Жаҳон | 21:20 / 31.10.2025
14929
9 дақиқада ўқилади

Покровск ва Мирноград қулаш арафасида: у ердаги вазият Украина учун қанчалик оғир?

Россия томони Украинанинг Донбассдаги йирик саноат шаҳри Покровск ва унинг йўлдош шаҳри Мирноград тўлиқ қамал ҳолатида қолганини эълон қилди. Украина томони буни рад этмоқда, аммо фронтнинг бу қисмидаги «оғир вазият» ҳақида гапирилмоқда.

Фото: Reuters

2024 йил феврал ойида Авдийивка қулаганидан сўнг, Россия қўшинлари кенг кўламли ҳужум кучларини шимоли-ғарбга – Покровск томон йўналтирганди. Ярим йил ичида улар шаҳар чеккасигача деярли 40 км масофани босиб ўтди ва 2024 йилнинг кузида Покровск-Мирноград агломерацияси чеккаларига яқинлашди.

Айрим ҳарбий таҳлилчилар бу аҳоли пунктлари бир-икки ой ичида ишғол қилинишини тахмин қилишмоқда. Бироқ, Украина қуролли кучлари 2025 йил бошида қўшимча кучлар олиб келиб, душманни Покровск атрофидан чекинтиришга муваффақ бўлганди.

Шу йилнинг ёзида ва куз бошида Россия қўшинлари тактикани ўзгартирди ва йирик механизациялашган кучлар билан штурм қилиш ўрнига кичик пиёда гуруҳлари Украина мудофаа тизимларини ёриб ўтиб, фронт ортида тўплана бошлади. Улар бундай ҳудудларда украин ҳарбийларига ҳужум қилиб, позицияларини тортиб олишди.

Украина қуролли кучларидаги пиёдаларнинг кескин танқислиги шароитида бу тактика охир-оқибат ўз самарасини берди. Октябр ойи охиридаги ҳолатга кўра, россияликлар Украина қуролли кучларининг ушбу участкадаги логистикасини имкон қадар мураккаблаштиришга ва ҳатто Покровскнинг айрим ҳудудларини назорат остига олишга муваффақ бўлди.

Шу билан бирга, расмий маълумотларга кўра, бомбалар ва дронларнинг ҳалокатли зарбалари натижасида деярли вайрон бўлган шаҳарда ҳали ҳам 1,2 мингга яқин тинч аҳоли вакиллари қолмоқда.

Қуршов борми ёки йўқ?

«2- ва 51-армияларнинг қўшилмалари ва ҳарбий қисмлари бир-бирига қараб ҳаракатланиб, Красноармейск ва Димитров (Россия ҳукумати Покровск ва Мирноградни шундай атайди) ҳудудида душманни қуршаб олишни якунлади. Украина қуролли кучларининг йирик гуруҳи блокланди», – деди 26 октябр куни Россия Федерацияси қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов президент Владимир Путинга ҳисобот бериш чоғида.

Герасимовнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг 31 та баталёни қуршовда қолган. Россия мудофаа вазирлиги аниқлик киритишича, бу тахминан 5,5 минг ҳарбий хизматчидир.

Покровск «қуршови» ҳақидаги сўзларни Путин 29 октябр куни яна бир бор такрорлаб, бир неча соатлик сукунат режимини эълон қилиш ва хорижий журналистлар гуруҳларини Покровскка юбориш ғоясини билдирди – шунда улар вазиятни ўзлари баҳолаши мумкин бўлади.

Қайд этиш керакки, Покровск ва Мирнограднинг тўлиқ қуршаб олингани ҳақидаги баёнотлар ҳатто россиялик ҳарбий блогерлар орасида ҳам шубҳа билан қабул қилинди.

Масалан, россиялик пропагандачи Семён Пеговнинг WarGonzo лойиҳаси ҳар куни эълон қиладиган ҳарбий ҳаракатлар хариталаридан кўриш мумкинки, 29 октябр ҳолатига кўра, РФ армияси Родинское, Красний Лиман ва Гришино қишлоқлари яқинидаги фронт участкасини ёпмаган. Булар Покровск ва Мирноград чеккаларидаги аҳоли яшаш пунктлари бўлиб, улар орқали ўтган йўллар ҳозирча Украина қўшинлари назоратидаги йўллардир.

Шу билан бирга, Россия қўшинларининг артиллерия ва дронлардан фаол фойдаланиш туфайли ушбу йўлларда автотранспорт ва зирҳли транспорт воситалари хавфсиз ҳаракатланиши деярли имконсиз. Украиналиклар бўлинмаларнинг логистикасини пиёда ёки юк ташувчи ерусти ва ҳаво дронлари ёрдамида таъминлашга мажбур бўлмоқда.

29 октябр куни тушдан кейин телеграм-каналлар Гришино томонидан Покровскка кираверишда Россия байроғи ўрнатилгани акс этган видеолавҳаларни эълон қилди. Бир неча соатдан кейин байроқни Украинанинг FPV дрони уриб туширди. Аммо бу ҳолат рус қўшинлари шаҳарга қанчалик чуқур кира олганини кўрсатади.

Россия армияси қанотлардан қамраб олишдан ташқари, Украина қуролли кучларининг Покровскдаги мудофаа позицияларига рўпарадан босим ўтказиб, жанубий ва жануби-ғарбий йўналишлардан ҳужум қилмоқда.

Бу ерда руслар шаҳар атрофида мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлган, шунингдек, шаҳарни деярли тенг иккига бўлувчи темирйўлдан жанубдаги айрим ҳудудларни назорат остига олган.

Темирйўлдан шимолдаги баъзи участкаларда ҳаракатланиш ва шаҳарнинг ғарбий чеккасидаги йирик саноат зонаси учун жанглар олиб борилмоқда.

Гришино қишлоғи томонидан Покровск шаҳрига кираверишдаги стелада Россия байроғи. У бир соатча осилиб турди, кейин Украина дрони томонидан уриб туширилди.

Бундан ташқари, Россия ҳарбийлари Мирнограднинг шарқий чеккаларига ҳарбий техникалар колонналари билан ҳужум бошлаган. Бу ерда уларнинг асосий мақсади 5/6 конининг терриконини ва кўп қаватли квартални назорат қилиш бўлиб, бу пастликда жойлашган бутун шаҳарни назорат қилиш имконини беради.

Агар бир-бирига қараб келаётган рус қўшинлари Покровск ва Мирноградда ҳалқани ёпишга муваффақ бўлса, улар амалда бу агломерациядаги Украина мудофаасини иккига ажратиб юборади ва Новопавловка ва Лисовка яқинидаги жануби-шарқий чеккаларда ҳали ҳам алоҳида позицияларни ушлаб турган Украина қуролли кучлари бўлинмалари қуршовда қолади.

«Катта кулранг зона»

Украина қуролли кучларининг фронтнинг ушбу участкаси учун масъул бўлган 7-десант-штурмчи қўшинлари корпуси қўмондонлиги Покровскка кираверишдаги стела ёнида Россия байроғи ўрнатилиши билан боғлиқ вазиятни изоҳлашдан бош тортган.

Қўмондонлик таъкидлашича, россияликлар Покровск агломерациясини қуршаб олиш учун 11 мингга яқин ҳарбий хизматчини жалб қилган. Уларнинг бир қисми тўғридан тўғри шаҳарнинг ўзига кира олди. Ҳарбий таҳлилчиларнинг айтишича, бу тахминан 200-300 киши.

28-29 октябр кунлари Украина қўшинлари Покровскда Россия армиясининг 18 нафар жангчисини йўқ қилди, дея хабар берди корпус қўмондонлиги.

Шунингдек, душман мазкур ҳудудда мустаҳкам ўрнашиб қолиш ниятида эмаслиги, балки Украина мудофааси «кучларини тарқатиш» ва шаҳарга қуруқликдаги логистика йўлакларини тўсиб қўйиш учун шимолга қараб ҳаракатланишни режалаштираётгани таъкидланган.

Украинанинг OSINT таҳлилий лойиҳаси DeepState Покровскдаги вазиятни «танглик ёқасида» деб атаган.

Экспертлар қайд этишича, турар жой биноларига кирган россияликлар қўпорувчилик, пистирма уюштириш, йўлларни миналаш, Украина фронт орти бўлинмалари, хусусан, радиоэлектрон уруш бўлинмалари, артиллериячилар ва учувчисиз учиш аппаратлари операторларига ҳужум қилиш билан шуғулланмоқда.

Покровск чеккасидаги ичида рус ҳарбийлари бўлган уйга зарба берилиши
7th Brigade of the Air Assault Forces of the Armed Forces of Ukraine

«Энг ёмони  душман Мирноград ва бутун шаҳар агломерацияси йўналишидаги логистикани бузишга муваффақ бўлди. Пиёдалар пистирмаларидан ташқари, душман дронлари фаол ҳаракат қилмоқда, улар ҳаракатларни, таъминотни ва бошқа нишонларни кузатади ва уларга зарба беради. Душман операторларининг фаоллиги шаҳарга пиёда аскарлар кира бошлагандан сўнг сезиларли даражада ошди. Душман дронлари шаҳарни аста-секин ютиб юбориш учун бизнинг логистикамизни бузишга ёрдам беради», – дейилади DeepState хабарида.

Таҳлилчилар таъкидлашича, бундай вазиятда Украина қўмондонлиги россияликларнинг Покровскка кириш йўлларини тўсиб қўйиши ва турар жой даҳаларида тўпланиб, яшириниб олган бўлинмаларни катта куч билан тозалаши керак.

«Покровскдаги вазият ўта оғир ҳолатга келиш арафасида ва шунчалик ёмонлашишда давом этмоқдаки, барчасини тузатишга кеч бўлиши мумкин», – дейилади ҳисоботда.

DeepState онлайн харитасида Покровскнинг катта қисми ва Мирнограднинг шарқий чеккалари 29 октябр ҳолатига кўра кулранг зонада кўрсатилган. Яъни у ерда Россия қўшинларининг ҳаракатланиши қайд этилган, аммо уларнинг бу ҳудудни ишончли назорат қилаётгани ҳақида маълумот йўқ. Бунинг сабаби шундаки, фронтнинг кўплаб участкаларида ҳали ҳам украинларнинг позициялари бор, улар энди россияликларнинг орқа томонида қолмоқда.

Бу, масалан, 2023 йил баҳорида Бахмутдаги вазиятдан сезиларли даражада фарқ қилади, ўшанда россиялик ҳарбийлар душманни аста-секин кварталма-квартал тозалаб, сиқиб чиқарган эди. Покровскдаги ҳозирги вазият DeepState таҳлилчиларига бутун шаҳарни «катта кулранг зона» деб аташга имкон беради.

Россияликларнинг Авдийивка ёки Кураховени эгаллаб олиш операцияси мисоли шуни кўрсатадики (бу шаҳарларда ҳам Украина бўлинмалари қуршов ёқасида қолганди), бу ҳолат узоқ давом этиши мумкин эмас. Агар логистика йўллари ўз вақтида хавфсиз қилинмаса, сўнгги лаҳзада қўшинларни жуда қийин шароитларда, катта қурбонликлар берган ҳолда олиб чиқишга тўғри келади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид