Жамият | 19:29 / 14.02.2021
10383
3 дақиқада ўқилади

Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун нишонланди

Бугун Андижон шаҳридаги Бобур майдонида шоҳ ва саркарда, беназир шоир, жаҳон илм-фани ҳамда маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган ҳамюртимизнинг 538 йиллик таваллуд кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар вакиллари, Андижон меҳмонлари, зиёлилар ва талаба-ёшлар томонидан буюк бобомизга ҳурмат ифодаси сифатида соҳиби девон ҳайкали пойига гулдасталар қўйилди.

Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур қолдирган адабий-илмий мероснинг қадр-қиммати, жаҳон адабиётининг нодир хазиналари сифатида асрлар давомида эъзозлаб келинаётгани ҳақида сўзладилар.

Шоирнинг дилбар ғазаллари, пурмаъно рубоий ва маснавийлари, бутун дунёга маълум-у машҳур “Бобурнома”си, мусиқа илмига доир дурдона асарлари унинг нақадар серқирра ижодкор бўлганлигидан дарак беради. Бадиий насрнинг бетакрор намунаси саналадиган “Бобурнома” тарихий-мемуар асари жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакати музейларидан жой олгани, бу шоҳ асарнинг 30 дан ортиқ тилга таржима қилингани унинг беқиёс аҳамиятга эга эканлигининг ифодасидир.

Шунингдек, Андижон аэропортига Бобур номи берилгани, шаҳардаги "Соғлом авлод" стадиони "Бобур арена" деб қайта номлангани беқиёс истеъдод соҳиби бўлган бобомизнинг хотирасига халқимиз эҳтиромининг рамзи сифатида эътироф этилди.

Вилоятда Мирзо Бобурнинг таваллуд кунини нишонлаш арафасида 750 дан ортиқ маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, 1000 дан зиёд давра суҳбатлари ташкил этилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан мусиқа ўқитувчиларидан тузилган ансамбллар иштирокида Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ғазаллар асосида “Назм ва наво” адабий-бадиий кечалари ҳам бўлиб ўтди.

Бобур майдонида ташкил этилган тадбирда Андижон меҳмонлари - Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими, истеъдодли шоир Рустам Мирвоҳид, наманганлик ғазалнавис шоира Дилором Эргашева ҳамда Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи томонидан ғазал, мухаммас ва Мирзо Бобурга бағишланган шеърлар ўқилди.

Турли соҳа вакиллари иштирокидаги ғазал ва баҳру байт челленжи шу ерда ҳам давом эттирилди. Челленж иштирокчиларига вилоят ҳокими томонидан "Бобурнома" китоби тақдим этилди.

-TjkzMoJtCCSLIy_zPNPhGWcgfMB1K9_.jpg (1280×720)

Тайёрлаган:  Элмурод Эрматов

Мавзуга оид