буни бошқачароқ намойиш этишади.

Қуёш болалари

Хромосомалар сонининг одатдагидек 46та эмас, 47та бўлиши билан кечувчи Даун синдроми боланинг нафақат руҳий ҳолати, балки ташқи кўринишида ҳам аниқ белгилар билан намоён бўлади. Доим очиқ чеҳрада бўлиши, меҳрибонлиги учун ҳам уларни қуёш болалари деб аташади.

Даун синдроми бўлган болаларда ташқи белгилар: юзнинг яссилиги, кўз қисиқлиги, кўзлар орасининг узоқлиги, бурун ва қулоқнинг нисбатан кичиклиги намоён бўлади.

Қуёш болалари аутистлардан фарқли равишда жамият билан бирга бўлишга интилади.

Бунда унга кўмаклашиш ва унинг ўзига хослигини инобатга олиш керак:

Маълумотларни қабул қилиш қийин кечади. Ақлий ривожланишнинг секинлиги боис Даун синдроми бўлган болалар маълумотни, янги кўникмани тенгдошларига қараганда анча узоқ ва мураккаб ўзлаштиришади.

Фикрни етказишда ҳам гапни имкон қадар содда ва тушунарли қилиб, бир неча бор такрорлаб айтиш керак.

Улар ҳамма нарса кўнгилдагидек бўлишини исташади. Уйни қандай саранжомлаш тушунтирилган бола тартибсиз хонага кириб қолса, безовталана бошлаши мумкин. Чунки унга хона тоза бўлиши кераклиги уқтирилган ва у доим шундай бўлиши керак деб ўйлайди.

У доим овқатдан кейин идишни йиғиштириб қўйишга одатланган бўлса, бунга имкон бўлмай қолганда асабийлашиши, ҳатто йиғлаши ҳам мумкин.

Улар доим суянчни ҳис қилишлари лозим. Даун синдроми бўлган шахс билан муттасил ишлаб, ижтимоий ҳаётга мослаштирган тақдирда ҳам, улар доимий суянч ва меҳрга эҳтиёж ҳис қилишади.

Онаси, отаси ёки доимий ўрганиб қолган кишиси олдида бўлмаса, ўзини ишончсиз ҳис қилади. Шунинг учун улардан мустақилликни талаб қилиш ноўрин.

Мавҳум тушунчаларни қабул қилиши қийин. У фикрни илғаб олишга қийналади, шу боис реал мисол билан гапирган маъқул. Ундан ҳалинчакда учишни истайсанми деб сўрагандан кўра, ҳалинчакни кўрсатиш яхшироқ.

Уни бирон нарсани танлашга ундаш керак эмас. Қанақа ширинлик ейишни истайсан, деб эмас, шоколад олиб берайми, деб сўраш тўғрироқ бўлади.

Энг муҳими – сабр. Қуёш болалари ўз фикрини етказиб беришга қийналиши, жумлаларни узоқ такрорлаши мумкин. Бу пайтда уни шоширмаслик, сабр ва диққат билан тинглаётганингизни кўрсатиш керак.

Бир нарсани тушуниш муҳим: Аутизм ва Даун синдроми бўлганларнинг жойи – овлоқ интернатларда, касалхонада эмас, балки бизнинг орамиздадир.

Уларга ҳам барчамизга бўлганидек эътибор, меҳр, ғамхўрлик керак. Балки бизга керагидан ҳам кўра кўпроқдир.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Мавзуга оид