Ўзбекистон | 12:18 / 31.05.2021
15712
2 дақиқада ўқилади

Шерматов: «Юқори синф ўқувчилари таътилда ойига 15-20 млн қўшимча даромад топишмоқда»

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ёзда қўшимча даромад топиб оиласига ёрдам бераётган юқори синф ўқувчилари билан суҳбатда бўлиб, уларнинг ишлари билан танишди.

“Ёзда вақтларини беҳуда ўтказмай, ўз ҳалол меҳнати билан оила рўзғорига кўмаклашаётган юқори синф ўқувчиларидан тенгдошлари ўрнак олиши зарур.

Ургутга борганимизда қатор мактаб ўқувчилари билан ёз вақтида қўшимча даромад топишлари ҳақида суҳбатлашдик. Уларнинг орасида нафақат ўзи меҳнат қилиб 5-10 млн сўм ойига топаётганлари, балки ўзидан ташқари қўшимча 30-40 нафар ишчиларни ҳам ойлик билан таъминлаб, ўзи ойига 15-20 млн.дан ортиқ даромад топаётган тадбиркорлари ҳам бор эканлигини кўриб жуда хурсанд бўлдим” деб ёзади вазир ўз саҳифасида.

Маълум бўлишича, мактаблар рейтинги аввалги йилларда фақат ўқувчиларнинг ОТМга кириши билан белгилангани сабабли туман кўрсаткичи анча паст бўлган. Келаси йилдан натижалар нафақат ОТМга кириш кўрсаткичи, битирувчиларнинг бандлиги билан ҳам баҳоланади.

“Мактабларимиз ОТМга қизиқиши йўқ бўлган ўқувчиларни меҳнат бозорига тўғри йўналтириш бўйича сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиши керак” дея таъкидлаган Шерматов.

Вазирлик ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Ургут туманидаги мактабларнинг 21 нафар 8-11 синф ўқувчилари айни пайтда турли йўналишда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишган. Улар сандиқчилик, бешикчилик, заргарлик, тунукачилик, мебел устаси ва дурадгорлик, касаначилик, тўн тикиш ва пойабзал ишлаб чиқариш ва бошқа бир неча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланишади. Ўқувчилар бир ойда энг ками 2,5-3 миллиондан 25 миллионгача соф даромад қилишмоқда.

Аввалроқ, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 255-сонли мактаб ўқувчилари ҳам чойшаб ва ёстиқ жилдлари тикиш орқали 110 млн сўм даромад топишгани ҳақида хабар берилган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид