Ўзбекистон | 19:00 / 09.12.2025
3091
3 дақиқада ўқилади

Асакада очиқ эшиклар куни: “UzAuto Motors” коррупцияга қарши курашдаги натижаларини тақдим этди

Фото: UzAuto Motors

“UzAuto Motors” АЖнинг Асака заводида 9 декабр – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Антикоррупция ойлиги” доирасида очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Тадбирда Андижон вилояти Асака тумани Адлия бўлими бошлиғи И. Эргашев, туман ИИБ жиноят-қидирув бўлими катта тезкор ваколи капитан Б. Саттаров, Андижон давлат Техника институти талабалари, Асака машинасозлик ва транспорт техникуми ўқувчилари, дилерлик корхоналари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида “UzAuto Motors” АЖ бош директори Янош Ковач компанияда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва жамиятнинг бу борадаги позицияси ҳақида маълумот берди. У халқаро коррупция кўрсаткичлари, рейтинглар ва уларнинг аҳамияти, хусусан, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига кириш пайтида бу рейтинглардаги ўринни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Маълум қилинишича, Ўзбекистон глобал коррупцияга қарши кураш рейтингида 180 та давлат орасида 121-ўринда жойлашган ва 100 балли тизимда 32 балл тўплаган.

Шундан сўнг Комплаенс хизмати бош назоратчиси Ниёзбек Боймирзаев 2025 йилнинг 9 ойи бўйича натижалари ҳақида тақдимот қилди. У компаниянинг коррупцияга қарши сиёсатини ва амалга оширилган ишлар самарадорлигини баён этди. Сўнгги 3 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритиладиган рейтингда 86 балл ижобий натижага эришилган, шу даврда 8 та сиёсат, 4 та тартиб, 2 та услубият ва 1 та кодекс ишлаб чиқилган.

Шунингдек, 41 нафар комплаенс хизмати ходими ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида онлайн ўқитилиб, сертификат олган, комплаенс хизмати томонидан 400 га яқин контрагент ташкилот текширилган ва улардан 28 тасига салбий хулоса берилиб, жараён тўхтатилган. Ходимларга коррупциявий хатарлар тушунтирилган ва улар беш йўналишда таҳлил қилинган.

Тадбир давомида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, декларациялар, хабарнома ва реестрларни юритиш жараёнининг тўлиқ рақамлаштирилгани, ходимлар комплаенс сиёсати, услубият ва йўриқномалар бўйича мунтазам ўқитилиши ҳам таъкидланди. Келаси йил сунъий интеллект тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда, бу контрагентларни аниқлаш, коррупцион хавфларни камайтириш ва жараёнларни тўлиқ рақамлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам чиқиш қилиб, коррупцияни камайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ишлари ҳақида маълумот берди. Асака тумани Адлия бўлими бошлиғи И. Эргашев коррупцияга оид қонунчилик мазмуни ва амалий ўзгаришлар ҳақида, ички ишлар бўлими вакили ёшларга коррупция турлари ҳақида тушунтиришлар берди.

Тадбир якунида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан батафсил жавоб олишди.

Facebook | Instagram | Web | Youtube

Реклама

 
 
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид