Ўзбекистон | 09:08 / 13.03.2026
1280
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда 37 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияда айбланиб қамалди — Антикоррупция агентлиги

Ўтган йили Ўзбекистонда коррупция бўйича жиноий жазога тортилган ҳоким ёрдамчилари 250 нафардан ошган. Уларнинг 37 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Фото: Kun.uz

2025 йилда судлар томонидан 153 та жиноят иши бўйича 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби хабар берди.

Уларга қуйидаги жазолар тайинланган:

  • 37 нафарига озодликдан маҳрум қилиш;
  • 38 нафарига озодликни чеклаш;
  • 160 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 12 нафарига жарима;
  • 5 нафарига бошқа жазо чоралари.

Хабарда агентлик ҳар бир давлат органи ва ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, келгусида ҳам услубий кўмак кўрсатишга тайёрлиги маълум қилинган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маҳаллий ҳокимликлар даражасида коррупцион жиноятларнинг 80-90 фоиздан кўпи ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ экани ҳақида маълум қилганди.

Биз буни таҳлил қилдик, ўргандик. Бу ерда жуда ҳам кўп коррупциявий омиллар бўлгани учун уларда мана шу жиноятлар кўп бўлган. Ва биз ҳозир ўша субсидия бериш, имтиёзли кредитлар ажратишни инсон омилисиз, яъни ҳоким ёрдамчисига боғлиқ бўлмаган ҳолда, маҳалла еттилиги, коллегиал қарор қабул қилиш ва инсон омилисиз рақамлаштириш чораларини кўрдик. Ўйлайманки, худди аутсорсингни айтганимдек, 2026 йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этиладиган коррупциявий жиноятлар салмоғи кескин камайишига эришилади”, деганди Бурҳонов.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид