Термиз шаҳридаги “Surkhan autocenter” МЧЖ раҳбари Акмал Тўраев осон шартларда машина олиб беришни ваъда қилиб, юзлаб харидор билан шартнома тузган. Аммо машиналар белгиланган вақтда келмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, автосалон раҳбари томонидан 200 нафарга яқин харидорнинг қарийб 10 млрд сўм маблағи ўзлаштирилган. Акмал Тўраев жуда кўп миқдорда фирибгарлик жинояти билан гумонланиб, қамоққа олинган.
Сурхондарёда юзлаб фуқаро “Surkhan autocenter” МЧЖга алданиб қолди. Kun.uz’га мурожаат қилган жабрланувчиларга кўра, автосaлон мансабдорлари осон шартларда, яъни 5 йил муддатга фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан машина олиб беришни ваъда қилган.

Маълум бўлишича, “Surkhan autocenter” МЧЖ 2024 йил 4 январ куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Тўраев Акмал Ахмед ўғли ҳисобланади.

Автосалон ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида осон шартларда автомашина олиб бериш ваъдаси билан реклама эълонларини жойлаштириб келган. Жабрланувчиларнинг айтишича, айнан фоизсиз бўлиб тўлаш таклифи уларга жозибали кўринган ва алданишган.

“2 та машинага тўлов қилганман: 2025 йил март ойида Labo ҳамда апрел ойида Cobalt учун тўлов қилдим. Жами 154 млн сўм тўловни амалга оширдим. Labo август ойида, Cobalt эса сентябр ойида келиши керак эди. Аммо бу вақтда келмади. Бориб сўрасам, турли баҳоналар қилишди. Аслида, бу автосaлонга кўплар югуриб келганининг сабаби фоизсиз бўлаб тўлаш ваъда қилингани. Бироқ, бу ҳам қуруқ ваъда экан холос. Бир танишим шунақа қилиб олди. Кейин билса, банкдан йиллик 26 фоиз устама билан кредит чиқаришган экан номига. 5 йил муддатга фоизсиз бўлиб тўлаш таклифи шунчаки мижозларни жалб қилиш учун экан”, дейди Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган жабрланувчилардан бири.


Шунингдек, автосалон мансабдорлари машина олиб бериш ваъдаси билан бир қаторда айрим фуқароларни машинасини сотиб олишни айтиб ҳам чув туширишган. Уларни алдаб, машинасини учинчи шахсга сотиб юборишган ва пулини автомобил эгасига қайтармасдан, ўзлаштирган. Абдуғаффор Турдиев шундай жабрланувчилардан бири.
















