Жамият | 08:25
560
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 3 килограммга яқин «гашиш» билан қўлга тушган жиноий гуруҳ фош этилди

Андижон вилоятининг Бўстон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Андижон – Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб келаётган автомашинадан 3 килограммга яқин гиёҳванд моддаси топилди, икки нафар шахс ушланди.

Фото: ДХХ

Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги йўл-патруль хизмати масканида тезкор тадбир ўтказилди.

Хусусан, "Андижон – Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti русумли автотранспорт воситаси тегишли тартибда тўхтатилиб текширилганида, уни бошқариб кетаётган, Андижон шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган Ж.Р.га тегишли 2 кг 994 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги ҳисобланган, 1993 йилда туғилган Ғ.Н. ҳам қўлга олинди.

Аниқланишича, улар Қирғизистондаги наркосавдогарлардан 23 минг АҚШ долларига сотиб олинган гиёҳвандлик воситасини контрабанда йўли билан мамлакатга олиб кириб, Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирган.

Ҳозирда оғуфурушларга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш) билан жиноий иш қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид