Бизнес | 15:48 / 30.04.2026
5668
7 дақиқада ўқилади

50 долларлик офис ва минглаб мижоз: тасодифий буюртмани катта бизнесга айлантирган самарқандлик тадбиркор ҳикояси

Аввал икки марта банкрот бўлган Жонибек Миралимов тезпишар таом тармоғига тайёрлаб берган aвтоматлаштириш тизими орқали ўзининг асосий фаолият йўналишини топди. Бугун унинг тизими мингга яқин бизнесда ишлатиляпти, компанияси эса мўмай даромад манбаига айланган. Нолдан бошланган бу иш қандай қилиб катта бизнесга айланди? Kun.uz мухбири тадбиркор билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Жонибек Миралимов ҳозир 29 ёшда. У Самарқанд вилоятида туғилиб ўсган. Дастлаб бизнес фаолиятини кичик савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларидан бошлаган. Соҳада бир неча марта муваффақиятсизликка учраганига қарамай, у тажриба орттириб, кейинчалик IТ соҳасига кириб келади.

“Тадбиркорлик фаолиятим аслида компютер ўйини яратиш ғоясидан бошланган. Ўша пайтда ўртоқларим билан ўзимизнинг муаллифлик ўйинимизни ишлаб чиқмоқчи бўлдик ва бунинг учун дастурлашни ўргандик. Жараён давомида веб-дизайн, Unity платформаси ва бошқа технологиялар билан ҳам танишдик. Тахминан бир йил шу йўналишда шуғулландик. Кейин англадикки, ўйинлар бозорида рақобат жуда катта. Муваффақиятли ўйин яратиш учун эса кўпроқ маблағ керак, яъни юз минглаб, ҳатто миллионлаб доллар инвестиция талаб этилади. Бундай миқдордаги инвестицияни жалб қила олмаслигимизни тушуниб, аста-секин ғоядан воз кечдик. Шу пайтда ота-онамнинг кичик дўкони бор эди. Мен ўша дўконда раҳбар сифатида ишлашни йўлга қўйдим. Аммо илк бизнесим муваффақиятсиз бўлди: магазинни банкрот қилиб қўйдим”, – дейди у.

Жонибек Миралимов бизнесдаги илк йиқилишлардан сўнг тўхтаб қолмайди. У маҳаллада қайси хизматларга талаб юқори эканини кузата бошлади. Ўша пайтда аҳолининг кўп қисми тўловларни терминал ва ваучерлар орқали амалга оширар, Paynet эса энг оммабоп тизимлардан бири эди. 2016–2017 йиллар атрофида Жонибек айнан шу йўналишда ишлашни бошлайди, турли хизматлар учун ваучерлар сотиш билан шуғулланади. Вақт ўтиб бу фаолиятни кенгайтириб, ҳатто улгуржи савдо даражасигача олиб чиқади. Бироқ тадбиркорнинг айтишича, айнан шу босқичда яна бир хатога йўл қўяди. Даромад ошгани сари бизнес устидан назорат сусаяди ва охир-оқибат бу лойиҳа ҳам банкрот бўлади.

Шундан кейин у ўртоқлари билан яна бирлашиб, турли технологик лойиҳалар устида ишлай бошлайди ва дастлаб аутсорсинг компанияга асос солади. Айнан шу компания кейинчалик Жонибек Миралимовнинг энг муҳим маҳсулотларидан бири Аlipos тизимининг пайдо бўлишига замин яратади.

Биз бизнесни деярли нол капитал билан бошлаганмиз. Асосий капиталимиз билимимиз эди. Дастлаб жуда арзон офис ижарага олганмиз, ойига 50 доллар. 14-қаватга лифтсиз чиқиб ишлардик. Бошида ходимлар ҳам йўқ эди, фақат ўзимиз ва соҳага энди кириб келаётган шогирдларимиз билан бирга фаолият юритардик. Кичик буюртмалар олиб, аста-секин харажатларни қоплаб борардик. Энди бошлаган пайтда маҳсулотларни 100–200 долларга ҳам тайёрлаб берардик. Чунки бизни ҳеч ким танимасди, портфолиомиз ҳам йўқ эди.

2020–2021 йиллар атрофида бир буюртма тушди. Самарқанддаги фаст-фуд корхоналаридан бири савдо жараёнларини автоматлаштиришни сўради. Уларга касса орқали келаётган тушумни назорат қилиш, буюртмаларни автоматлаштириш, кун охирида ҳисобот олиш каби тизим керак эди. Биз уларга шу платформани ишлаб бердик. Орадан бир-икки ой ўтиб бошқа тадбиркорлар тизимга қизиқа бошлади. Улар ҳам бизга мурожаат қилди. Шунда маҳсулот бозорга керак эканини тушуниб, уни “қутига жойланган” тайёр хизмат сифатида сотишни бошладик. Аммо ўша пайтда асосий фаолиятимиз барибир аутсорсинг лойиҳалар эди. Шунинг учун бу маҳсулотга унчалик катта эътибор қаратилмасди. У даромад келтирар эди, лекин компания умумий айланмасида катта улушга эга эмас эди.

2023 йил бошида компаниямиз молиявий инқирозга дуч келди. Сабаби буюртмалар кескин камайиб кетди. Бизда катта жамоа бор ва уларни сақлаш учун маблағ зарур эди. Лекин кўплаб лойиҳалар бекор бўлди, янги буюртмалар эса деярли келмай қолди. Шунда биз вазиятни таҳлил қила бошладик. Бундай инқироз яна такрорланмаслиги учун компанияга барқарор пул оқимини таъминлайдиган маҳсулот кераклигини тушундик. Портфелимизда бир нечта IТ маҳсулотлар бор эди: SRM тизимлари, заводларни автоматлаштириш ечимлари, омбор тизимлари, транспорт бошқаруви тизимлари, HR технологиялари. Уларнинг барчасини таҳлил қилиб чиқдик. Натижада энг тез ўсиш салоҳияти айнан Аlipos маҳсулотида эканини англадик. Мазкур маҳсулот аллақачон бозорга кирган, мижозлари бор, қизиқиш ҳам юқори эди. Шунинг учун 2023 йил ноябр ойидан бошлаб асосий эътиборни айнан шу маҳсулотга қаратдик.

Аутсоурcинг моделининг муаммоси шундаки, унда барқарор даромад йўқ. Агар буюртма бўлса – пул бор, буюртма бўлмаса, даромад ҳам бўлмайди. Кейинчалик биз SааS моделига ўтишга қарор қилдик. Яъни мижоз тизимни ўрнатгач, ҳар ой обуна тўлови тўлайди. Бу эса компания учун барқарор молиявий оқимни таъминлайди”, – дейди у.

Жонибек Миралимов бугун ресторан ва хизмат кўрсатиш бизнеслари учун автоматлаштириш тизимларини ишлаб чиқаётган стартап асосчиси сифатида танилган. Унинг платформаси буюртмаларни қабул қилиш, ҳисоб-китоб, мижозлар базасини юритиш ва бизнес жараёнларини автоматлаштирилган ҳолда бошқаришга мўлжалланган.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳозир мазкур платформа 1500 дан ошиқ бизнес субъектида қўлланмоқда. Компания эса SааS (Software as a service) модели асосида ишлайди яъни мижозлар платформадан фойдаланиш учун обуна тўлови орқали хизматдан фойдаланади.

Интервю давомида тадбиркор бизнесни тизимлаштириш қанчалик муҳимлиги, сервис сифати ва барқарорликнинг фаолиятдаги ўрни, стартапларни инвестиция орқали ўстириш жараёни ҳамда бозордаги реал муаммоларни ҳал қилиш орқали муваффақиятга эришиш йўллари ҳақида гапириб берган.

Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид