Чўчқа юраги кўчириб ўтказилган тарихдаги биринчи ва ягона инсон вафот этди
АҚШнинг Мэриленд штатида яшовчи 57 ёшли Дэвид Беннетга январ ойида гени модификация қилинган чўчқа юраги кўчириб ўтказилган эди. Бемор 2 ойдан сўнг вафот этди.
Юрак кўчириш операцияси январ ойида Мэриленд тиббиёт маркази томонидан қилинган. 57 ёшли Дэвидда янги юрак ҳеч қандай рад этишларсиз бир неча ҳафта уриб турган.
Операциядан олдин Дэвид Беннет юрак хасталигининг оғир босқичида бўлган ва шифокорлар унга анъанавий юрак трансплантацияси ёки сунъий юрак насоси ўрнатиш фойда бермайди деган хулосага келишган. Тиббиёт марказига кўра, Дэвид Беннетга чўчқа юраги кўчириб ўтказиш охирги чора эди.
Донор юракни Виржиния регенератив тиббиёт компанияси етказиб берган. Донор чўчқа юраги инсонга мослаштирилганди: ундан одам иммун тизими қабул қилолмайдиган 3 та ген олиб ташланган, одам иммун тизимига мос 6 та ген қўшилган, чўчқа юрак тўқималарининг ҳаддан зиёд ўсиб кетишига масъул бўлган яна бир ген олиб ташланган. 7 январдаги операциядан сўнг юрак ишлашни бошлаган.
Бироқ бир неча кун олдин беморнинг аҳволи оғирлашиб, кеча, 9 март куни вафот этди. Тиббиёт маркази унга керакли барча ёрдам кўрсатилганини, умрининг охирги дақиқаларини яқинлари билан ўтказганини маълум қилди.
Дэвид Беннет операциясидан кейин, агар юрак муваффақиятли ишлаб кетса, қанчадан қанча донор кутаётган беморларнинг муаммоси ҳал бўлишига умид қилинганди. Бир биологик турнинг тўқималари ва органларини бошқа бир биологик турга кўчириб ўтказиш фанда ксенотрансплантация деб аталади.
АҚШда донор органлар танқислиги доимий равишда кузатилади. Айни пайтда донор аъзо кутаётган 106 мингдан ортиқ бемор миллий рўйхатга киритилган. Ҳар куни 17 бемор донор кутиб, органлар танқислиги сабаб вафот этади.
Мавзуга оид
13:52
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
10:46 / 21.11.2024