Жаҳон | 20:39 / 16.04.2024
37107
11 дақиқада ўқилади

Эроннинг хатоси ёки Исроилнинг ғалабаси? Исроилликлар деярли барча нишонларни қандай уриб туширди ва энди нима бўлади

Фото: Reuters

Эрон ўзининг асосий душмани бўлган Исроилга тарихдаги илк тўғридан тўғри зарбаси муваффақиятли қайтарилди. Ярим йил муқаддам Ҳамас ҳужумини ўтказиб юборган Исроил ҳукумати бу сафарги зарбага тайёр бўлиб чиқди ва иттифоқчилари кўмагида нисбатан жиддийроқ рақибининг юзлаб дронлари, баллистик ва қанотли ракеталарини уриб тушира олди.

BBC шарҳловчилари Павел Аксенов ва Григор Атанесян шанба оқшомида Яқин Шарқ осмонида нималар рўй бергани ва бу Ғарбнинг Исроилни қўллашига, араб дунёси позициясига ва Ғазодаги урушнинг давомига қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилди.

«Ал-Ақсо осмонида ракеталар»: натижалар ҳақида томонлар нима дейишди?

Эроннинг Исроилга 13 апрел кунги ҳужуми Ислом республикасининг Дамашқдаги консуллигига берилган авиазарбага жавоб бўлди, Теҳрон авиазарбада Исроилни айблаганди. Исроил ҳукумати ўз анъанасига кўра бундай амалиётлардаги иштирокини тасдиқламайди ва рад этмайди.

Якшанба куни 300 дан ортиқ дронлар ва ракеталар Эрондан, Исроил томон учирилди, шунингдек унинг Ироқ, Сурия ва Ямандаги иттифоқчилари базаларидан ҳам ҳужум амалга оширилди.

Исроиллик ва америкалик ҳарийлар ҳаводаги нишонларнинг 99 фоизи уриб туширилганини айтган. Бунда Исроилга АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Иордания ҳарбийлари ёрдам кўрсатган.

Кейинроқ ЦАҲАЛ расмийси, генерал Питер Лернер ҳужумда 170 та пилотсиз учиш аппаратлари, 30 та қанотли ракеталар ва 120 та баллистик ракетадан фойдаланилганини маълум қилди. Баллистик ракеталардан бир нечтаси Исроил жанубидаги Неватим авиабазасига етиб келган, аммо жиддий шикаст етказа олмаган ва ҳарбий объект фаолиятини давом эттирмоқда, деган Лернер.

Тинч аҳоли орасида ҳам жиддий талафотлар йўқ, фақат бир қиз яралангани ҳақида маълум қилинган.

Исроил маълумотига кўра, ракета парчалари Арад шаҳри атрофида бир қизни яралаган. Фото: Reuters

Бу ҳужум Россия армиясининг Украина бўйлаб берадиган зарбаларига ўхшаб кетади. Бу ҳам ёпирилма ҳужум бўлиб, унда турли воситалар, пилотсиз қурилмалар, қанотли ва баллистик ракеталар бирданига қўлланади. Бундан мақсад ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини турли нишонларга қарши курашишга мажбурлаб, максимал даражада банд қилишдир. Россиянинг иттифоқчиси саналган Эрон бундай зарбалардан сабоқ олгани кўриниб турибди.

Россиянинг Украина бўйлаб энг йирик ҳаво ҳужумида 100 дан ортиқ дрон ва ракеталар иштирок этганди. 29 декабр кунги ҳужумда, Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, ҳаво нишонлари сони 158 та бўлган, шундан фақат 87 ракета ва 27 та дронни уриб туширишнинг имкони бўлган. Турли воситалар бирданига қўлланиши Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига катта юклама туширган ва барча ҳужумларни қайтаришнинг имкони бўлмаган.

Эрон ҳам бу қадар кўп миқдорда дрон ва ракеталар учириш орқали Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини бостиришни кўзлангади.

Аммо Исроилнинг вазияти бошқачароқ кечди. Икки ҳафта мобайнида Эроннинг турли даражадаги спикерлари жавоб зарбасига тайёргарлик кўрилаётгани тўғрисида бонг уришди. Бу эса Исроил ва унинг иттифоқчиларига ҳимояга тайёрланиш ҳамда ҳаво нишонларига қарши кураш воситалари, жумладан эсминецни олиб келиб жойлаштиришга имкон берди.

Эрон ҳудудидан учирилган ракета ва дронлар нишонга қадар катта масофани босиб ўтиши талаб этиларди. Улар Исроилга етиб боргунига қадар бир неча мамлакат ҳудудидан ўтиши керак эди.

Ҳужумларни қайтаришда америкаликлар (CNN телекомпанияси маълумотига кўра, AEGIS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан жиҳозланган эсминец камида учта баллистик ракетани уриб туширган, кўплаб нишонлар ҳарбий самолётлар томонидан йўқ қилинган), Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари, қуруқликдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа қисмлари иштирок этган. Ўнлаб дронларни эса Иордания авиацияси ўз ҳудудида уриб туширган.

Россиянинг Украина бўйлаб ҳар қандай зарбаларидан кенгроқ кўламдаги бундай ҳужум — разведка маълумотлари мавжудлиги, бир неча давлатларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари уюшган ҳолатда ҳаракат қилиши ва қуруқликда ҳам, ҳавода ҳам ҳаводаги нишонларни тўсиб қолувчи воситалар етарлича бўлгани эвазига амалда тўлиқ қайтарилди.

Исроиллик сиёсатчилар ва шарҳловчиларнинг фикри бир жойдан чиқмоқда: Эрон ҳужумини қайтариш жиддий муваффақият бўлди. Халқаро кузатувчилар ҳам уларга қўшилади.

«Эроннинг жавоби стратегик хато бўлди дейиш учун асослар бор», — дея ёзган Economist нашрининг Яқин Шарқ бўйича мухбири Грег Карлстром. Унинг фикрича, сўнгги ойларда Исроил тобора яккаланиб қолаётган, Эрон эса можарога бевосита иштирок этишдан қочиб, минтақада прокси-кучлар билан муваффақиятли ҳаракатланаётган, шу билан бирга араб мамлакатлари билан тинчликни сақлаб қолаётганди. Аммо шанба кунги ҳужум кучлар нисбатини ўзгартириб юборди: энди Эрон заиф ва самарасиз бўлиб кўринмоқда.

Эроннинг ҳужуми Исроилга жиддий талафот етказа олмаган бўлса-да, Теҳрондаги нашрлар ва сиёсатчилар бу ҳужумни душманга қаттиқ жавоб сифатида тақдим этишмоқда.

«Эрон ракеталари тарихда илк бор босиб олинган Фаластин пойтахти Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди узра пайдо бўлди», — дея ёзган IRNA давлат ахборот агентлиги, Қоялар гумбази масжидининг тунги осмонида ракеталар учаётгани видеосини намойиш этган ҳолда.

Исроил якшанба куниёқ нормал ҳаёт тарзига қайтди. Фото: Getty Images

Аммо танқидчилар Ҳамаснинг ўтган йил 7 октябридаги ҳужумидан фарқли ўлароқ, Эрон ўз ҳужуми ҳақида олдиндан максимал даражада огоҳлантирганига эътибор қаратган.

Эрон ҳужумининг муваффақиятсизлигидаги муҳим элемент «бу ҳақда кулгили даражада батафсил огоҳлантиргани» бўлди, деб ҳисоблайди Исроилдаги сўлчилар ва мухолифатчиларнинг +972 журнали асосчиси Дими Рейдер.

«Бу [Эрон] Исроилга зарар етказмасликни истаганидан эмас. Бу шунинг учунки, у кенг кўламли урушдан қочишни истади», — дея ёзган журналист.

«Сиз ютдингиз. Ютуғингизни олинг»

Ғазодаги уруш 2023 йил 7 октябрида, Ҳамас ҳаракати аъзолари Исроилга ҳужум қилиб, 1,2 минг исроилликни ўлдириши ва яна 250 кишини гаровга олиши ортидан бошланганди. Шундан кейин Исроил армияси бошлаган ҳарбий амалиёт давомида Ғазода 33 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Ғазодаги уруш кўлами ва узоқ давом этиши Исроил ҳамда унинг Ғарбдаги иттифоқчилари ўртасида жиддий тушунмовчиликларга олиб келди.

Март ойи охирида америкалик дипломатлар Исроилнинг позициясига зид ўлароқ БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бораисдаги резолюцияга тўсқинлик қилмади. Ўтган ҳафтада эса АҚШ Конгрессининг 50 нафардан ортиқ аъзоси Исроилга қурол етказиб беришни чеклашга чақирди. АҚШ президенти Байден очиқчасига Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ҳаракатларини хато деб атамоқда.

Аммо Эроннинг ҳужуми бу келишмовчиликларни иккинчи планга чиқариб қўйди. Ғарбдаги етакчилар уни сўзсиз қоралай бошлади. Энди Теҳрондан бўлаётган жиддий таҳдидлар шароитида Фаластин тарафдори бўлган сиёсатчиларнинг Исроилга қурол етказиб беришга эмбарго қўйиш тўғрисидаги овозлари эшитилмай кетади.

Украина президенти ҳам бу ҳужумни қоралаб чиқди.

«Биз Украинада Россия томонидан худди шундай „шоҳид“ дронлари ва ракеталар худди шундай ёпирилма ҳаво зарбалари тарзида қўлланишининг даҳшатини жуда яхши биламиз», — дея ёзган Володимир Зеленский.

Эронда ҳукумат тарафдорлари ҳужумни байрам қилишди. Фото: Reuters

«Ўйлайманки, Эроннинг Исроилга ҳужуми Британия қуролларини [Исроилга] етказиб беришни тақиқлаш бўйича мунозараларни вақтинча тўхтатади», — дея ёзган Прагадаги Халқаро алоқалар институтининг катта илмий ходими Азриэл Бермант X саҳифасида.

Агар Ғазодаги уруш Исроил ва араб давлатлари ўртасида олдинги йилларда кузатилган яқинлашув жараёнини тўхтатган бўлса, Эроннинг ҳужуми уларни яна умумий таҳдид қаршисида бирлаштирмоқда. Масалан, Эрон дронлари ва ракеталари Иордания ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан ҳам уриб туширилган, ҳолбуки Ҳошимийлар қироллиги ҳукумати яқин вақтгача Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцидга тенглаштираётганди (Исроил бу айбловни рад этган).

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Теҳрондан можарони кескинлаштиришни бас қилишни талаб этишган. Байден Катта еттилик давлатлари раҳбарларининг видеоалоқа орқали фавқулодда йиғилишини чақирди — унга Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Япония раҳбарлари қўшилди.

Байден улар Эроннинг ҳужумига «биргаликда дипломатик жавоб» қайтаришларини айтди. Дипломатияга урғу қаратилган — бу Исроилнинг ҳарбий жавоб қайтаришини истисно этишга уриниш, чунки Америка мазкур прокси-можаро минтақадаги давлатлар ўртасида ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган очиқ урушга айланиб кетишидан хавотирланмоқда.

Америкадаги Axios нашрининг Оқ уйдаги манбасига кўра, Байден Нетаняҳуни унинг жавоб зарбасини қўлламаслигидан огоҳлантирган: Америка унда иштирок этмайди.

«Сиз ютдингиз. Ютуғингизни олинг», — деган Америка раҳбари исроиллик ҳамкасбига қарата (оригиналида «You got a win. Take the win»).

Исроил қандай жавоб қайтаради?

Аммо Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Эрон билан қарама-қаршилик ҳали якунланмаганини айтган.

Исроил ҳарбий кабинети эҳтимолий жавобни муҳокама қилмоқда. Исроилдаги Ynet сайти манбаси айтишича, дилемма Теҳроннинг ҳаракатларига қандай баҳо бериш кераклигида — ниятига қарабми ёки натижасига.

Ушбу нашр манбаси ҳарбий кабинет Эрон ҳудудига эскалацияга олиб келмайдиган даражада зарба бериш вариантларини ишлаб чиқаётгани ва муҳокамадаги вариантлардан бири атом объектларига ҳужум билан боғлиқ эканини айтган.

Бу вақтда Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал Муҳаммад Баҳирий таҳдид билан чиқиш қилган: агар Исроил жавобан ҳаракат қилгудек бўлса, «бизнинг кейинги амалиётимиз кўлами анча кенгроқ бўлади». У шунингдек агар исроилликлар америкаликлар ёрдамида жавоб қиладиган бўлса, АҚШнинг Яқин Шарқдаги базаларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилган.

Бу вақтда Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича Қоҳирада ўтаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.

Исроил бош вазири офисидагилар Ҳамас вакиллари халқаро воситачилар — АҚШ, Миср ва Қатар томонидан таклиф этилган келишув режасини рад этганини маълум қилган.

Ҳамасдагилар Исроил сулҳнинг иккинчи босқичида Ғазодан қўшинларни олиб чиқиш ҳақида ёзма ваъда беришини талаб қилгани, бу режа Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликлар эвазига 7 октябр куни гаровга олинган исроилликлар ҳам озод этилишини ўз ичига олганини айтишган.

Мавзуга оид