Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ксенофобия Россиянинг фундаментал муаммоси” – Москвадаги фожианинг сабаблари ҳақида суҳбат
16 декабрь куни Москва областидаги мактаблардан бирида тожикистонлик меҳнат муҳожири фарзанди, 10 ёшли Қобилжон Алиев шу мактабнинг 15 ёшли ўқувчиси Тимофей томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Бу қотиллик Россиядаги миллатчилик мавзусини яна бир бор муҳокамалар марказига чиқарди. Рус жамиятида бундай кайфият пайдо бўлиши нималар билан боғлиқ? Ҳукумат бунга қарши курашадими? Kun.uz фаоллар билан шу каби саволлар атрофида суҳбатлашди.
Суҳбатда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, ҳам сиёсатшунос, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам жамиятшунос Ҳамид Содиқ ҳамда ҳуқуқ социологиясида профессор Рустам Ўринбоев иштирок этди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.
“Улар ксенофобия билан патриотизмни қориштирди ва бу – Россиянинг фундаментал муаммоси”
Камолиддин Раббимов айни ҳолатга ижтимоий тармоқларда янграётган “фашизм” атамасини ишлатиб бўлмаслигини, бу ижтимоий ҳаракат учун сиёсий мотив бўлиши кераклигини билдирди.
“Яъни фашизм қачон фашизм бўлади? Қачонки, агар бу кенг ҳаракат бўлиб, бу ерда кўпчилик иштирок этадиган бўлса ва мана шу ҳаракатнинг аъзоларига ёки бутун бир ҳаракатга фашизм дейиш мумкин. Бу – якка шахс, бўлиб ҳам ўспирин, яъни ўсмир боланинг битта қилган иши. Энди, ўзбек ижтимоий тафаккурида фашист деган сўзни ишлатамиз, қачонки ваҳшийлик юқори бир даражага чиқадиган бўлса. Кимдир бошқага, заифга нисбатан аёвсиз куч ишлатаётган бўлса, биз инстинкт шаклида, яъни инстинктив бир тарзда уни фашист деб атаймиз. Лекин социологик таърифларга кўра, фашизм бу асосан кенг, мафкуравий бир платформага, мафкуравий қарашга эга бўлган, маълум бир сиёсий мақсадларни кўзловчи ва юқори даражадаги агрессия, куч ишлатиш, ҳеч қандай бир гуманизм қоидаларига тўғри келмайдиган куч ишлатишга нисбатан фашизм дейилади. Демак, бу атамани ҳозир истеъмолдан чиқариб ташлаймиз”, – дейди у.
Сиёсий таҳлилчига кўра, айни ҳолат ксенофобияга мисол бўла олади. Раббимов ксенофобияни нафақат бу қўрқиш, балки у нафратга тенг эканини, Россияда, умуман, рус цивилизацияси ёки Россия жамиятида cовет иттифоқи тарқалгандан кейин ташқи дунёга нисбатан ёвқараш одатий ҳолга айланганини тушунтирди.
“Менинг қўлимда Россиянинг ўзидаги социологик сўровномалар бор, Левада Маркази 2024 йилда ўтказган. Демак, бу – Россиянинг ичкарисидаги жуда ҳам салоҳиятли бўлган социологик тадқиқот маркази. Улар репрезентатив, яъни бутун бир жамиятнинг ижтимоий қатламлари бўлади: неча фоиз аёл, неча фоиз эркак, олий маълумотли, Москвада яшовчи, вилоятларда яшовчи[лигига ажратган] ва репрезентатив сўровномаларга кўра, Россиядаги перманент ксенофобия даражасини кўрсатиш мумкин.
Мисол учун, россияликларнинг нафрати қайси халққа, қайси миллатга ёки қайси ижтимоий қатламга нисбатан бўляпти, дейилса, энг биринчи ўринда Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига салбий қараш туради, 60 фоиз атрофида. Сиганлар деймиз, лўлиларга нисбатан, бу ҳам юқори. Украиналикларга нисбатан 42%, африкаликларга нисбатан 60% атрофида ва хитойликларга нисбатан 54%, яҳудийларга нисбатан 26%, чеченларга нисбатан 46%. Яъни, бу ерда энг юқори бир даражада Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига нисбатан.
Россия ахборот майдони ўзига муттасил душман излайди. Бу биринчи ўринда, агарки душман қиёфасини яратиш бўйича Россия пропагандаси, ундаги мулозимлар, мана, шундай бир душман қиёфасини тасвирлайдики, Россия бу душман қуршовидаги бир жамият ёки давлат сифатида тасвирланади. Меҳнат муҳожирлари томонидан амалга оширилаётган жиноятларнинг улуши маҳаллий туб аҳоли, россияликлар амалга ошираётган жиноятларнинг улушига нисбатан анча кам. Мана ҳар 100 мингта одамга ёки ҳар 10 мингта одамга мигрантлар амалга ошираётганлари кам.
Лекин пропаганда ёки оммавий ахборот воситаларида асосий жиноятчи сифатида улар кўрсатилади. Чунки энг заиф қатлам. Демакки, бу мана бу бўлган жиноят (10 ёшли Қобилжоннинг ўлдирилиши) оилада шаклланган муҳит. Чунки бу боланинг отаси Путин администрациясида ишлаган. Оила ўта миллатчи бўлган ва отаси интервю бериб, мана ўша олдинги нималарда, “Бизнинг оиламизда патриотизм, – дейди, яъни миллатпарварлик...”, яъни бу ерда россияликлар битта тушунчани адаштириб қўйган. Ксенофобия билан патриотизмни улар қориштирди ва бу – Россиянинг фундаментал муаммоси”, – дейди Раббимов.
“Жамиятда нафақат катталар, балки ўсмирлар ва болалар ҳам бу билан зарарланяпти”
Яна бир сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиқнинг таъкидлашича, ксенофобия Россияда кенг ёйилиб бўлган ва у касаллик даражасига етган. Мутахассис бу ҳукуматнинг пропагандаси томонидан қўллаб келинишини ҳам айтган.
“Фашизмнинг энг ўткир кўриниши бу – шовинизм. Яъни, бу энди жиноят ҳисобланади. Фашизм ҳам жиноят, чунки идеология сифатида у енгилди, чунки миллионлаб одамларни ўлдирди. Ва унинг энг радикал кўриниши –шовинизм. Ўша Шовен билан боғлиқ. Аскар дейди, отбоқар дейди ва ҳоказо. Шунинг учун айнан шовинизм – жиноят. Ва биз ксенофобия деяпмиз. Ксенофобия бу шовинизмнинг ва нацизм, тўғрироғи, мана шуларнинг бошида турадиган нарса. Яъни буларни алоҳида-алоҳида тушуниш керак эмас.
Масалан, ўша ксенофобия буларнинг ҳаммасида бор. Агар уни назорат қилиб турмайдиган бўлса ёки у қандайдир бир суғориладиган бўлса, Россиядагига ўхшаб аста-секинлик билан шовинизмга ва турли хил жиноятларга тортиб кетиши мумкин бўлади. Биз Россияда мана шу масалаларни кўряпмиз.
Яъни, яна бир жиҳати борки, ўша шовинизм вужудга келган, Учинчи рейхни оладиган бўлсак, бу ерда айнан улар ҳам буни уруш шароитида ривожлантирди. Яъни, Ҳитлер урушиши керак эди ва улар ҳам пропагандани қўллади. Пропаганда қўллар экан, табиийки, маълум бир заиф қатламни ҳамиша олишган. Бунинг бошқача усули йўқ. Яъни, Ҳитлер даврида бу яҳудийлар эди. Маълум бир геттоларда яшайдиган яҳудийлар, улар ёмон сифатида кўрсатилди ва геноцид ҳам қилинганини биламиз.
Худди шундай, бугун Россия шароитида улар Украина билан урушяпти. Украина билан урушиш учун маълум бир ксенофобияни украиналикларга, бошқаларга нисбатан халқнинг уруш руҳиятини шакллантириш учун пропаганда орқали қўлланади. Ҳамиша мана шунақа агрессив давлатлар бусиз уруша олмаган. Энди тўрт йил давомида, ўзи аслида тўрт йил ҳам деб бўлмайди, бу ўша камида 2014 йилдан кейин бошланган. Мана шу бутун пропаганда энди жамиятга ўзининг метастазини беряпти десак бўлади. Яъни, жамиятда нафақат катталар, балки ўсмирлар ва болалар ҳам бу билан зарарланяпти.
Ёш авлодга ўтди. Энди бу касаллик. Яъни, энди бу қандайдир бир, албатта, социология, лекин шу билан бирга патология ҳам. Яъни, қандайдир бир касаллик бу. Ўша ижтимоий, социал бир касалликка айланди. Чунки унинг, бу касаллик билан касалланишнинг ёши ёшариб боряпти ва бу, менинг назаримда, энди Россияга, Россия Федерациясида буни орқага қайтаришнинг имконияти йўқ. Шунинг учун биз мана шунақа кенг масштабли бир ижтимоий ҳодиса ҳақида гаплашаётганлигимизни тушунишимиз керак”, – дейди у.
Таҳлилчининг қўшимча қилишича, Москвадаги қотиллик жамиятдаги ксенофобия орқали вужудга келган бир жиноят сифатида баҳоланади.
“Бу жамиятда, Россияда миллий кайфиятни акс эттиради”
Профессор Рустам Ўринбоев қотиллик мотиви, яъни миллатга нисбатан нафрат Россия жамиятининг миллий кайфиятини акс эттиришини билдирди.
“Америкалик профессор бор, George Washington университетининг профессори Марлен Ларуел, асли франциялик. Шу Россия ҳақида кўп китобларида, тадқиқотларида Россияга нисбатан асосан ксенофобик империя деган ёндашувни беради. Бу асосан ўша бегоналарга, бошқаларга нисбатан хавф сифатида қараш, мисол учун. Бу миграцияга иқтисодий феномен эмас, балки қанақадир бир хавфсизлик нуқтаи назаридан қараш натижасида жамиятда пайдо бўлган бир унсур.
Бу боланинг қилган жинояти, тўғри, фашизм ёки бир шовинизм, нацизм бўлмаса ҳам, лекин бу жамиятда, Россияда миллий кайфиятни акс эттиради. Мен шунинг учун шундай ёндашган бўлардим. Ўзим ҳам мана 2014 йилдан 2022 йилгача Россияда давлат тадқиқотлари қилдим, саккиз йил давомида.
Энди мен ҳуқуқ социологияси, этнограф сифатида у ерда тадқиқотлар қилганимда, доим мигрантлар билан қурилишда юрасизми, жамоат транспортидами, ҳар доим ўзимни мигрантлар билан юрганимда Россияда иккинчи класс, иккинчи сорт одам, яъни ҳуқуқсиз инсон сифатида ҳис қилардим. Чунки жамиятда шунақа бир ишончсизлик, бир-бирига нисбатан хавфсираш бор. Ҳатто, русларнинг ўзи бир-бирига ишонмайди, бир-биридан хавфсирайди. Энди мигрантни тасаввур қилинг, у ерда улар бегона, бир ҳуқуқсиз инсон ҳисобланади. Шунинг учун бу жамиятда бу содир бўлиши, менимча, Россия жамиятида нормаллашган ҳолат”, – дейди Ўринбоев.
Суҳбат давомида нима сабаб четдан келувчи меҳнат муҳожирларига нисбатан агрессив муносабатнинг мавжуд экани, бунда асосий машина сифатида ишловчи пропаганданинг роли, ҳукуматнинг кайфияти ва Марказий Осиё давлатлари учун нима аслида ечим экани ҳақида сўз боради. Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:13
Ақтўбедаги ҳалокатлар: сабаблар нима?
16:12 / 27.12.2025
“Медуза” асосчиси Тимченко сиртдан 5 йилга колонияга ҳукм қилинди
13:22 / 27.12.2025
Путин РФда қурол-яроғ ишлаб чиқариш бир неча баробар ўсганини айтди
12:53 / 27.12.2025