Шерзод Шерматов: «Дўсовни мен эмас, вазирлик судга берган»
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов собиқ депутат Қобил Дўсовнинг республика таълим тизими борасидаги танқидий фикрларига муносабат билдирди. Унинг айтишича, собиқ депутатни вазирлик судга берган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Вазирнинг сўзларига кўра, халқ таълими тизимида 700 минг ходим фаолият юритади ва уларни ёппасига хоин дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
«Ким ўзи у, қаердан бу масалага аралашиб қолди... майли, бу кейинги масала. Вазирлик судга берган. Нега? Сабаби ҳаммани хоин деган. 700 минг кишилик тизимни хоин дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Эски мактаблар бузилгани, умуман, бошқа камчиликларни мен ўзим кўп гапирганман. Ўзим гапирган гапни ўзимга қайтариш керак эмас. Ким бўлишидан қатъи назар шунча одамни хоин дегани учун жавоб бериши керак. У собиқ депутат бўладими, амалдаги депутат бўладими. Мен уни судга бермаганман, вазирлик судга берган.
Мен дуч келган одам билан тенглашмайман-ку! Нима қиламан у билан судлашиб? Ўзим фуқаро сифатида судга беришим мумкин. Бунга ҳам ҳаққим бор. Лекин нима қиламан ҳозир шу билан вақтимни кетказиб.
Вазирликда 700 минг нафар ўқитувчиларимиз, ходимларимиз бор. Уларнинг ҳаммасини «хоинсанлар, мен умуман Ўзбекистонда боламни ўқитмайман», деган гаплари учун жавоб бериши керак. Агар ўқитувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилмасак, бизлар нима қилиб юрибмиз», – деди Шерзод Шерматов.
Аввалроқ, Қобил Дўсов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали халқ таълими тизимини танқид қилгани, мазкур видеомурожаат сабабли Халқ таълими вазирлиги собиқ депутатга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритгани тўғрисида хабар берилган эди. Унда Дўсовнинг танқидий, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатгани айтилган.
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Қобил Дўсов ва Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги навбатдаги очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда фуқаролик иши юзасидан суд-лингвистик экспертизаси тайинлангани ва хулосаларга мувофиқ суд жараёни давом этиши маълум қилинган. Кейинги суд мажлиси қачон бўлиши ҳозирча номаълум.
Мавзуга оид
14:40 / 24.10.2024
“Кўпроқ инглиз тилида контент қилинг” – Шерзод Шерматов ўзбек ютуберларига кўпроқ даромад олиш учун тавсия берди
18:24 / 15.03.2024
Чет тилини биладиган ёшларнинг юқори маошли ишга жойлашишига ёрдам берилади
09:05 / 15.03.2024
“Америкага қилинган умумий экспортнинг ярмидан кўпи IT кесимига тўғри келади” – Шерзод Шерматов
12:12 / 05.01.2024