Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ 2026 йил бошига қадар Ғазога халқаро кучларни жойлаштирмоқчи
Қўшма Штатлар – БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига муҳокама учун тегишли резолюция лойиҳасини юборди, деб ёзмоқда Оқ уйга яқин Axios нашри. Унга кўра, Ғазога «тинчликпарварлар» эмас, балки турли мусулмон давлатлар ҳарбийларидан ташкил топган «мажбурлов кучи»га эга қўшин киритилади. Айни вақтда қайси давлатлар аскар ажратиши ва уларнинг ваколатлари фаол муҳокама қилинмоқда.
АҚШ 3 ноябр куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бир неча аъзоларига Ғазо учун камида икки йил давом этадиган халқаро кучларни тузиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини юборди. Бу ҳақда ҳужжат нусхасига таяниб Axios нашри хабар бермоқда.
«Махсус, лекин махфий эмас» белгиси билан юборилган ҳужжат лойиҳаси келгуси кунларда ХК аъзолари ўртасидаги музокараларга асос бўлади. Мақсад — яқин ҳафталарда резолюцияни овозга қўйиш ва 2026 йил январига қадар Ғазога дастлабки қўшинларни жойлаштириш.
АҚШ расмийси таъкидлашича, халқаро хавфсизлик кучи (ISF – International Security Force) бу сафар «тинчликпарвар куч» эмас, балки «мажбурий ижро кучи» бўлади.
ISF бир нечта давлатларнинг ҳарбийларини ўз ичига олади ва АҚШ президенти Доналд Трамп раислик қиладиган «Тинчлик кенгаши» билан ҳамкорликда ташкил этилади. Лойиҳада Кенгаш камида 2027 йил охиригача фаолият юритиши назарда тутилган.
Резолюция лойиҳасига кўра, ISF қуйидаги вазифаларни бажаради:
- Ғазонинг Исроил ва Миср билан чегараларини қўриқлаш;
- Фуқаролар ва ҳуманитар йўлакларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
- Янги фаластинлик полиция кучини тайёрлаш ва улар билан ҳамкорликда ишлаш;
- Ғазодаги хавфсизлик муҳитини барқарорлаштириш, қуролли гуруҳларнинг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва қайта тикланишининг олдини олиш;
- Қуролсизланиш жараёнини амалга ошириш, шу жумладан, Ҳамасни қуроллардан бутунлай маҳрум этиш (агар улар ўз хоҳишлари билан топширмаса).
ISF – Ғазода хавфсизликни таъминлаш учун «ўтиш даври» деб номланган вақтда фаолият юритади. Шу жараёнда Исроил Ғазонинг айрим ҳудудларидан босқичма-босқич чиқиб кетади, Фаластин маъмурияти эса ислоҳотлар ўтказиб, узоқ муддатли бошқарувни ўз зиммасига олади.
Манбаларга кўра, Индонезия, Озарбойжон, Миср ва Туркия Ғазога ўз қўшинларини юборишга тайёрлигини билдирган.
Туркия ва бошқа музокарачилар нима дейди?
The Guardian нашрининг ёзишича, Ғазога халқаро кучларни киритишни мажбурий этувчи резолюция икки ҳафта ичида тайёр бўлиши кутилмоқда. Агар ҳарбий кучларнинг ваколатлари, АҚШнинг ҳарбий раҳбарлиги ва Исроил қўшинларининг чиқиб кетиш жадвали масалалари ҳал этилмаса, ҳужжатнинг қабул қилиниши кечикиши ҳам мумкин.
«Давлатлар ўз қарорларини Халқаро барқарорлаштириш кучининг ваколати ва миссияси асосида шакллантиради. Агар миссия бу давлатларнинг сиёсий тамойиллари ва қарашларига зид келса, улар учун қўшин юбориш қийин бўлади», — деди мусулмон давлатлари вакиллари йиғилишида сўзга чиққан Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан.
Туркия вакилининг айтишича, Исроил мунтазам равишда сулҳни бузмоқда ва сулҳ ниҳоятда нозик босқичга етган.
Фидан, шунингдек, Туркия Ғазога ҳарбий куч юборишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади. Иордания эса қўшин юбормаслигини билдирди, бироқ танлаб олинган фаластинлик полиция кучларини тайёрлашга тайёр. Ушбу полиция Ғазода жамоат тартибини сақлаш учун масъул бўлади.
«Мамлакатимизнинг асосий тамойили — фаластинликлар ўзларини ўзлари бошқариши ва ўз хавфсизлигини таъминлаши керак. Халқаро ҳамжамият эса бу жараённи энг самарали тарзда — дипломатик, институционал ва иқтисодий йўл билан қўллаб-қувватлаши лозим», деди Фидан музокаралардан сўнг.
АҚШнинг роли
Истанбулдаги муҳокамада яна бир неча масала: АҚШнинг раҳбарлик роли, Исроилнинг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетиш жадвали – Ҳамаснинг қуролсизланишига боғланадими ёки йўқми, булар ҳам кўтарилган.
Аноним тарзда бир Ғарб дипломатнинг айтишича, АҚШнинг Ғазодаги барқарорлаштириш кучларига етакчилик қилиши бўйича қаршилик сезилмаган. Ҳатто америкаликлар секторга ҳарбий қўшин жойлаштирмаса ҳам.
«АҚШ етакчи рол ўйнамаса, ҳеч бир давлат иштирок этмайди. Чунки бошқача ҳолатда Исроилга ҳеч қандай чеклов йўқ деб ўйлашади», – дея дипломатнинг сўзларини келтирмоқда The Guardian.
Унинг сўзларига кўра, мусулмон давлатлар ўз қўшинлари «тинчликни мажбуран ўрнатувчи куч» сифатида эмас, балки «тинчликни сақловчи куч» сифатида кўрилишини истайди.
Бундан ташқари, араб давлатлари Ғазодаги хавфсизлик бўшлиғидан хавотирланмоқда ва сулҳнинг кейинги босқичини тезлаштиришни талаб қилмоқда.
«Исроил қўшинларининг Ғазодан чиқиб кетиш жадвали бўлиши зарур. Исроил Ғазонинг 53 фоизида қолиб, хавфсизликни таъминлай олмайди. Бу сиёсатдан холи технократик комиссия қандайдир тарзда Фаластин маъмурияти билан боғлиқ бўлиши керак, шундагина Ғазо босиб олинган Фаластин ҳудудининг бир қисми сифатида сақланади», деган Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафади.
Ғазодаги «ўтиш даври» ва бошқарув
Лойиҳада айтилишича, ISF Ғазода «Тинчлик кенгашига маъқул ягона қўмондонлик остида» жойлаштирилади. Кучнинг ташкил этилиши ва фаолияти «Миср ва Исроил билан яқин маслаҳатлашув ҳамда ҳамкорликда» амалга оширилади.
Резолюция лойиҳасида «Тинчлик кенгаши» Ғазонинг вақтинчалик бошқарув маъмурияти сифатида тан олинган. У Ғазо қайта қурилиши учун устувор йўналишларни белгилайди ва маблағ тўплайди — то Фаластин маъмурияти ислоҳот дастурини муваффақиятли якунлагунига қадар.
Ҳужжатда айтилишича, Кенгаш «Ғазолик мутахассислардан иборат технократик, сиёсатдан холи қўмитани» назорат қилади, бу қўмита эса Ғазонинг кундалик маъмурий ва фуқаролик ишларини юритади. Манбаларга кўра, янги фаластинлик технократлар қўмитасига номзодлар танлаб олинган ва ҳозирда уларнинг жамиятдаги обрўси текширилмоқда.
Яна бир ғарблик дипломат сулҳдан кейин фаластинликларнинг ҳаётида яхшиланиш бўлмагани хавотирли эканини тан олди. Шунга қарамай АҚШнинг режаларини тушунтиришга ҳаракат қилди.
«Ғазоликлар халқаро қўмитадан қўллаб-қувватловни, ўзлари эса бошқарувда қолишни хоҳлайди. Лекин бундай бўлиши қийинроқ. Чунки агар хавфсизлик ва бошқарувда халқаро элемент бўлмаса, Исроил бу жараённи жиддий қабул қилмайди», деди у.