АҚШда миллиардлаб долларлик биткоинларни ўғирлаган россиялик ҳакер қамалди
Россия ва АҚШ фуқаролигига эга Иля Лихтенштейн криптовалюта тарихидаги энг йирик ўғриликлардан бири орқали қўлга киритган даромадини ювиш иши бўйича айбли деб топилди.
Вашингтон суди Россия ва АҚШ фуқаролигига эга Иля Лихтенштейнни беш йил муддатга озодликдан маҳрум этди. У криптовалюта тарихидаги энг йирик ўғриликлардан бири орқали қўлга киритган даромадини ювиш иши бўйича айбли деб топилди.
Суд материалларида келтирилишича, 35 ёшли Лихтенштейн 2016 йилда Binfitex криптобиржасини бузиб кирган. Айблов версияси кўра, Лихтенштейн 199 минг 754 биткоинни ўзининг криптоҳамёнига ўтказиш учун 2 мингдан ортиқ транзакцияни амалга оширган. Мазкур воқеага қадар бунча миқдордаги биткоинлар қиймати 72 миллион долларга баҳоланган, ўғриликдан кейин уларнинг қиймати 65 миллион долларга тушган, 2024 йил 15 ноябр ҳолатига кўра эса 10,5 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Лихтенштейн ўғрилик изини яшириш учун Binfitex’даги маълумотларни ўчириб ташлаган. Шундан сўнг у пул ювишнинг турли усулларидан фойдаланишни бошлаган ва бунга рафиқаси Хизер Морганни ҳам жалб этган.
Терговчилар Иля Лихтенштейн ва Хизер Морганни 2022 йил февралда Ню Йоркда қўлга олган эди, шундан бери улар ҳибсда сақланиб келинаётганди. Орадан бир ярим йил ўтгач, 2023 йил августда Лихтенштейн ва Морган пул ювиш мақсадида тил бириктирганлик бўйича битта айблов бандини тан олди. Суд 18 ноябр куни Морганга ҳукм чиқаради.
Лихтенштейн судда «ўз иқтидорини жиноят йўлида сарфлаганидан» пушаймон эканини билдирди. Маҳкумнинг сўзларига кўра, у озодликка эришганидан кейин ўз тажрибасини кибержиноятчиликка қарши курашга қўллаш умидида.
Қамоқ жазосини тайинлашда Лихтенштейн ҳибсда бўлган 2 йил ва 9 ой муддат ҳам инобатга олинган. Лихтенштейн озодликка чиққач, суд қарорига кўра, уч йил назорат остида бўлади.
Мавзуга оид
13:19 / 16.11.2024
NOS: Россия ҳакерлари Европа сунъий йўлдошларига ҳужум қиляпти
11:36 / 16.11.2024
1 дона Bitcoin 1 кило олтиндан қиммат. Нархлар нега кескин ошди?
20:44 / 11.10.2024
Хитойнинг чангютгич-роботлари тўсатдан ўз эгаларини қувиб, сўкинишни бошлади
15:34 / 10.09.2024