Энди ер фақат аукцион орқали сотилади ёки ижарага берилади – президент
Президент Шавкат Мирзиёев бундан буён туман ҳокимлари томонидан ер ажратиш тўхтатилишини, бу ишлар фақат аукцион орқали амалга оширилишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижросига оид видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
«Бу масала моҳиятини тушунмасаларинг, сўранглар ва англаб олинглар. Катта тизимга тушяпмиз, ҳар бир вилоят ва туман ҳокими бу масалани тушуниб олиб, жиддий киришса, ишсизлар сони кескин камаяди.
Бундан буён ер бериш ман этилади, ер фақат аукционда сотилади ёки ижарага берилади. Ер оладиган одам ҳалоли бўлсин, ошкора сотиб олсин. Туман ҳокимлари томонидан ер ажратиш тўхтатилади. Ер фақат президент томонидан берилади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Йиғилишда 2та муҳим масала муҳокама қилиниши маълум қилинган.
«Биринчи масала – қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича берилган топшириқлар.
Иккинчи масала – чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижроси.
Жорий йилда бандлик дастури доирасида 457 мингта доимий янги иш ўринларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги бўйича қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаб, янги иш ўринларини 1,5-2 баравар ошириш мумкин. Бунинг учун барча ташкилий ва молиявий масалалар ҳал қилиб берилган», деган давлат раҳбари.
Президент ер участкаларини ажратиш масаласини ҳал қилиш бўйича фармонни имзолагани ҳақида айтиб ўтган.
«Ер участкаларини ажратиш масаласини ҳал қилиш бўйича фармонни имзоладим. Энди, тадбиркорлик учун ерларни тўғридан тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилади ва ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ёки ижарага берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилинди.
Бош прокурор Йўлдошев ва бош вазир ўринбосари Ғаниев бошчилигидаги кенгаш фармонни амалиётга жорий этиш, ижросини ташкил этиш ва назорати билан шуғулланади», деган президент.
Мавзуга оид
19:59 / 18.12.2024
Тошкентда йўлбўйи автотураргоҳларини ташкил этиш учун бошқа компания танланди
15:58 / 16.12.2024
Иқтисодий комплексда 300 га яқин раҳбар ишдан олинди - президент
16:08 / 14.12.2024
“Боғча тўлови қисман қопланади, уйда қараш хизмати йўлга қўйилади” – видеоселектордан ваъдалар қандай?
01:13 / 21.11.2024