Жаҳон | 10:43 / 22.03.2026
27459
6 дақиқада ўқилади

Трамп Эронга 48 соат муҳлат берди

АҚШ президенти Доналд Трамп икки кун ичида Ҳўрмуз бўғозини очиш талаби билан Эронга ултиматум қўйди.

Фото: Oliver Hoslet / EPA / Scanpix / LETA

48 соатлик муҳлат

АҚШ президенти Доналд Трамп агар Теҳрон 48 соат ичида Ҳўрмуз бўғозини очмайдиган бўлса, Эрон электр станцияларини «яксон этиш» билан таҳдид қилди.

«Агар Эрон таҳдидлардан воз кечиб, Ҳўрмуз бўғозини 48 соат ичида тўлиқ очмаса, Америка Қўшма Штатлари уларнинг энг йирик электр станциясидан бошлаб турли электр станцияларига зарба бериб, йўқ қилади!» – дея ёзган Трамп ўзига тегишли бўлган Truth Social платформасида.

Трамп бу хабарини Гринвич бўйича 21 март куни соат 23:44 да эълон қилди. Бу эса Эронда бўғозни очиш учун Гринвич бўйича 23 март куни соат 23:44 га қадар (Теҳронда 24 март куни соат 03:14) вақт борлигини англатади.

Аввалроқ Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ «Эронни харитадан ўчириб юбориш» билан таҳдид қилганди.

У Эрондаги мақсадларига эриша олмагани ҳақидаги тахминни рад этиб, шундай деганди: «Аксинча, уддаладик, режадагидан бир неча ҳафта олдинроқ ҳам. Уларнинг раҳбарияти йўқ қилинди, уларнинг флоти ва ҳарбий-ҳаво кучлари энди йўқ, уларда мудофаанинг ўзи қолмади ва улар келишув тузишни хоҳлашмоқда. Мен эса йўқ».

Исроил жанубига зарба

Исроил жанубидаги Димона ва Арад шаҳарларида Эрон ракета зарбаси оқибатида қарийб 90 киши яраланган – бу ҳужум нишони исроилликларнинг ядровий объекти бўлган. Хабар қилишларича, жароҳатланганларнинг камида 10 нафари, жумладан беш ёшли қизча ҳам оғир аҳволда.

Димонада қутқарувчилар тун бўйи ишлашган. Фото: Reuters

Димона шаҳридан тахминан 10 километр, Арад шаҳридан эса 30 километр масофада жойлашган Ядро энергетикаси илмий-тадқиқот маркази жабрланмаган.

Халқаро атом энергетикаси агентлиги «максимал ҳарбий вазминлик»ка чақирган. 

Димона ва Арад шаҳарларида эса турар жой бинолари шикастланган.

Times of Israel хабарига кўра, Исроил мудофаа армияси қўмондонлиги Эроннинг икки ракетаси уриб туширилмагани юзасидан текширув бошлаган.

Ҳарбийларнинг баҳоларига кўра, бундай ракеталарнинг жанговар қисми одатда юзлаб килограммлик портловчи моддалардан иборат бўлади.

Исроилнинг фронторти қўмондонлиги ҳам зарба оқибатида ўнлаб кишилар яралангани ва катта моддий зарар кўрилгани бўйича ўз текширувини ўтказмоқда.

Шанба куни тонгдан буён Эрон Исроил бўйлаб саккиз бор ракета зарбаси йўллаган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат жанубига қилинган ҳужумларга жавобан «бундан буён ҳам душманга барча фронтларда қатъий зарбалар беришда давом этиш»ни ваъда қилган.

У «шанба оқшомини Исроил келажаги учун кампаниядаги энг оғир оқшом» деб атади.

Эрон учун «урушнинг янги босқичи» бошландими?

Шанба куни Теҳронда АҚШ ва Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси матбуот котиби, бригада генерали Али Муҳаммад Наиний шараф билан дафн этилди. Фото: Anadolu via Getty

АҚШ ва Исроил Теҳрон бўйлаб ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги стратегик объектларга зарбалар бермоқда.

Шанба куни исроиллик ҳарбийлар ўз авиацияси Эрон пойтахтидаги Ядровий ишланмалар илмий-тадқиқот марказига зарба берганини хабар қилди.

Исроил армияси таъкидлашича, Малик Аштар университети қошида жойлашган ушбу «стратегик» объектдан «Эрон мудофаа саноати ядро қуроли компонентларини ишлаб чиқиш учун фойдаланган».

Эрон мудофаа вазирлигига бўйсунувчи Малик Аштар университети мамлакат ядро ва ракета дастурларига алоқадорлиги туфайли ғарб санкцияларига учраган.

Шанба куни Эрон парламенти раиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф Эрон урушнинг янги босқичига кираётганини айтиб чиқди.

«Афтидан, олдиндан режалаштирилган кейинги стратегияларни амалга ошириш вақти келди. Агар Исроил яхши қўриқланадиган Димона ҳудудида ракеталарни тутиб қололмаса, бу оператив нуқтайи назардан можаро янги босқичга кирганининг белгисидир. Исроил осмони ҳимоясиз», – деб ёзган у X платформасида Эроннинг Димон шаҳрига йўллаган зарбаси юзасидан изоҳ бераркан.

Ар-Риёд эронлик дипломатларни чиқариб юбормоқда

Саудия Арабистони бир неча эронлик дипломатларни, жумладан, ҳарбий атташени персонами нон грата деб эълон қилди, деб хабар бермоқда Associated Press.

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, ҳарбий атташе, унинг ёрдамчиси, шунингдек, Эрон элчихонасининг яна уч ходими 24 соат ичида мамлакатни тарк этиши керак.

Бу хабар Саудия Арабистони мудофаа вазирлиги Эроннинг 20 та дронини уриб тушириши ортидан тарқалди.

Шу куни Бирлашган Араб Амирликлари мудофаа вазирлиги учта баллистик ракета ва саккизта дрон ҳужумини қайтаргани ҳақида хабар берган.

Иордания қуролли кучлари эса уруш бошланганидан бери мамлакат ҳаво кенгликларига 240 та ракета ва дрон кириб келгани, натижада 24 киши яраланганини маълум қилган.

Исроил Европани огоҳлантирмоқда

Исроил мудофаа армияси Эрон Европага таҳдид солаётганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарида ЦАҲАЛ Эроннинг 4000 километргача бўлган масофадаги нишонларга зарба бера оладиган узоқ масофали ракета учирганига изоҳ берган.

Гап, афтидан, АҚШ ва Буюк Британиянинг Диего-Гарсия оролидаги қўшма базаси томон учирилган иккита ракета ҳақида кетмоқда. Уларнинг бирортаси ҳам нишонга етиб бора олмади.

«2025 йил июн ойида Rising Lion амалиёти чоғида ЦАҲАЛ Эрон режими Европа, Осиё ва Африканинг ўнлаб мамлакатларига таҳдид соладиган, учиш масофаси 4000 километргача етадиган ракеталарни ишлаб чиқариш ниятида эканини аниқлаганди. Эрон режими буни рад этди. Бу ҳақда айтгандик: Эрон террорчи режими глобал хавф туғдирмоқда. Энди – Лондон, Париж ёки Берлингача етиб бора оладиган ракеталар билан», – дейилади исроилликлар баёнотида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид