Ўзбекистон | 09:40 / 23.05.2024
4660
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг икки ҳудудида Жисмоний тарбия ва спорт институти ташкил этилади

Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси Ўзбекистон талабалар спорти федерацияси этиб қайта ташкил этилади, Ўзбекистон соғлом турмуш ва фитнес миллий ассоциацияси билан бирлаштирилади.

Президентнинг “Ўзбекистонда талабалар спортини мутлақо янги тизим асосида ташкил қилиш ҳамда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа Ўзбекистон президентининг 2024 йил 15-16 феврал кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар бўйича 11-сон баёнининг 142-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳа билан:

  • Андижон ва Бухоро шаҳридаги универсал спорт мажмуаларини Андижон ва Бухоро давлат университети балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиб бериш;
  • универсал спорт мажмуаларида дарсдан ташқари ва ўқув жараёнига халақит бермайдиган вақтларда спорт федерацияларининг ҳудудий бўлинмалари бепул фойдаланиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш;
  • универсал спорт мажмуалари фаолиятини сақлаш харажатларини молиялаштириш тегишлилиги бўйича Андижон ва Бухоро давлат университетлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириш;
  • Андижон ва Бухоро давлат университетлари ҳузурида Жисмоний тарбия ва спорт институтларини ташкил этиш;
  • Институтларда “Спорт фаолияти (фаолият турлари)” ҳамда “Жисмоний маданият” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш йўлга қўйиш;
  • 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб талабалар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида икки асосий йўналишда талабалар спортини ривожланиш тизими йўлга қуйиш:
  • Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясини Ўзбекистон талабалар спорти федерациясига қайта ташкил этиш, Ўзбекистон соғлом турмуш ва фитнес миллий ассоциациясига бирлаштириш;
  • 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб икки босқичли “Талабалар лигаси” спорт мусобақалари ва “Универсиада” комплекс спорт мусобақалари ўтказиш тизимини жорий қилиш;
  • ҳар йили сентябр-октябр ойларида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизими миқёсида “Вазир кубоги” ва олий таълим муассасаси миқёсида “Ректор кубоги” спорт мусобақаларини ўтказиб бориш белгиланмоқда.

Билдирилишича, лойиҳанинг қабул қилиниши ёшларни спортга жалб қилишни янада кенгайтириш, талабалар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, юқори иқтидорга эга бўлган талаба ёшларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид