Жаҳон | 07:22 / 16.01.2026
6301
3 дақиқада ўқилади

Харитада бир хил, реал фарқи улкан: Африка vs Гренландия

Кўплаб хариталарда Африка ва Гренландия деярли бир хил катталикда кўринади. Аслида эса Африка Гренландиядан тахминан 14 баравар катта. Бу тафовутнинг сабаби — хариталарда қўлланадиган Меркатор проекциясининг ўлчамларни бузиб кўрсатишида.

Кўп хариталарда Гренландия ва Африка деярли бир хил катталикда тасвирланади. Аммо реалликда улар ўртасидаги фарқ жуда катта.

Африка қитъасининг майдони тахминан 30,3 миллион квадрат километрни ташкил қилади ва у Евросиёдан кейин Ер юзидаги иккинчи энг катта қитъа ҳисобланади. Гренландия эса, дунёдаги энг катта орол бўлишига қарамай, атиги 2,16 миллион квадрат километр атрофида. Демак, Африка Гренландиядан тахминан 14 баравар катта.

Шунга қарамай, дарсликлардаги, атласлардаги ва онлайн харита сервисларидаги кўплаб хариталарда бу ҳудудлар ўлчам жиҳатдан бир-бирига яқин кўринади. Бу ҳолатнинг асосий сабаби — XVI асрда ишлаб чиқилган Меркатор проекциясидан фойдаланилиши. У навигация учун қулай бўлиб, йўналишларни яхши сақлайди, аммо айниқса қутбларга яқин ҳудудларда майдонларни жиддий равишда бузиб кўрсатади.

Натижада экватор атрофида жойлашган Африка каби ҳудудлар визуал жиҳатдан “қисқариб” кўринади, қутбларга яқин бўлган Гренландия эса ортиқча “катталаштириб” тасвирланади.

Асрлар давомида Меркатор проекцияси мактаб хариталари, атласлар ва ҳатто рақамли харита сервислари учун стандарт бўлиб келган. Аммо бу танловнинг оқибати бор: шимолий ҳудудларнинг ўлчами ортиқча катталаштирилиши дунё ҳақида нотўғри тасаввур шакллантиради.

Аслида Африка нафақат Гренландиядан, балки кўпинча “улкан” деб қабул қилинадиган кўплаб мамлакат ва ҳудудлардан ҳам катта:

Канада майдони тахминан 9,9 миллион квадрат километр бўлиб, бу Африкадан тахминан уч баравар кичик;
Россия дунёдаги энг катта мамлакат бўлса-да, унинг майдони тахминан 17 миллион квадрат километр — бу ҳам Африкадан анча кам.

Сўнгги йилларда географлар ва жамоат ташкилотлари, жумладан Африка Иттифоқи, ҳудудларни ҳақиқий нисбатларда акс эттирадиган хариталардан фойдаланишни фаол тарғиб қилмоқда. Бунинг мақсади фақат илмий аниқлик эмас, балки Африканинг иқтисодий, демографик ва стратегик аҳамияти ҳақидаги нотўғри қарашларни бартараф этишдир.

Охирги пайтларда оммалашаётган муқобил вариантлардан бири — Equal Earth проекцияси бўлиб, у ҳудудлар майдонини Меркатор харитасига нисбатан анча аниқ сақлайди. Бундай хариталар Африканинг — аҳолиси бир миллиарддан ортиқ, майдони 30 миллион квадрат километрдан зиёд бўлган қитъанинг Гренландия каби оролларга нисбатан ҳақиқий миқёсда қанчалик устун эканини яққол кўрсатиб беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид