Марказий Осиёга босқин уюштиришни таклиф қилган россиялик пропагандачи нега персона-нон-грата деб эълон қилинмаяпти? Ўзи умуман нега минтақа мамлакатлари давлат даражасида бунга ҳалигача муносабат билдирмади? Kun.uz шу каби саволлар билан жонли эфирда депутат Бобур Бекмуродов ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.
Россиялик пропагандачи Владимир Соловёв Марказий Осиёда ҳам “махсус ҳарбий амалиёт бошлаш кераклигини айтгани минтақа жамиятларида кескин норозилик уйғотди. Лекин бу норозилик, Соловёв тилга олган Арманистондан фарқли равишда, Марказий Осиё давлатларининг юқори идоралари томонидан ҳозирча билдирилгани йўқ.
Хусусан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Соловёвни “номақбул шахс” деб эълон қилиб, унинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашга шошилмаётгандек.
Kun.uz мухбири бу ҳақдаги савол билан Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга юзланди.
“1-2 кун ичида [ТИВ] реакция қилмаяпти дейишимиз вақтлироқ бўлиши мумкин, кузатайлик. Албатта, Соловёв Ўзбекистонда номақбул шахс бўлиш учун ҳамма асосларни яратган. У тайёр номзод, энг биринчи номзод. Албатта, бу қонун ишлаши керак ва номақбул шахс сифатида эътироф этилиши керак”, – деди Бекмуродов 14 январ куни Kun.uz студиясидаги суҳбатда.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, эҳтимолий хуружларга қарши Марказий Осиёнинг бирлиги алоҳида аҳамиятга эга.
“Марказий Осиё давлатлари ўртасида координация бўладиган бўлса, Россиянинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Россия шундоқ ҳам ҳозир янги махсус ҳарбий амалиёт учун ҳеч қандай ресурсга эга эмас. Бешта давлатнинг позицияси якдил бўлса, Россия буни инобатга олишга мажбур бўлади. Ҳақиқатда ҳам ҳозир минтақамизда геосиёсий парокандалик йўқ, бу – уникал нарса ва бундан максимал фойдаланиш керак”, – деди у.
“Ўзбекистон аҳолиси орасида Россияга хайрихоҳ қатлам қисқаряпти”
Бобур Бекмуродовнинг таъкидлашича, стратегик шерик ва иттифоқчи давлатлар ўртасида расмий телеканаллар орқали бир-бирига нисбатан бундай баёнотларнинг янграши мутлақо номақбул ҳолатдир.
“Агар Россия Ўзбекистонда ўз компаниялари муваффақиятли фаолият юритишини, жамиятда Москвага нисбатан ҳеч бўлмаганда нейтрал муносабат сақланиб қолишини истаса, бундай чиқишларни қатъий тўхтатиши зарур. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 3 мингдан ортиқ компания фаолият юритмоқда, улар йирик иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларда қатнашмоқда. Шубҳасиз, кескин ва ноўрин баёнотлар Россия компаниялари учун Ўзбекистондаги бизнес муҳитига салбий таъсир кўрсатади.








