Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳмад аш-Шаръа АҚШга борди. У Трамп билан нимани гаплашади?
Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа Вашингтонга расмий ташрифини амалга оширмоқда. Яқиндагина АҚШ унинг боши учун 10 млн доллар мукофот эълон қилганди, энди эса президент Доналд Трамп уни Оқ уйда Сурия етакчиси сифатида қабул қилади. Улар нимани муҳокама қилишади?
Bandar Al-Jaloud/Saudi Royal Court/Handout/Anadolu via Getty Images
Аш-Шаръанинг Вашингтонга келиши том маънода тарихий – Сурия президентларидан ҳеч бири илгари АҚШга расмий ташриф билан бормаган.
Охирги марта юқори мартабали суриялик амалдор Оқ уйга 1999 йил декабрида ташриф буюрган. Бу Сурия ташқи ишлар вазири Фаруқ аш-Шаръа бўлиб, ўшанда у Исроил билан тинчлик музокараларида иштирок этганди.
Кейинги чорак аср давомида мамлакат фуқаролар уруши, қатағонлар ва халқаро изоляция билан Асадлар ҳукмронлигидан тузум қулашигача бўлган йўлни босиб ўтди. Дамашқ «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» кучлари томонидан қўлга олиниб, Асад Москвага қочиб кетганидан сўнг, Суриянинг муваққат раҳбари ва «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» раҳбари Аҳмад аш-Шаръа узоқ йиллар давомида Дамашқ билан алоқани узган давлатлар билан муносабатларни тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Аш-Шаръанинг Вашингтонга расмий ташрифи арафасида БМТ Хавфсизлик кенгаши уни, шунингдек, мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбари Анас Хаттобни ўз санкциялар рўйхатидан чиқариб ташлади. Шаръа 2014 йилдан бери ҲТШ (бу гуруҳ ўтмишда «Ал-Қоида»нинг Суриядаги қаноти эди) аъзоси сифатида БМТ санкциялари остида бўлган.
«Ушбу ҳужжат қабул қилиниши билан кенгаш Сурия янги даврга қадам қўяётганини тан олувчи кучли сиёсий сигнал юборади», – деган овоз беришдан кейин АҚШнинг БМТдаги элчиси Майк Уолц.
Reuters агентлиги ёзишича, Вашингтон бир неча ой давомида Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосини аш-Шаръага қарши санкцияларни бекор қилишга ундаб келган. Тегишли резолюция ишлаб чиқилиб, АҚШ дипломатлари томонидан овозга қўйилган. Ўтган йил декабр ойида АҚШ аш-Шаръани ҳибсга олишга ёрдам бергани учун 10 млн доллар миқдоридаги мукофот таклифини қайтариб олганди.
Вашингтон ва биринчи навбатда президент Доналд Трамп мамлакат етакчисига айланган собиқ жангарини очиқчасига қўллаб-қувватламоқда (АҚШ президенти аввалига Сурияда ҳокимият алмашишига бошқача муносабатда бўлганди).
«Ёш, келишган йигит, бақувват йигит. Қатъий характерли, жуда қатъий – жангчи. Унда вазиятни назорат остида ушлаб туриш учун барча имкониятлар бор», – деганди Доналд Трамп Air Force One бортида журналистларга май ойида Ар-Риёдда аш-Шаръа билан биринчи қисқа учрашувидан кейин.
Ўшанда Оқ уй раҳбари Суриядан санкцияларнинг бир қисми олиб ташланганини маълум қилганди.
«Президент Яқин Шарқда бўлганида, Сурияга тинчлик учун ҳақиқий имконият бериш учун у санкцияларни бекор қилиш бўйича тарихий қарор қабул қилди ва ўйлайманки, маъмурият (АҚШ президенти) уларнинг янги раҳбарлиги остида бу жабҳада яхши тараққиётни кўрмоқда», – деди Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт Сурия муваққат президентининг Вашингтонга бўлажак ташрифига изоҳ бераркан.
Хўш, икки етакчи нима ҳақида гаплашишади ва АҚШнинг барча сиёсатчилари Трампнинг Суриянинг янги раҳбариятига берган баҳосига қўшиладими? BBC шу мавзуни таҳлил қилди.
ИШИДга қарши кураш
АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Барак Баҳрайндаги хавфсизлик бўйича конференцияда қилган чиқишида аш-Шаръанинг Вашингтонга ташрифи чоғида Дамашқ ИШИДга қарши кураш бўйича 88 давлатдан иборат коалицияга қўшилиши тўғрисидаги битим имзоланиши кутилаётганини айтди.
Ўша вақтда Баҳрайнда бўлган Сурия ТИВ раҳбари Асад аш-Шибоний ҳам бу мавзу бўлажак учрашув кун тартибида борлигини тасдиқлади.
«Бугун биз ИШИДга қарши кураш олиб бормоқдамиз... Бу йўналишдаги ҳар қандай саъй-ҳаракатлар халқаро қўллаб-қувватлашни талаб қилади», – деган аш-Шибоний ва аш-Шаръа Трамп билан «санкцияларни бекор қилишдан тортиб бошқа кўплаб мавзулар»ни муҳокама қилишини қўшимча қилган.
ИШИД энг кучайган даврида – 2014 ва 2017 йиллар оралиғида – Сурия ва Ироқ ҳудудларининг қарийб учдан бир қисмини назорат қилган.
АҚШ бошчилигидаги коалиция ва унинг иттифоқчилари 2019 йилда ИШИД жангариларини Суриядан узил-кесил сиқиб чиқарган, бироқ июн ойида Reuters агентлиги берган хабарга кўра, гуруҳнинг қолдиқлари Сурияда яна мустаҳкам ўрнашиб олиш учун эски тузумнинг қулашидан фойдаланишга уринмоқда.
Бундан ташқари, гуруҳ АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган курд тузилмалари назорати остидаги қамоқхоналарда сақланаётган минглаб жангариларини озод қилишга уриниши мумкинлиги борасида хавотирлар мавжуд.
Дамашқ нимага эришмоқчи?
Аш-Шибоний Оқ уйдаги учрашувда санкцияларни бекор қилиш мавзуси ҳам муҳокама қилинишини айтганда, кўпроқ «Цезар қонуни» деб номланувчи Сурия фуқароларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни назарда тутган бўлиши мумкин.
Қонун номи Суриядан қочган ва қийноқ излари бўлган маҳбуслар жасадларининг фотосуратларини олиб чиққан полиция фотографи тахаллусидан олинган. Бу қонун билан Сурия иқтисодиётига нисбатан қатъий чекловлар киритилган. У 2019 йилда Конгресс томонидан қабул қилинган ва кейинги йилнинг ёзида кучга кирган.
Бу санкциялар тўлиқ бекор қилиниши учун Конгрессда овоз бериш жараёни ўтказилиши керак.
Сурия ТИВ раҳбари сентябр ойида америкалик қонунчиларни бундай ҳужжатни қабул қилишга кўндиришга уринган эди. У Капитолий тепалигида, шунингдек, АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан бир нечта учрашувлар ўтказди.
Шундан сўнг, нуфузли республикачи сенатор Линдси Грэм санкцияларни бекор қилиш учун овоз беришдан олдин «Суриянинг ИШИДга қарши коалицияга расман қўшилиши ва Исроил билан янги хавфсизлик келишувига эришишини кўриш»ни исташини айтди.
Октябр ойида Сенат «Цезар қонуни»ни бекор қилишни қўллаб-қувватлади. Бироқ, Вакиллар палатасининг баъзи нуфузли аъзолари Дамашқнинг янги ҳукуматига босимни юмшатиш масаласида шубҳа билдирмоқда – айниқса, йил бошида аш-Шаръа кучлари конфессиялараро тўқнашувларга аралашганидан кейин, деб ёзди Wall Street Journal.
Асад режими қулаганидан кейин мамлакатда камида учта қуролли тўқнашув бўлгани маълум.
Дастлаб, март ойида Башар Асаднинг собиқ хавфсизлик кучлари ходимлари ҳукумат қўшинларига пистирма қўйишди, бу бир неча кун давом этган шиддатли жангларга ва 1600 дан ортиқ одам, асосан алавийларнинг (Асадлар оиласи мансуб бўлган ва анъанавий равишда унинг тарафдорлари деб ҳисобланган диний-этник гуруҳ) ўлимига олиб келди.
Май ойида зўравонлик мамлакатнинг жанубий ҳудудларини қамраб олди – Дамашқ чеккасида ва Сувайдада камида 102 киши, жумладан 70 га яқин друзлар ҳалок бўлди. Ўша ёзда Сувайдада бир томондан друзлар, иккинчи томондан ҳукумат кучлари томонидан қўллаб-қувватланган бадавийлар ўртасида янги қарама-қаршилик бошланди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўтган ҳафтада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси собиқ тузум қулаганидан деярли бир йил ўтгач, Суриядан «ўнлаб ўғирликлар ва зўравонлик билан йўқолишлар ҳақида хабарлар» келишда давом этаётгани ҳақида хабар берган эди. Маълумотларга кўра, йил бошидан буён Сурияда 97 киши бедарак йўқолган ёки ўғирлаб кетилган.
Исроил билан келишув
Сурия ва Исроил аслида Исроил давлати ташкил топганидан бери уруш ҳолатида, аммо Дамашқ уни расман тан олмаган.
Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилган дастлабки кунлардаёқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 1974 йилда Исроил ва Сурия ўртасида тузилган битим энди амал қилмаслигини маълум қилди (у икки давлатнинг умумий чегараси бўйлаб БМТ назорати остида буфер зона яратишни назарда тутган эди). Шундан сўнг Исроил ҳарбийлари буфер ҳудуднинг Сурия томонда жойлашган қисмини эгаллаб олди ҳамда Сурия ҳудуди бўйлаб юзлаб зарбалар йўллади. Дамашқ бунга жавоб қайтармади.
«Биз Сурия янги урушга қўшилишини истамаймиз ва Сурия ҳозир бирор томонга, жумладан, Исроилга таҳдид соладиган ҳолатда эмас», – деб тушунтирган Сурия ТИВ раҳбари.
Вашингтон босими остида сўнгги ойлар давомида Сурия ва Исроил 1974 йилги шартнома ўрнини босиши керак бўлган хавфсизлик шартномаси бўйича кескин музокаралар олиб борди.
Суриянинг ушбу музокаралардаги вакили аш-Шибонийнинг айтишича, бу музокараларда «Исроил жанубий чегараларда безовта қилишда давом этадиган реалликни қонунийлаштирмайдиган» келишувга эришишга эътибор қаратилмоқда.
Сентябр ойида бўлиб ўтган музокараларнинг навбатдаги раундида Исроил Сурияга тақдим этган таклифларга кўра, Дамашқдан Исроил чегарасигача бўлган жануби-ғарбий ҳудуд қўшинлар ва қурол-яроғларни жойлаштириш учун турли чекловлар қўйилган учта ҳудудга бўлиниши, мавжуд буфер зонаси эса Сурия томонидан икки километрга кенгайтирилиши керак.
Дамашқ Исроил ҳарбийларини Асад режими қулаганидан кейин улар эгаллаган ҳудудлардан олиб чиқиб кетишни ва БМТ кузатувчиларини мамлакатлар ўртасидаги буфер зонага қайтаришни талаб қилади. Сурия муваққат президенти Исроил Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва ҳаво ҳудудини ҳурмат қилиши кераклигини қайд этган (Исроилнинг яна бир талаби Сурия осмонидан Эронга эҳтимолий зарбалар учун йўлак сифатида фойдаланиш имкониятини сақлаб қолишдир).
Financial Times манбаларига кўра, Вашингтон Исроилнинг максималистик талабларига қарамай, Дамашққа у билан келишув тузиши учун босим ўтказмоқда. Аш-Шаръа бундай даъволарни рад этган, бироқ янги шартнома имзоланиши Сурия учун «зарурат» эканини тан олган.
Оқ уй бу келишув тузилганидан кейин олдинга силжиш бўлишига ва Сурия Доналд Трампнинг биринчи муддатининг асосий маҳсули бўлган «Иброҳим келишувлари» доирасида Исроил билан муносабатларни нормаллаштирган бошқа араб давлатларига қўшилишига умид қилмоқда.
Бироқ Дамашқдагилар бу масала ҳали кўриб чиқилмаётгани ва муҳокама қилинмаётганини таъкидлаган.
Мавзуга оид
22:50 / 31.03.2026
Трамп Эроннинг бойитилган уран захираларини назоратга олмоқчи эмаслигини айтди
22:10 / 31.03.2026
Трамп атрофидагилар Гренландияда «таъсир ўтказиш» операцияларини бошлади
21:33 / 31.03.2026
Италия АҚШнинг Яқин Шарққа учаётган самолётлари Сицилияга қўнишига рухсат бермади
20:41 / 31.03.2026