Ўзбекистон | 12:29
9807
4 дақиқада ўқилади

Захарова Соловёвнинг Марказий Осиё ва Арманистон ҳақидаги сўзлари юзасидан муносабат билдирди

У бу гаплар давлатнинг позицияси эмас, телебошловчининг шахсий фикри эканини таъкидлаган.

Фото: Видеодан кадр

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова россиялик пропагандачи Владимир Соловёвнинг Венесуэла ва Сурия йўналишлари Арманистон ва Марказий Осиё билан таққослаганда иккинчи даражали аҳамиятга эга экани ҳақидаги баёноти Москванинг расмий позициясига қанчалик мос экани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

Пропагандачи ўз муаллифлигидаги «Соловьев Live» кўрсатувининг 10 январ куни берилган сонида Марказий Осиёни «бизники» деб атаган ҳамда Россия Украинада бўлгани каби Арманистон ва Марказий Осиё давлатларида ҳам «махсус ҳарбий операция» бошлаши кераклиги ҳақида гапирганди. У шунингдек Арманистон таъсир доирасидан чиқишини Россия учун «улкан муаммо» деб атаганди.

Захарова Соловёвнинг сўзларини журналистнинг хусусий каналда билдирган фикри деб атади. Шунингдек, у бу фикр баёнот эмас, балки савол шаклида тузилганини таъкидлади.

«Биринчидан, гап журналистнинг фикри ҳақида кетмоқда, таъкидлайман – фикри ҳақида. Иккинчидан, журналистнинг, телебошловчининг бу фикри хусусий „Соловьев Live“ каналида айтилган. Учинчидан, мен иқтибосларни ўқиб чиқдим ва контекстдан юлиб олинган жумлаларга эмас, балки тўғридан тўғри нутққа таянаман. Бу фикр савол кўринишида шакллантирилганди. У ерда баёнот эмас, савол бўлган. Билмайман, риторик ёки бошқача саволми – буниси энди менга тааллуқли эмас. Тўртинчидан, бу гаплар „диван аналитиклари“ томонидан очиқ ва яққол провокацион тарзда, худди Россиянинг расмий позициясидек қилиб кўрсатилган. Бундай манипуляциялар билан шуғулланишга шунчаки йўл қўйиб бўлмайди», – деди ТИВ вакили.

У айрим шарҳловчилар вазиятдан фойдаланиб, «на бу кўрсатувда ва на бошқаларида умуман айтилмаган, гўёки Россиянинг постсовет давлатларига нисбатан тажовузкор ниятлари борлиги ҳақидаги турли уйдирма ва ғирт сафсаталарни ахборот майдонига чиқаришгани»ни таъкидлаган.

«Шу муносабат билан расмий нуқтайи назар ваколатли мансабдор шахслар томонидан билдирилаётганини яна бир бор таъкидлашни истардим. Россиянинг расмий позициясига келсак, у мамлакат раҳбарияти томонидан умумий совет ўтмиши, постсовет ҳудуди, ҳозирги суверен давлатлар билан муносабатлар контекстидаги сиёсатимизга нисбатан бир неча бор билдирилган. Такрор айтаман, бу позиция Россия Федерацияси президенти, ҳукумат раиси, ташқи ишлар вазири, мудофаа вазири, барча йўналишлардаги вазирлар томонидан турли саммитлар, учрашувлар, музокаралар, маслаҳатлашувлар, матбуот анжуманлари, интервюлар давомида ўн минглаб бор янгради.

МДҲ, КХШТ каби постсовет ҳудудидаги мавжуд тузилмалар ўртасида ҳам мунтазам мулоқот олиб борилмоқда. Шу ўринда КХШТ йўналиши бўйича Хавфсизлик кенгаши котиблари учрашуви формати мавжудлигини эслатиб ўтмоқчиман. Айнан мана шу тузилмалар ва уларга раҳбарлик қилаётган одамлар, у ерда ишлаётган кўплаб экспертлар айнан бизнинг умумий минтақамиздаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилмоқда. Ҳозир буни позицион баёнотларга ҳавола қилиш имкониятига эга эмасман. Сон-саноқсиз марта айтилган гапларни қисқача баён этаман», – деган расмий.

Россия ТИВ вакили Россияни Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё халқлари билан тарихан яхши қўшничилик, стратегик шериклик, иттифоқчилик, қардошлик дўстлиги ва ҳамкорлик муносабатлари боғлаб туришини, дўст давлатлар раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган самимий шахсий муносабатлар – алоқаларнинг барқарор ривожланиши гарови бўлиб хизмат қилишини қайд этган.

«Гапга эмас, ишларга қараб баҳо бериш керак – биз неча марта ёрдамга келганимиз, самимий ғамхўрлик кўрсатганимиз, ҳамдардлик билдирганимиз, қувончни баҳам кўрганимизга», – деган Мария Захарова.

У ҳар қандай ҳолатда ҳам «қоқилиб қолмаслик» ва провокацияларга чалғимасликка чақирган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид