Жамият | 19:59 / 09.02.2019
40862
4 дақиқада ўқилади

Хуршид Даврон билан суҳбат: ТВдаги тақиқ, Рауф Парфи ва шеъриятдаги секинлашув

Ўзбек халқининг атоқли фарзанди Эркин Воҳидов суҳбатлардан бирида “шоир ўзи ёнмаса, бошқаларни ёндиролмайди, қалб ҳисларида оташ бўлмаса, бошқа қалбларга ҳарорат беролмайди. Бу сеҳрли оташсиз ҳар қандай шеърий жимжималардан, бадиий воситалардан, маҳоратдан наф йўқ”, деган эди.

Умрининг катта қисмини ўзбек адабиёти ва шеърияти ривожи учун бағишлаган қалби ёниқ ижодкорлар билан қатор учрашувларни ташкил этиб келаётган Kun.uzʼнинг бу галги суҳбатдоши Ўзбекистон халқ шоири, бир нечта халқаро мукофотлар совриндори Хуршид Даврон бўлди.

Видео: Tas-IX

         

Видео: Youtube.com

Суҳбатимиз шоирнинг Тошкент шаҳридаги хонадони, яна ҳам аниқроғи фақат ўзи учунгина мўлжалланган, икки мингдан ортиқ китоблар билан тўла ижодхонасида кечди.

Шоир билан суҳбатлашар эканмиз, уни ўзимиз учун ҳақиқатпарвар, жамият олдида турган муаммоларни теран англайдиган, дилидагини тилига чиқариб дангал айта оладиган ва ўзбек адабиёти учун жонкуяр инсон сифатида қайта кашф этдик.

«Масалан, қандай инсонларнинг телевидение экранларида чиқарилмаслиги ҳақида. Ҳозирги даврда бўлгани каби, телевидениеда ишлаган 20 йиллик фаолиятимда ҳам шахсларга нисбатан қўйиладиган тақиқларга бир неча бор дуч келганман. Ўшанда бу саволни раҳбарларга кўп бора берганман-у, аммо тайинли жавоб ололмаганман. Жавоб олганларимда эса тақиқни биринчи президентимиз номи билан боғлашарди, яьни, раҳбар томонидан рухсат йўқ, деган маънода.

Аммо билардимки, буларнинг ҳаммаси ҳам президент ташаббуси билан қилинган ишлар эмасди. “Телевидениеда кўрсатмаслик” топшириғи одатда сал пастроқдаги давлат амалдорларининг шахсий истаклари натижаси бўларди. Афсуски, уларнинг кўпчилиги латифа қилиб айтгулик даражада кулгили. Биргина мисол, бир куни бизга “Замира Суюнова экранга чиқарилмасин!” деган топшириқ келди. Табиийки, менда қизиқиш уйғонди: хўш, бу топшириқ ким томонидан берилган? Суриштиришлар натижасида аниқладимки, президент аслида “Дуторчи қизлар” ансамбли фаолиятини янада ривожлантириш, унга ёш иштирокчиларни жалб қилишни бир нечта раҳбарга вазифа қилиб берган. Аммо вазифа олган амалдорлар унинг натижаси кейинчалик биздан сўраб қолинмасин, экрандаги Замира Суюнова орқали берилган ўша топшириқ эсланмасин, дея шу тақиқни ўйлаб топишган.

Яхши эслайман, бундай тақиқлар ўз вақтида Эркин Воҳидов, Бегали Қосимов, Ботир Зокировларга нисбатан ҳам қўйилган.

Шахсан ўзим ҳам ҳозиргача “Ўзбекистон телевидениесида кўрсатилмаслик тақиқи”даги инсонлардан бириман чунки, ўз вақтида канал раҳбарларини ўзим тўғри, деб билган жиҳатларда танқид қилганман.

Шоир Рауф Парфига нисбатан бугунги кунда қўйилаётган чекловга нима сабаб бўлаётганига эса рости, тушунмайман. Ўйлашимча, бундай вазиятларда телеканалларнинг бошида турган инсонлар ўз раҳбарлик курсисини йўқотишдан қўрқиши керакмас, ҳақиқат томонда туришга куч топа олишлари керак», - дейди Хуршид Даврон.

Бундан ташқари, суҳбат давомида шоир ва публицист Хуршид Даврон XX аср ўзбек шеърияти муҳити, ўзбек шеъриятининг Муҳаммад Юсуфдан кейин секинлашиб қолиши сабаблари ҳақида сўзлаб берди. Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид