Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болтон: Украина НАТОга киришга интилишдан воз кечмаслиги керак
Россия билан келишув Украинага фақат қисқа муддатли “нафас ростлаш” имконини бериши мумкин, деб ҳисоблайди АҚШ президенти Доналд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон. У урушни якунлаш бўйича музокараларда Россияга ён босишдан огоҳлантирмоқда.
Фото: Sebastian Elias Uth/Ritzau Scanpix/picture alliance
АҚШ президенти Доналд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон Украинага урушни тўхтатиш бўйича музокараларда Россияга ён босмасликни маслаҳат қилди. “Ҳатто ҳозир келишув тузилса ҳам, икки-уч йилдан кейин руслар барибир учинчи марта ҳам ҳужум қилади”, — деди Болтон 18 декабр, пайшанба куни чиққан Der Spiegel ҳафтаномасига берган интервюсида.
“Бу — стратегик дилемма, уни Трамп ҳам, унинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам, (АҚШ президентининг куёви — таҳр.) Жаред Кушнер ҳам тушунмайди. Улар келишув тузишни хоҳлайди. Қандай шартларда бўлиши уларга мутлақо фарқли эмас, муҳими — бу 31 январгача бўлсин, шунда Трамп Нобел тинчлик мукофотига номзод бўлишга улгуради”, — деди у.
Россиянинг Украинага қарши урушини якунлаш бўйича Берлинда яқинда бўлиб ўтган музокараларни шарҳлар экан, Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Киевнинг НАТО аъзолигига интилишдан воз кечиб, эвазига хавфсизлик кафолатлари олиш ҳақидаги мулоҳазаларини “улкан хато” деб атади. “Мен бунга рози бўлмасдим. Трампнинг ўзи ҳам НАТО шартномасининг 5-моддаси бўйича ишонмайди. Унда Трампдан НАТОдан ташқари бериладиган хавфсизлик кафолатларининг қиймати қандай? Бу — хавфсизлик иллюзияси”, — деб таъкидлади сиёсатчи.
Болтон Трампнинг биринчи президентлик муддатида 17 ой давомида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган. У стратегик масалалар бўйича Оқ уй раҳбари билан келишмовчиликлар сабаб истеъфога чиққан.
Ҳозиргача Украина расман Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлиш мақсадидан воз кечмаган. “Биз шундай хавфсизлик кафолатларини истардик. Уларга лойиқмиз деб ҳисоблаймиз”, — деди Украина президенти Володимир Зеленский 18 декабр куни Брюсселда ЕИ саммитида журналистларга. Унинг айтишича, НАТО аъзолиги мақсадини мустаҳкамлаб қўйган конституцияга ўзгартириш киритишнинг ҳожати йўқ. Бу қарорни Украина халқи қабул қилиши керак, деди Зеленский.
У АҚШ Украинанинг алянсга киришига қарши чиқишда давом этаётганидан афсус билдирди. “Бу масалада АҚШ сиёсати изчил. НАТО аъзолиги бўйича позиция ўзгармаяпти. Улар бизни унда кўрмаяпти. Ҳозирча”, — деди Зеленский. У келажакда бу позиция ўзгаришига умид билдириб: “Балким кимдир Украина армияси қанчалик кучли эканини ва у НАТОни заифлаштирмасдан, аксинча мустаҳкамлашини тушуниб етар. Бу — сиёсат масаласи”, — деди.
Вақтинчалик муқобил вариант сифатида Зеленский Украина учун ЕИга аъзо бўлишни таклиф қилди. “Аслида, Европа Иттифоқига аъзолик — хавфсизлик кафолатларимизнинг бир қисми, — деди у. — Фақат иқтисодий эмас, геосиёсий жиҳатдан ҳам”. Киев учун Россия бу қарорга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги муҳим.
Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер 14–15 декабр кунлари Германия пойтахтида Украина ва бир қатор Европа мамлакатлари вакиллари билан музокаралар ўтказган. Бу учрашувлар якунлари бўйича Америка томони уруш тугаши ҳолатида Украинага хавфсизлик кафолатлари беришга ваъда қилган. Бироқ Киев томонидан эҳтимолий ҳудудий ён беришлар масаласи ҳал этилмай қолган.
Декабр ойи бошида Уиткофф ва Кушнер Москвага бориб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказган. Томонлар бу музокаралар тафсилотларини ошкор этмаган.