Ўзбекистон | 14:04 / 30.03.2021
18473
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ниҳоят манфаатлар тўқнашувига оид қонун қабул қилинади

Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича қонун қабул қилинади. Унда давлат хизматчиларининг бизнес билан шуғулланиши (ёки шуғулланмаслиги) масалалари қамраб олинади. Манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказиш Жиноят кодексига киритилади.

29 март куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида коррупцияга қарши курашиш муҳокама қилинди.

Сенат ахборот хизмати Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, Жиззах, Андижон, Навоий ва Хоразм вилоятларидаги 59 та қурилиш объекти бўйича давлат харидларини амалга оширишда молиявий хато ва камчиликлар, шунингдек, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш натижалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотларга 13 та тақдимнома киритиб, 25 та сўровнома ва 3 та огоҳлантириш хати юборган. Бу сўровномалар бўйича прокуратура органлари томонидан 14 та жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Йиғилишда кенгаш раиси Танзила Норбоева давлат харидлари соҳасидаги муаммоларга тўхталди.

«Масалан, давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларининг олдини олиш, хусусан буюртмачи, харид комиссиялари аъзолари ва иштирокчилар ўртасида қариндошлик ёки бошқа алоқалар мавжудлигини аниқлаш бўйича механизмлар мавжуд эмас.

Шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари бузилгани, манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилган бўлса-да, харид иштирокчиларига жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Шу билан бирга, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар муассислигида ташкил қилинаётган субъектларнинг аксарияти давлат харидлари порталида рўйхатдан ўтмай хўжалик фаолиятини амалга оширмоқда, корпоратив буюртмачиларнинг мунтазам янгиланиб бориладиган реестри юритилмаяпти», – деди Сенат раиси.

Бу борада Аксилкоррупция агентлиги (А.Бурҳонов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ва Давлат хизматлари агентлиги (У.Муҳаммадиев)га 2 ой муддатда давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларини ахборот технологияларини жорий қилиш орқали масофавий аниқлаш ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди.

Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Аксилкоррупция агентлиги (А. Бурҳонов) ва Молия вазирлиги (Т.Ишметов)га 3 ой муддатда давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилганлиги аниқланган тақдирда, етказилган зарар миқдоридан келиб чиқиб жиноий жавобгарлик белгилаш бўйича таклиф ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ортиқов) ва Молия вазирлиги (Т.Ишметов)га 3 ой муддатда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун таъсирига тушувчи корпоратив буюртмачиларнинг тўлиқ реестрини шакллантириб, давлат харидлари порталида очиқ эълон қилинишини ва келгусида реестрнинг мунтазам янгиланиб борилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Танзила Норбоева манфаатлар тўқнашувини тартибга солишга оид қонун қабул қилишни тезлаштириш лозимлигини айтди.

«Амалиётда шундай ҳолатлар кузатилмоқдаки, унга ҳуқуқий баҳо бериш қийин.

Ҳукуматнинг 2016 йил 2 мартдаги қарори билан «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари» тасдиқланган. Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда давлат хизматчиси ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши, бу тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шартлиги белгиланган.

Қолаверса, давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. Қонунчиликда давлат хизматчилари ўз раҳбарини тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шартлиги ҳам белгиланган.

Лекин, шундай ҳолатлар содир бўлганда ҳуқуқий баҳони ким беради? Жавобгарлик масаласи қандай бўлади?

Давлат хизматчиларининг тадбиркорлик субъектлари таъсисчиси бўлиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Умуман олганда, давлат хизматчиси нечта тадбиркорлик субъектига таъсисчи бўлиши мумкин?

Масалан, Сербия, Чехия, Молдова, Хорватия, Латвия, Литва, Қирғизистонда манфаатлар тўқнашуви алоҳида қонун билан тартибга солинган.

Франция, Германия ва Латвияда манфаатлар тўқнашуви бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган», – таъкидлади Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Норбоева адлия вазири Русланбек Давлетовга қуйидаги вазифаларни топширди:

  • уч ой муддатда манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича қонун лойиҳаларини белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишни тезлаштириш;
  • бир ой муддатда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга маҳаллий давлат ижроия ҳокимияти вакиллари томонидан фаолиятни амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви юзага келганида ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги қоидаларни киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

Мавзуга оид