Жамият | 20:09 / 16.11.2017
76938
2 дақиқада ўқилади

3 опа-сингил ўлими бўйича қайси моддага асосан жиноят иши қўзғатилди?

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили Бобир Деҳқонов Олмазор туманида номаълум сабабларга кўра, бирин-кетин ҳалок бўлган 3 нафар опа-сингиллар ўлими юзасидан расмий маълумот берди. Бу ҳақда ШИИББда ташкил этилган матбуот брифингида иштирок этган KUN.UZ мухбири хабар бермоқда. 

“Олмазор туманида ҳалок бўлган қизлар иши юзасидан Тошкент шаҳар Олмазор тумани Тансиқбоев-3 мавзесида яшаб келган, 2010 йилда туғилган Қосимова Муниса, 2011 йилда туғилган Қосимова Мухлиса ва Қосимова Моҳира 2017 йил 8 ноябрь куни номаълум моддадан заҳарланиш оқибатида вафот этишгани аниқланган. 

Машъум фожиа: Тошкентда бир оиланинг уч қизи бирин-кетин вафот этди

Мазкур ҳолат юзасидан 9 ноябрда ЎзР ЖКнинг 186-моддаси 4-қисми “а” банди билан Олмазор тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, қизлар яшаган хонадондан улар истеъмол қилган дорилар, музлатгичда сақланаётган бошқа маҳсулотлардан намуналар олинган. Шунингдек, дори харид қилинган дорихонадан намуналар олинган бўлиб, айни вақтда суд-тиббий ҳамда суд-кимё экспертизалари ўтказилмоқда. 

Бундан ташқари, уларга таом сотиб олинган ошхонадаги маҳсулотлардан ҳам тегишли намуналар олиниб, улар бўйича ҳам тегишли экспертизалар тайинланган. 

Шу билан бирга, қизчалар шифохонага олиб борилганида уларга тез тиббий ёрдам қанчалик тўғри кўрсатилганини аниқлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига хизмат текшируви ўтказиш тайинланган. Ушбу ишга алоқаси бор бўлгани бошқа тергов ҳаракатлари ҳам олиб борилмоқда”,, - деди Деҳқонов матбуот брифингида.

Бош прокуратура уч опа-сингил ўлими бўйича расмий маълумот берди (видео)

Мавзуга оид