20:57 / 08.01.2021
60172

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари қўлга олинди

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбари Муродбой Базаримбетов пора олганликда гумонланиб, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Урганч шаҳар халқ депутатлари кенгаши аъзосининг маълум қилишича, Базаримбетов ўртага ишончли одамини қўйиб, ёнилғи қуйиш шохобчасини электр тармоғига улаб бериш учун тадбиркордан 20 минг доллар сўраганликда гумонланмоқда. Кейинчалик бу қиймат 15 мингга туширилган.

Шундан сўнг тадбиркор депутатга шикоят қилган. У эса ўз навбатида ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилган. Улар махсус тадбирда ўртадаги шахсни ҳамкорлик қилишга кўндиришган.

24 декабрь куни ўртадаги ишончли шахс пулни Базаримбетовнинг кабинетига киритиб берганидан сўнг, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари раҳбарни ушлашган.

Депутатнинг сўзларига кўра, тезкор тадбирда ўртадаги шахс ва раҳбарнинг мулоқоти ёзиб олинган. Аудиоёзувларда раҳбарнинг ўртадаги шахсга қарата айтган: «Пулнинг ҳаммасини бердими? Ҳаммасини олдингми? Мана бу тумбочкага қўй» деган сўзлари ҳам бор.

Айни пайтда Базаримбетов ҳибсда сақланмоқда ва ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейди депутат.

Корхона раҳбари қўлга олинганини корхонадаги манба ҳам Kun.uz'га тасдиқлади.

Top