Жаҳон | 21:03 / 29.03.2024
13271
2 дақиқада ўқилади

Арманистон россиялик телетарғиботчи Владимир Соловёв кўрсатувларини блоклайди 

Гап «Вечер с Владимиром Соловьевым» ва «Воскресный вечер с Владимиром Соловьевым» дастурлари ҳақида кетяпти. Сўнгги пайтларда тарғиботчи республика ҳақида ҳақоратомуз ибораларни мунтазам равишда айтиб келаётган эди. 

Фото: Видеодан кадр

Арманистонда россиялик тарғиботчи Владимир Соловёвнинг РТР-Планета телеканалидаги ток-шоуси кўрсатувлари блокланади. Бу ҳақда Арманистон телевидение ва радиоэшиттириш тармоғига таяниб, маҳаллий ОАВ хабар берди. 

Гап «Вечер с Владимиром Соловьевым» ва «Воскресный вечер с Владимиром Соловьевым» дастурлари ҳақида кетяпти. Шу билан бирга, РТР-Планета телеканали Арманистон ҳудудида тақиқланмайди. 

Арманистон томонига кўра, бундай қарор оммавий коммуникациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги арман-рус келишуви бандларининг доимий равишда бузилгани сабабли қабул қилинган. Шартнома моддаларига кўра, «жамоат телеканаллари ва радиостанциялари эфирида томонлар бир-бирининг ички сиёсий ҳаётига аралашувга йўл қўймасликлари, шунингдек, халқлар ва давлатларга нисбатан ҳақоратомуз мазмундаги кўрсатувларни чиқариб ташлашлари шарт». 

Арманистон Соловёв айнан қандай қоидабузарлик содир қилганига очиқлик киритмаган. Бироқ, сўнгги пайтларда тарғиботчи республика ҳақида ҳақоратомуз ибораларни мунтазам равишда айтиб келаётган эди. 

Соловёв Арманистон расмийларининг ўз кўрсатувларини тақиқлаш ҳақидаги қарорини «сўз эркинлигининг бузилиши» деб атади. Унинг қайд этишича, Арманистон фуқароларининг аксарияти рус тилини билади ва русча дастурларни тинглаш ва томоша қилишга одатланган. 

Аввалроқ, Арманистон россиялик тарғиботчиларнинг бош вазир Никол Пашинянга қарши кўплаб танқидлари сабабли КХШТ аъзолигини музлатиб қўйган эди. Бундан ташқари, март ойида Арманистон Россияга Звартноц аэропортида россиялик чегарачилар фаолиятини тўхтатиш учун расмий хат юбориб, Россия билан ҳамкорликни қисқартириш йўлида яна бир қадам ташлади.

 

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид