Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида жорий этилаётган дизайн-код ва ташқи реклама талаблари тадбиркорлар ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Пешлавҳаларни ягона стандартга мослаштириш, уларни қайта ўзгартириш ёки олиб ташлаш талаблари бир қарашда шаҳар муҳитини тартибга солишга қаратилгандек кўринади. Бироқ амалиётда бу жараён кўплаб тадбиркорлар учун қўшимча харажатлар, ноаниқлик ва ҳуқуқий саволларни келтириб чиқармоқда.

Мазкур ҳолатни фақат маъмурий ёки техник масала сифатида баҳолаш етарли эмас. Аслида, бу жараён давлат томонидан иқтисодий фаолиятни тартибга солиш чегаралари, мулк ҳуқуқининг ҳимояси ҳамда тадбиркорлик эркинлигининг амалий таъминланиши билан бевосита боғлиқ.

“Мамлакатлар таназзули сабаблари” (Why Nations Fail) асарида Дарон Ажемўғли ва Жеймс А.Робинсон давлатларнинг ривожланиши ёки таназзулини айнан институтлар сифати билан изоҳлайди. Уларнинг таъкидлашича, иқтисодий ўсиш инклюзив институтлар, яъни аниқ, барқарор ва барча иштирокчилар учун тенг қоидалар мавжуд бўлган тизимларда юз беради. Аксинча, ноаниқ ва ҳаддан ташқари аралашувга асосланган институтлар иқтисодий фаолиятни чеклаб, ривожланишга тўсқинлик қилади.

Шу нуқтайи назардан қараганда, ташқи реклама ва дизайн-код билан боғлиқ амалиёт оддий эстетик тартиб эмас, балки институтларнинг реал ишлашини акс эттирувчи ҳолат сифатида намоён бўлади. Демак, асосий савол қуйидагича қўйилиши мумкин:

Давлат томонидан жорий этилаётган бундай тартиблар тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаяптими ёки аксинча, уни чекловчи омилга айланяптими?

Мазкур мақолада ушбу масала институтлар назарияси нуқтайи назаридан таҳлил қилинади ҳамда амалдаги тартибларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий оқибатлари ёритиб берилади.

Дизайн-код ва 428-сон қарорнинг ҳуқуқий мазмуни

Тошкент шаҳрида жорий этилаётган дизайн-код талаблари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги 428-сон қарори билан боғлиқ. Бу ҳужжат ташқи реклама ва ахборот объектларини жойлаштириш соҳасини тизимли тартибга солишга қаратилган.

Қарорда реклама объектларини рўйхатга олиш, уларни жойлаштиришга рухсат бериш ва назорат қилиш жараёнлари марказлаштирилган электрон тизимга ўтказилиши белгиланган. Ҳужжатдан англашиладики, ташқи реклама объектларини жойлаштириш ҳуқуқи асосан электрон аукцион орқали берилади ва бу ҳуқуқ учун ягона ойлик йиғим жорий этилади. Бу – реклама жойларини бозор механизмлари асосида тақсимлашга хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, ҳар бир реклама объектига нисбатан “реклама жойи паспорти” расмийлаштирилиши мажбурий этиб белгиланган.