Жамият | 20:02 / 02.02.2023
98714
6 дақиқада ўқилади

Кимёвий кастрация, очиқ реестр ва узоқ йиллик қамоқ: Хорижда педофиллар қандай жазоланади?

Тошкентда 12 яшар қизнинг ваҳшийларча ўлдирилиши жамоатчиликни ларзага келтирди. Жиноятчига қатъий жазо бериш ҳақида ҳамма гапираётган бир пайтда, қонунчилик ҳақида ўйламасдан илож йўқ. Афсуски, Ўзбекистон қонунчилиги педофил жиноятчиларга нисбатан анча меҳрибон.

31 январь куни Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилди. Ўтган ёзда марҳума қизалоқнинг уйида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган 29 ёшли эркак гумонланувчи сифатида қўлга олинди.

Ижтимоий тармоқларда қотил-педофилга қатъий жазо берилишини талаб қилишмоқда. Жамоатчилик бундай шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши лозимлигини таъкидлаб бонг уряпти. Ўзбекистон қонунчилигида бундай шахсларга нисбатан қандай жазо чоралари бор?

Қуйида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 129-моддасидан иқтибос:

16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш:

Шахснинг 16 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолда, унга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш – 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб содир этилган бўлса, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Кодекснинг 118-моддаси:

Номусга тегиш:

Шахснинг 18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда / яқин қариндошга нисбатан / ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса / оғир оқибатларга олиб келган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

14 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

11 январ куни Адлия вазирлиги аёллар ва болалар зўравонлигига қарши чораларни кучайтириш мақсадида Сенат ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини эълон қилган эди. Аммо лойиҳа яратувчилари унда энг керакли жазо чоралари, хусусан вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш юзасидан киритилган бандлар “кесиб” ташланганини айтишди.

Қайд этилишича, Сенат ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан вояга етмаганларга қарши жинсий жиноят содир этган шахсларни лавозимларни эгаллаш ва вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш таклиф қилинган. Аммо муҳокамадаги лойиҳада бу таклиф олиб ташланган. Бу билан эса янгиланаётган қонунда болалар зўравонлигига қарши жазо чораларини қатъийлаштиришда деярли катта ўзгариш бўлмайди.

Фото: Profimedia

Дунё тажрибасида педофилияга жазо қандай?

Қозоғистонда 2016 йилда имзоланган “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, қўшни давлатда педофилларга нисбатан кимёвий кастрация шаклида кескин жазо чораси қўллашга рухсат берилди. Бу ҳақда мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ўз расмий саҳифасида эълон қилган эди. Бу жиноятни содир этганлар эса Қозоғистон Жиноят кодексининг 50-моддасига биноан умрбод озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган.

Украинада бундай жиноят учун 7 йилдан 15 йилгача (амнистиясиз) қамоқ жазоси берилади. Педофилларнинг очиқ реестри юритилади ва мажбурий кимёвий кастрация қилинади. Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганлар устидан умрбод маъмурий назорат ўрнатилган.

Полшада ҳам педофилларнинг очиқ реестри бор. Улар мунтазам кузатувда бўлади. Уларнинг рўйхати расмлари билан ички ишлар органлари, мактаблар, боғчалар, оромгоҳлар – умуман болалар билан ишлайдиган ҳар бир ташкилотда мавжуд. Бу юртда ҳам шундай жиноятни содир этганлар кастрация ва 15 йилдан 20 йилгача қамоққа маҳкум қилинади.

Америкада педофилларга кимёвий ва мажбурий кастрация қилинади. Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун қамоқ жазосини ўтаб чиққан шахслар суратлари ва маълумотлари интернетдаги миллий маълумотлар базасида очиқ эълон қилинади. Уларга болалар билан ишлайдиган ташкилотлар, ҳудудлар яқинига бориш тақиқланади. Махсус почта рўйхати орқали барча ота-оналарга бундайларнинг яшаш манзили тақдим этилади.

Россияда педофиллар ҳатто умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилганда 4 йилдан 20 йилгача қамоқ ва мажбурий кастрация жорий этилган. 2018 йилдан бошлаб эса бу жиноят учун умрбод қамоқ жазоси қўлланиш қонунга киритилди.

Германияда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ўлим билан якун топганда қотилга умрбод қамоқ жазоси берилади. Жиноят турига қараб 6 ойдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш мумкин. Германияда бундай одамлар руҳий хаста ҳисобланади ва уларга мажбурий даво чоралари қўлланади. Шу билан бирга, ихтиёрий жарроҳлик кастрацияси қилинади.

Шунингдек, Хитой, Яқин Шарқ, Африка, Лотин Америкаси, Эрон, Жанубий Корея ва Саудия Арабистонида болаларни зўрлаганлик учун ўлим жазоси бор.

Дунё тажрибасида кўриш мумкинки, кўплаб ривожланган мамлакатлар қонунларида болаларга нисбатан жинсий зўравонликни аёвсиз жазолаш йўлга қўйилган. Бу тоифадаги шахслар рўйхати, барча маълумотлари очиқ сақланади. Ҳаттоки ота-оналарга уларнинг яшаш манзилларигача тақдим этилади.

12 ёшли қиз зўравонлик қурбонига айланиши бизда ҳам бундай жиноятга қатъий ва муқаррар жазо кераклигини кўрсатди.

Янгиланаётган қонун лойиҳасида бу борада аниқ кўрсатмалар берилиши, ҳеч қандай бўшлиқлар бўлмаслиги керак.

Акс ҳолда болаларимиз хавфсизлигига таҳдидлар сақланиб қолаверади.

Гулмира Тошниёзова, журналист

Мавзуга оид