Ўзбекистон | 19:25 / 01.03.2023
32088
2 дақиқада ўқилади

«Эркин ОАВ муҳитини яратиш – пропагандага энг яхши жавоб» — Блинкен

Энтони Блинкен Россия пропагандаси жойларда кучли маҳаллий нашрлар қанчалик аҳамиятга эга бўлишини кўрсатаётганини қайд этди. У бу мавзуни президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам муҳокама қилган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тошкентдаги матбуот анжуманида ташқи пропагандага қарши самарали кураш олиб боришда маҳаллий нашрлар катта ўрин тутишини қайд этди. У блогер Никита Макаренконинг Ўзбекистон Россия пропагандаси маҳаллий аҳолида шакллантирган фикрни ўзгартиришда катта босим ҳис қилаётгани, АҚШ бу борада Ўзбекистонга қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб қайтарди.

«Ўйлашимча, бу [пропаганда] жуда ҳам кучли, фаол ва яхши таъминлаган маҳаллий ОАВнинг аҳамияти қанчалик юқорилигини кўрсатмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев билан муҳокамамизда ҳам бу ҳақда гаплашдик. Қисман Россия ёки бошқа манбалар томонидан келаётган дезинформацияга қарши туриш борасида… дастуримиз доирасида мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз. Ҳукумат билан бевосита муносабатларимизда биз ОАВ бемалол ишлаши учун ва мустақил овозлар пайдо бўлиши учун имкониятлар яратишга чақирамиз. Турли маълумотларнинг борлиги ва аҳолининг ўзига танлаш имкониятини яратиш ҳақида айтиб келамиз.

Дарҳақиқат, Россия бу ерда ва дунёнинг бошқа қисмларида сезилаётган жуда кучли ва мустаҳкам пропаганда ва дезинформация тизимини яратган. Ва бунга энг яхши жавоб, албатта, ҳақиқатан ҳам эркин, мустақил, очиқ ОАВ учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, бу ҳақиқатларни одамларга етказиш ва уларга ўз қарорларини қабул қилиш имконини беради», дея Блинкеннинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид