Ўзбекистон | 07:29 / 30.06.2022
5023
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда «Чағониён» тарихи давлат музей-қўриқхонаси ташкил этилади 

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Чағониён” тарихи давлат музей-қўриқхонаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ҳунармандлар уюшмасининг:

  • Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги таркибида давлат муассасаси шаклидаги “Чағониён” тарихи давлат музей-қўриқхонасини ташкил этиш;
  • Денов шаҳри Мустақиллик кўчасидаги Саид Оталиқ меъморий мажмуаси ва Чағониён кўчасидаги Денов қалъасини музей-қўриқхонага оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Сурхондарё вилояти Денов шаҳри Мустақиллик кўчасидаги Саид Оталиқ меъморий мажмуаси таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилган.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги кўрсатилган бино ва иншоотларни тегишли ҳудуди билан биргаликда топшириш, музей-қўриқхона эса қабул қилиб олиш чораларини кўради.

Қуйидагилар музей-қўриқхона асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • мажмуа бадиий, илмий ва тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;
  • музей-қўриқхона фондини сурхон воҳаси тарихи, маданияти ва этнографияси, дастлабки кўриниши ва ўша давр муҳитини акс эттирувчи қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш;
  • музей экспозицияси мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва уни энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиш;
  • мустақиллик йилларида тикланган Сурхон воҳаси кўҳна ва бой миллий ҳунармандчилик тарихи, бугунги кунгача сақланиб қолган ўзига хос мактаблари анъаналари ҳамда амалий санъат ва ҳунармандчилик асарларини асраш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, илмий ўрганиш ва келажак авлодга етказиш, бу борада етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида Саид Оталиқ меъморий мажмуаси 2 қаватида ҳунармандлар марказини ташкил этиш;
  • мажмуадаги объектларда маданий-маърифий, этнографик тадбирлар, илмий анжуманлар, фестиваллар, танловлар, ярмаркалар, сайиллар ташкил этиш;
  • мажмуа тарихий кўринишини сақлаган ҳолда ҳудудда зарур инфратузилмани шакллантириш, хизмат турини кенгайтириш ва сифатини ошириш, бу ерда дам олиш ва мазмунли ҳордиқ чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мажмуани маданий этнографик туристик марказга айлантириш;
  • мажмуада маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва улар натижаларидан жамоатчиликни хабардор қилиб бориш.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид