Ўзбекистон | 20:37 / 02.10.2020
26113
2 дақиқада ўқилади

ДТМ хатосини тўғрилади: тестда максимал балл тўплаган абитуриентлар бюджетга ўтказилди

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев спорт танловлари ғолиби сифатида имтиёзли бўлган абитуриентларнинг имтиёзи нотўғри ҳисоблангани ҳақида ёзган эди. 2 октябрь куни блогер хато тўғриланиб, абитуриентлар билан қайта ҳисоб-китоб қилинганини маълум қилди.

Давлат тест маркази матбуот хизмати Kun.uz'га ушбу маълумотни тасдиқлади. Унга кўра, 189 балл олган абитуриентларнинг ўрни қайта кўриб чиқилган ва натижалар ўзгарган.

Максимал балл тўплаган бўлса-да, контрактга киргани айтилган абитуриентлар бугун натижасини қайта текширганда, бюджетга киргани ҳақида маълумот олишмоқда.

«Ажойиб! 189 балл олган абитуриентлар, сиз ҳам тезда натижангизни қайта текшириб кўринг», – деб ёзади блогер.

Унинг қўшимча қилишича, контрактга ўтиш баллари ҳам ўзгарган. Кириш чизиғидан пастда турган абитуриентлар ҳам ўз натижасини қайта текшириб кўриши тавсия этилади.

«Масалан, Тошкент давлат юридик университети мисолида оладиган бўлсак, аввал давлат гранти учун ўтиш баллари 2та факультетда кўрсатилмаган, шунчаки чизиқча қўйилган эди. Чунки ўша йўналишларда квота доирасида спортчилар имтиёзли қабул қилинганди. Ана энди улар квотадан ташқарига олиб ўтилгандан кейин, давлат гранти учун ўтиш бали 189 балл деб белгиланган. Демак, 189 балл олганларнинг барчаси грантга қабул қилинган.

Яна бир муҳим томони, контракт учун ҳам кириш баллари бироз пастлаган. Яъни спортчилар квотадан ташқарига олиб ўтилгани натижасида контракт чизиғининг тагида турган ва озгина бали етмай қолган абитуриентлар мандат чизиғида юқорига кўтарилиб, контракт асосида қабул қилинган. Шунинг учун мандат чизиғи тагида турган абитуриентлар яна бир бор ўз натижаларини қайта текшириб қўйишларини сўраган бўлар эдим», – деб маълум қилди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

Мавзуга оид