Ўзбекистон | 13:16 / 01.02.2020
44548
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев пахта сиёсати ҳақида: «Юз йиллик тизимни икки йилда олиб ташладик»

«Пахтанинг кимга кераги бор, у кимга манфаат олиб келди? Миллатимизга манфаат олиб келгани йўқ. Бало, азоб олиб келди. «Ўзбек иши», бошқа ишлар. Меҳнатимизга туҳматлар бўлди».

Президент Шавкат Мирзиёев 31 январь куни зиёлилар билан учрашувда мактаб ўқувчиларнинг пахта терими ва бошқа турдаги ишларга мажбурий олиб чиқилиши тўхтатилганига муносабат билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«20-30 йил нима билан шуғулландик? 6 ой пахта, ғалла билан шуғулландик. Бунда қанақа ўқиш бўлиши мумкин? Биз ўқиган пайтда ўқувчилар сентябрнинг биринчисидан пахтага олиб кетилиб, 28 декабрда қайтариларди. Мана шундай ўқиганмиз. Нима учун 6 ой?

Ўқувчилар 2 ой пахта чопиққа ҳам чиқариларди. Шундай тизимда ўқиган ўқувчидан қандай фанни сўраш мумкин? Ўқитувчилар пахтадан келиб келгуси йил пахта хаёли билан яшарди», – деди давлат раҳбари Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида ўтган йиғилишда.

Президент сўнгги йилларда бу ҳолатларга барҳам берилганини таъкидлаб ўтди.

«Биз юз йилги тизимни икки йилда олиб ташладик. Бирорта мактаб ўқувчиси пахтага бораётгани йўқ. Албатта, бу оғир эди, лекин шу қарорни қабул қила олдик. Бўлар экан-ку. Пахтанинг кимга кераги бор, у кимга манфаат олиб келди? Миллатимизга манфаат олиб келгани йўқ. Бало, азоб олиб келди. «Ўзбек иши», бошқа ишлар. Меҳнатимизга туҳматлар бўлди.

Мен нега буларни сизларга айтяпман? Олдимизда турган ишларимизни фақат ўзимиз қиламиз. Бошқа биров қилиб бермайди», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид