Жаҳон | 09:48 / 04.10.2025
8668
6 дақиқада ўқилади

Ҳамас сулҳнинг айрим шартларни қабул қилди. Трамп эса Исроилдан бомбардимонни тўхтатишни талаб қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп 3 октябр куни Исроилдан Ғазони бомбардимон қилишни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди. Сабаб — Ҳамас асирларни озод қилиш ва урушни тугатиш бўйича АҚШ режаси доирасидаги айрим шартларни қабул қилди. Очиқ қолган қуролсизланиш масаласини томонлар муҳокама қилишни бошлади.

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу идораси ҲАМАСнинг жавобидан сўнг Исроил Трампнинг Ғазо режасининг биринчи босқичи — исроиллик асирларнинг дарҳол озод қилинишига тайёргарлик кўраётганини билдирди. Орадан кўп ўтмай, маҳаллий ОАВлар сиёсий раҳбарият армияга Ғазодаги ҳужумкор фаолиятни камайтириш бўйича кўрсатма берганини хабар қилди.

Трамп эълонидан кейинги хабарлар

Reuters нашрининг Исроил бош штаби баёнотига таяниб ёзишича, қўшинларга Трамп режасининг биринчи босқичини амалга оширишга тайёргарлик кўриш буюрилган, аммо Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларнинг камайтирилиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Айни вақтда Ғазони назорат қилувчи Ҳамас АҚШ президенти гуруҳга «якшанбагача рози бўлиш ёки оғир оқибатларга дуч келиш ультиматуми»ни бергач, Трампнинг 20 банддан иборат режасига жавоб қайтарди.

Трамп ҲАМАСнинг «доимий тинчликка тайёр» эканини кўрсатганига ишонганини ва энди масъулият Нетаняҳу ҳукумати зиммасида эканини айтди.

«Исроил Ғазони бомбардимон қилишни зудлик билан тўхтатиши керак, шунда биз гаровдагиларни тез ва хавфсиз олиб чиқа оламиз!» — деб ёзди Трамп ўзининг саҳифасида. «Биз аллақачон тафсилотларни муҳокама қиляпмиз. Бу фақат Ғазо ҳақида эмас, бу Яқин Шарқда узоқ кутилган тинчлик ҳақида».

Reuters кўрган ҲАМАС жавоб нусхасида гуруҳ Ғазони қуролсизлантириш ва демилитаризацияга рози бўлишини айтмади — бу Исроил ва АҚШ талаб қилаётган, лекин ҲАМАС илгари ҳам рад этган шарт. Шунингдек, ҲАМАС Исроилнинг босқичма-босқич чиқиб кетиш режаси билан ҳам рози бўлмади, чунки улар тўлиқ ва дарҳол чиқиб кетишни талаб қилмоқда.

Al-Jazeeraʼга гапирган юқори лавозимли ҲАМАС расмийси гуруҳ Исроилнинг оккупацияси тугамагунча қуролсизланмаслигини айтди. Бу эса томонлар ўртасидаги тафовутларни кўрсатди.

Қатар ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг айтишича, Қатар, Миср ва АҚШ Трампнинг Ғазо режаси бўйича музокараларни давом эттириш учун ҳамкорликни бошлаган.

Трамп режаси дарҳол ўт очишни тўхтатишни, ҲАМАСдаги барча гаровдагиларни Исроил қамоқларидаги фаластинлик маҳбусларга алмаштиришни, Исроилнинг босқичма-босқич Ғазодан чиқишини, ҲАМАСни қуролсизлантиришни ва халқаро орган раҳбарлигидаги ўтиш даври ҳукуматини жорий этишни назарда тутади.

Ҳамаснинг жавоби. Исроилнинг реакцияси

Трамп режаси юзасидан ҲАМАС ўз жавобида «Араб, Исломий ва халқаро саъй-ҳаракатларни, шунингдек АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Ғазо секторига урушни тугатиш, маҳбусларни алмашиш, ёрдамни зудлик билан киритиш ҳақидаги ташаббусларини қадрлашини» билдирди.

ҲАМАС «Президент Трамп таклифида кўзда тутилган алмашинув формуласига биноан барча оккупация асирларини — тирик ёки жасадларини — зарурий шароитлар билан озод қилишга розилигини» эълон қилди. Шунингдек, ҲАМАС «шу доирада воситачилар орқали тафсилотларни муҳокама қилиш учун музокараларга зудлик билан киришга тайёрлигини» қўшимча қилди.

Гуруҳ «Ғазо секторини фаластинлик мустақил шахслардан (технократлардан) иборат, фаластинлик миллий консенсусга асосланган ва араб ҳамда исломий кўмак билан таъминланган маъмуриятга топширишга тайёрлигини» билдирди.

ҲАМАС Трамп таклиф қилганидек, Ғазода сиёсий ҳокимиятни амалга оширишдан четлаштирилишига рози бўлиш- бўлмаслигини очиқламади. Лекин «Ғазонинг келажаги бўйича фаластинлик миллий муҳокамаларда иштирок этиши ва ҳисса қўшиши керак»лигини таъкидлади. ҲАМАС аввал ҳам барча гаровдагиларни озод қилиш ва Ғазо бошқарувини бошқа тузилмага топширишни таклиф қилган эди.

Нетаняҳу идораси Исроил «урушни тугатишда Президент ва унинг жамоаси билан тўлиқ ҳамкорликни давом эттиради, бу Исроил белгилаб қўйган тамойилларга мувофиқ бўлиб, Президент Трамп қарашлари билан уйғун» эканини билдирди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Трамп Исроилдан ҳужумларни тўхтатишни сўраганидан кейин исроиллик танклар Ғазо шаҳрининг марказидаги Талатени кўчасини ўққа тутган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҲАМАС баёнот берганидан кейинги соатда Исроил ҳарбий самолётлари ҳам Ғазо шаҳрида зарбаларни кучайтириб, Ремал туманидаги бир нечта уйларга ҳужум қилган. Хон Юнусга ҳам зарбалар берилган.

Нeтаняхуга босим

Исроилнинг сўнгги баёнотларидан олдин, Ғазода гаровда сақланаётганларнинг оилалари Нетаняҳудан «барча асирларни қайтариш бўйича музокараларни дарҳол бошлаш»ни талаб қилди. Мамлакат ичкарисида эса бош вазир бир томондан гаровдагилар оилалари ва урушдан чарчаган халқи, иккинчи томондан эса радикал вазирлари босими ўртасида қолган.

Фото: New York Times

Исроил 2023 йил октябрда бошлаган уруш оқибатида, Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, 66 мингдан ортиқ фаластинликлар ҳалок бўлди. Уларнинг аксарияти тинч ҳоли ва болалар. Ҳужумлар бутун ҳудудни вайрон қилган, ёрдам чекловлари эса Ғазонинг айрим қисмларида очарчиликни келтириб чиқарган. БМТнинг Тергов комиссияси ва бир нечта инсон ҳуқуқлари экспертлари Исроил Ғазода геноцид содир этаётганлигини тасдиқлади.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид