Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ногиронлиги бор шахсларга қулайликлар яратиш мақсадида ногиронликни белгилашда рақамлашган тизимга ўтиш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, бу дастлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида, 2025 йил 1 сентябрга қадар барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади. Эксперт комиссияларига тиббий ҳужжатлар оилавий шифокорлар томонидан электрон юборилади. Баҳолаш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мослаштирилган мезонлари асосида “Инсон” марказлари ходимлари томонидан амалга оширилади. Ногиронликни белгилаш билан бир вақтда унинг реабилитация дастури ҳамда протезга муҳтожлиги бўйича маълумотлар шакллантирилади.
Эксперт комиссиялари томонидан касбга, таълимга, спортга тавсия бериш, меҳнатга лаёқатсизликни белгилаш тартиби бекор қилинади. Бундай шахслар иш, спорт ва таълимга индивидуал ёндашув асосида йўналтирилади.

Таъкидланишича, ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун шароитларни кенгайтириш ҳам кўзда тутилмоқда. Шу боис қуриладиган ва таъмирланадиган бинолар бунга мослашганлиги бўйича мажбурий экспертизадан ўтказилади. “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” жамғармасининг камида 10 фоиз маблағи ҳар йили чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш бўйича қурилиш ва жиҳозлашга йўналтирилади. Тўсиқларсиз муҳит яратилган объектларнинг электрон интерактив харитаси яратилади.
Шунингдек, жамоат транспорти бўйича тендерларда фақатгина ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган автобуслар иштирок этиши мумкин бўлади. Шаҳар жамоат транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга бепул хизмат кўрсатилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни маданий тадбирлар, кўнгилочар томоша ва маросимларга жалб қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади.
Тақдимотдаги яна бир таклиф Жаҳон банки иштирокидаги “Инсон” лойиҳаси ҳақида бўлган. Бу лойиҳа аҳолининг заиф қатламларини жамиятга интеграция қилишга қаратилган бўлиб, унинг доирасида 55 та кўпфункцияли ҳудудий хизматлар маркази ташкил этилади ва 20 турдаги ижтимоий хизмат йўлга қўйилади. Тошкент, Фарғона ва Самарқандда 4 та намунали инклюзив касб-ҳунар таълими марказлари ташкил этилади.
















