Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Меҳмон уйлари: Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ўз тузилмаси сафини кенгайтиради
Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлар уюшмаси (ХСТУ) ўз тузилмасида меҳмон уйларини қўллаб-қувватловчи ва ривожлантирувчи бўлим фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. ХСТУ раиси Гулчеҳра Исроилова KUN.UZ мухбирига шу ҳақида маълум қилди.
Европа Иттифоқининг "Марказий Осиё барқарор ва иқтисодий ривожланиши учун бизнес-уюшмалар орқали қишлоқ ва экотуризмни кучайтириш" лойиҳасининг бош менежери Наут Кастерс билан учрашув якунларига кўра, шундай баёнот билдирилди.
Лойиҳа доирасида меҳмон уйлари салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган тадбирлар ўтказилмоқда. Дастур бир неча йил илгари мамлакат раҳбарияти томонидан меҳмон уйларини рўйхатдан ўтказишни максимал даражада соддалаштириш ва тадбиркорларнинг хусусий меҳмон уйларини яратишларини фаоллаштиришга доир қарор қабул қилинганидан сўнг янада долзарб аҳамият касб этди.
"Мазкур лойиҳанинг энг муҳим йўналишларидан бири меҳмон уйлари ривожланишига туртки берувчи Меҳмон уйлари жамоатчилик бирлашмаси фаолиятини йўлга қўйиш ташаббуси ҳисобланади", - дейди Гулчеҳра Исроилова. - Бироқ биз бу масалани уюшмамиз тузилмасида шундай бўлим очиш билан ҳал қилишни таклиф этамиз. Бу бўлим меҳмон уйларини туристик инфратузилманинг ажралмас қисми сифатида ривожлантириш масалалари билан шуғулланади.
ХСТУ меҳмон уйларини қўллаб-қувватлашда салмоқли тажрибага эга. Уюшма меҳмон уйларига хизмат кўрсатиш даражасини оширишга йўналтирилган консалтинг ва таълим дастурларини таклиф қилишга тайёр. Шунингдек, меҳмон уйлари эгаларига ўз маҳсулотларини тарғиб қилишда кўмак беришни режалаштирмоқда.
Бугунга келиб, ХСТУ энг йирик туристик операторлар бирлашмаси ҳисобланади. Ушбу "оила"га меҳмон уйларининг қабул қилиниши бир соҳада ишловчи тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилиши йўлида хизмат қилади.
Гулчеҳра Исроилова лойиҳа доирасида кўп тадбирлар хорижий экспертлар иштирокида ўтаётгани, улар ўзбекистонликлар билан ўз тажрибаларини бўлишаётганини қўшимча қилди.
"Хусусан, Наут Кастерс Ўзбекистонга ташрифи доирасида янги меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўйиш жараёни фаол кечаётган Самарқанд вилоятида бўлди. У "Гўри Амир" маҳалласида оқсоқол ва фаоллар билан учрашди. Ушбу маҳалла шаҳарнинг туристик марказида жойлашган бўлиб, бугунга келиб у ердаги кўплаб кишилар меҳмон уйлари очишни режалаштиришмоқда. Кастерс бир неча меҳмон уйларида бўлиб, уй эгалари билан бундай бизнесни юритиш тажрибаси билан бўлишди", - дейди у.
Мавзуга оид
18:02 / 27.04.2026
Кюрасао банкнотаси 2025 йилда дунёдаги энг яхшиси деб топилди
14:41 / 20.03.2026
Туризм соҳаси иштирокчиларига янги имтиёзлар берилади
21:36 / 19.03.2026
2026 йилда дунёдаги энг гўзал жойлар эълон қилинди
21:50 / 08.03.2026