Ўзбекистон | 13:12 / 16.05.2020
47721
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари» поездлар ҳаракати жадвалини эълон қилди

Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланди ва унга кўра жорий йил 18 май кунидан бошлаб, карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини амалга ошириш бошланади. 

Мазкур тартибга биноан, темир йўлларда Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилади.

Темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.

Шунингдек, поездларга чиқаётган йўловчилар учун муҳим шартларидан бири – Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси «манфий» эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак. Темир йўл вокзаллари ҳудудига ҳамда темир йўл транспортига кирганда, барча йўловчилар бир марталик тиббий ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда бўлишлари, темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт. Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.

Поездларга электрон чипталар онлайн тарзда сотилади. Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар, ўрнатилган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилгандан темир йўл вокзал кассаларидан чипта расмийлаштиришлари мумкин. Чипта олган йўловчилар томонидан йўловчилар сўровномаси (маршрут варағи) тўлдирилади.

2020 йил 18 май куни соат 07:00 дан Тошкент – Навоий – Бухоро йўналишида №762-сонли «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд «Тошкент-Марказий» темир йўл вокзалидан жўнаб, ўша куни соат 16:28 дан Бухоро – Навоий – Тошкент йўналишида №761-сонли «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд Тошкентга қайтади.

2020 йил 18 май куни соат 08:00 дан Тошкент – Қарши йўналишида №760-сонли «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд «Тошкент-Марказий» темир йўл вокзалидан жўнаб жўнайди ва ўша куни соат 17:58 дан Қарши – Тошкент йўналишида №759-сонли «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд Тошкентга қайтади.

2020 йил 18 май куни соат 08:05 дан «Тошкент-Жанубий» вокзалидан Тошкент – Андижон йўналишида №60-сонли поезд жўнайди ва ўша куни соат 15:33 дан Андижон – Тошкент йўналишида №59-сонли тезюрар йўловчи поезд Тошкентга кириб келади, деб хабар бермоқда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ.

Мавзуга оид