17:23 / 18.04.2023
68342

Сурхондарёдаги мактабда 2 аёл ўқитувчи дўппосланди, муштумзўр қўлга олинган

Мактаб директорининг хонасидаги йиғилишда эркак 2 нафар аёл ўқитувчини уриб, дўппослагани акс этган видео тарқалди. Расмий муносабатга кўра, ҳолат Узун тумани 31-мактабда содир бўлган.

Ижтимоий тармоқларда 18 апрел куни Сурхондарёдаги мактабда 2 нафар аёл ўқитувчи бир эркак ўқитувчи томонидан дўппослангани акс этган видеоёзувлар тарқалди.

Унда бир гуруҳ ходимлар иштирокида мажлис кетаётгани ва суҳбат орасида бош кийим (кўк рангли кепка) кийиб олган бир эркак рўмолли аёлга дафтар ёки китобни улоқтирганини, сўнг ура кетгани акс этган. Шундан кейин гувоҳлар томонидан ажратилган эркак хонадан чиқиб, яна қайтиб кирган ва эшик ёнида турган яна бир аёлга, сўнг яна рўмолдагисига мушт туширган.

Kun.uz ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собированинг айтишича, ўқитувчиларга нисбатан зўравонлик акс этган бу ҳолат Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 31-мактабда содир бўлган.

Бош прокуратура ҳам ҳолатни ўргангани ва гумонланувчи процессуал тартибда ушлангани ҳақида расмий баёнот берди. Унга кўра, ҳолат 2023 йил 14 апрел куни соат 12:00 ларда содир бўлган.  

«Узун туманидаги 31-сонли ўрта таълим мактабининг директор хонасида ўтказилаётган йиғилишда 34 ёшли эркак (ўқитувчи) икки нафар аёл ўқитувчи билан жанжаллашиб, уларга тан жароҳати етказган», дейилади расмий изоҳда.

Ҳолат юзасидан 18 апрел куни Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Top