Жаҳон | 08:17 / 01.06.2026
2311
2 дақиқада ўқилади

Маск: АҚШ армияси Starlinkʼни камикадзе дронларда қўллаган

SpaceX раҳбари Илон Маск АҚШ ҳарбийлари Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан камикадзе дронларни бошқаришда фойдаланганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу хизматдан бундай мақсадларда фойдаланиш компания қоидаларига зид ҳисобланади.

Фото: US Central Command Public Affairs

Ҳодиса Reuters агентлиги томонидан SpaceX ва Пентагон ўртасидаги муносабатларга бағишланган мақола чоп этилганидан сўнг муҳокамалар марказига чиқди. Нашрда айтилишича, SpaceX АҚШ ҳарбийларидан LUCAS туридаги камикадзе дронлар учун сунъий йўлдош алоқаси хизматлари ҳақини беш баравар оширишни талаб қилган. Маск эса бу маълумотларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийлари дастлаб LUCAS дронларини бошқариш учун фуқаролик мақсадида яратилган Starlink тармоғидан фойдаланган. Маск бу амалиёт Starlink фойдаланувчи келишувига зид бўлганини таъкидлади. Компания ҳарбий эҳтиёжлар учун алоҳида Starshield тизимини таклиф этади. Бу тармоқ кам сонли мижозларга хизмат кўрсатгани учун унинг хизмат ҳақи анча юқори ҳисобланади.

Маскнинг айтишича, Starlinkʼдан вақтинча фойдаланиш учун масъулият дронларни ишлаб чиқарувчи пудратчи компания зиммасида бўлган. Пентагон эса дастлаб арзонроқ Starlink хизматидан фойдаланишни маъқул кўрган. Маълумотларга кўра, бир дрон учун Starlink хизмати ойига 5 минг доллар, Starshield хизмати эса 25 минг долларга тушади.

Шу билан бирга, Reuters маълумотига кўра, АҚШ ҳарбийлари ва SpaceX ўртасида Эронга қарши операциялар вақтида ҳам сунъий йўлдош алоқаси хизматлари нархи бўйича келишмовчиликлар кузатилган. Нашрнинг ёзишича, Пентагон кейинчалик яна минглаб Starshield обуналарини харид қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Пентагон вакили Шон Парнелл Reuters мақоласини танқид қилиб, SpaceX АҚШ Мудофаа вазирлигининг муҳим ва ишончли ҳамкори бўлиб қолаётганини билдирди. У мақоладаги қатор иддаолар воқеликка мос келмаслигини таъкидлади.

Мутахассислар фикрича, Starlink замонавий ҳарбий операцияларда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, ҳозирча дунёда ушбу тизимга тўлиқ рақобатлаша оладиган муқобил алоқа тармоғи мавжуд эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид